“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” эҳтиёжманд аҳолига имкониятлар ва янгиликлар

 

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши медиа-марказида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” эҳтиёжманд аҳолига имкониятлар ва янгиликлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Навоий вилояти кенгаши маъсуллари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, партия фаоллари, ёшлар иштирок этди.

Йиғилишни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Варисова кириш сўзи билан очиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, хусусан, давлат хизматларини такомиллаштириш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, Ўзбекистон аҳолисини 2030 йилгача ижтимоий-ҳимоя қилиш стратегияси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилаётгани хусусида гапирди.

 

Таъкидланганидек, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳалла) даражасида аҳолининг кам таъминланган қатламларини ҳисобга олиш ва манзилли қўллаб-қувватлашнинг янги миллий модели жорий этилди. Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, хусусан, давлат томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатишни рақамлаштириш имконини берувчи “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими жорий этилди. Маҳалла даражасида аҳолининг алоҳида қатламлари (аёллар, ёшлар, кексалар, ногиронлар) бўйича табақалаштирилган ҳолда энг муҳтож оилаларни холисона баҳолаш ва рўйхатини шакллантириш амалга оширилмоқда.

Йиғилишда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги тизими «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ишлашини тўғри ташкил этиш ижтимоий ҳимоя учун ажратилаётган маблағларнинг манзилли ва мақсадли ишлатилиши устидан депутатлик назорати маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан ўрганишлари якунлари Навоий вилояти мисолида таҳлил қилинди.

Ўрганишларда аниқланишича, хонадонлар тоифаларга ажратилиб, ягона маълумотлар базаси шакллантирилган. Моддий ёрдамга муҳтож, эҳтиёжманд, ногирон фарзандлари бор оилаларга ижтимоий ёрдамлар кўрсатилиб, белгиланган нафақалар тўлаб келинмоқда. Ишсиз ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш учун мономарказларда ўқитилмоқда. Бироқ, ижтимоий нафақалар автоматик тарзда тайинланиши туфайли баъзи камчиликлар ҳам кўзга ташланаётгани аниқланган. Айрим ҳолларда кўчмас мулк ва автомашиналари яқин қариндошлари номида бўлган, ёки ишончнома асосида бошқариб юрган ўзига тўқ оила вакиллари томонидан ҳам тизим орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдамлар тайинланганлик ҳолатлари мавжуд эканлиги, бу эса ўз навбатида бошқа ҳақиқий муҳтож фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги маълум бўлди. Ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар бўйича бепул даволаниш учун бериладиган ордерлар ҳар доим ҳам реестрда рўйхатга олинган эҳтиёжманд фуқароларга етиб бормаяпти. Реестрга олинган аҳолининг ёрдамга муҳтож қисмига уй-жой ажратиш, шунингдек, ёлғиз кексаларни парваришлаш, доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш борасида ҳам камчиликлар бор.

Депутатлар ва соҳа мутахассислари иштирокида муҳокама қилинган бу масалалар ечими юзасидан таклифлар ҳам берилди. Айрим ҳолларда оилаларда рўй бериши мумкин бўлган ўта оғир ижтимоий вазиятларда (оғир касаллик ёки бошқа ҳолатлар) тизимга истисно тариқасида депутат хулосаси ёки маҳаллий кенгашлар қарори асосида аризани ҳисобга олиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш