ХДПдан яна бир қонун ташаббуси

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар, партия фаоллари ва соҳа мутахассислари дори воситалари рекламаси, шифокорларнинг касбий масъулияти, дорихоналар фаолияти билан боғлиқ муҳим йўналишларда янги қонун ташаббусини илгари суриш масаласини атрофлича муҳокама қилди.

Аввало, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, тиббий хизматларни халқимизга яқинлаштириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга ошириб келинаётганини қайд этишди. Хусусан, кейинги йилларда эҳтиёжманд аҳолини зарур дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар билан таъминлаш, электрон рецепт тизимини жорий этиш, дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва суиистеъмол қилинишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шунинг билан бирга, дори воситаларининг рекламаси, уларнинг савдоси ва қўлланилиши борасида қонунчилигимизда айрим бўшлиқлар кўзга ташланаётгани, ечимини кутаётган муаммолар кузатилаётгани қайд этилди. Жумладан, дори воситалари рекламаси турли кўринишларда авж олаётгани, баъзи шифокорлар томонидан беморларга асосан қиммат дори воситалари тавсия қилинаётгани, дори воситалари нархлари сунъий ошиб кетаётгани, бундай салбий ҳолатлар барча юртдошларимизга зиён етказаётгани, айниқса, кам даромадли оилалар қийинчиликларга дучор бўлаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида дори воситалари муомаласи ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Партия фракцияси соҳага доир қонунлар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни изчил ўрганиб бормоқда, сайловчилар билан учрашувларда ҳам қатор мурожаатлар тушмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига дори воситаларининг муомаласини тартибга солишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. ЎзХДП фракцияси ишчи гуруҳининг йиғилишида депутатлар ва бир гуруҳ мутахассислар қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган қатор масалалар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Қайд этилишича, амалдаги қонунчилигимизда таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини реализация қилиш тартибини бузганлик, дори воситаларини шифокор рецепти бўлмаган ҳолларда чакана реализация қилиш, тиббиёт амалиётида фойдаланишни тақиқлаш ҳамда дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун етарли даражада жавобгарлик белгиланмаган. Дори воситаларининг рекламасини тартибга солиш бўйича таъсирли чоралар ҳам мавжуд эмас.

Шунингдек, тиббиёт ходимлари томонидан муайян дори воситаларини тайинлаш ва бериш учун фармацевтика ташкилотлари ва дорихоналардан молиявий мукофотлар ёхуд моддий ёки номоддий кўринишдаги ҳар қандай бошқа рағбатлар олиш қонунчилигимизда тақиқланмаган. Бу эса аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўналишидаги ижобий ишлар кўламига салбий таъсир ўтказибгина қолмай, фуқароларнинг ҳақли эътирозларига ҳам сабаб бўлмоқда. ЎзХДП фракцияси ишчи гуруҳи бу борадаги қонунчиликка янги жавобгарликни таклиф этмоқчи.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига дори воситаларининг муомаласини тартибга солишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги ҳамда «Реклама тўғрисида»ги Қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга дори воситаларининг қўлланилиши чоғида ножўя реакциялар аниқланган ҳолатлар тўғрисида хабардор қилиш тартибини бузганлик ва дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилмоқда.

«Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 35-моддаси билан тиббиёт ходимлари томонидан муайян дори воситаларини тайинлаш ва бериш учун фармацевтика ташкилотлари ва дорихоналардан молиявий мукофотлар ёхуд моддий ёки номоддий кўринишдаги ҳар қандай бошқа рағбатларни олишга чек қўйиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, дори воситаларининг рекламасини «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги ҳамда «Реклама тўғрисида»ги Қонунларнинг тегишли моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш орқали чеклаш таклиф қилинмоқда.

Фракция аъзолари мазкур қонунчилик ташаббуси аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишини, дори воситалари инсоннинг дардига шифо бўлиши кераклиги, уларнинг соғликка хавф, ғирром даромад манбаига айланиб қолишига зинҳор йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлашди.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида халқаро ва хорижий тажрибани ҳам атрофлича таҳлилий ўрганиш бўйича таклиф-мулоҳазалар билдирилди.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш