ҚОҒОЗДАН ҚУРИЛГАН УЙЛАР КИМНИНГ ИХТИРОСИ?

 

Ўзларига анча бақувват бу қурувчиларга ҳеч кимнинг гапи ўтмайдими? Нега? Бу саволга аниқ жавоб керак.

Таҳририят Бош муҳаррири пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани, Қорасув даҳаси, 6-мавзе, Риштон тор кўчасида жойлашган, икки қаватли 110-уйда истиқомат қилаётган 50 нафар фуқаро томонидан имзоланган шикоятни жойида ҳар томонлама пухта ўрганиб чиқиш, журналистик суриштирув ўтказиш учун қўлимга тутқазди. Шикоятда келтирилишича, 110-уй 2015 йилда тадбиркорлар – ака-ука Равшан ва Азиз Зокиров ҳамда Юсуп Қодиров томонидан қурилиш меъёрларига риоя қилинмасдан барпо этилган ва ҳозирги пайтда авария ҳолатида экан. Хонадон аҳолиси бу ҳақда 4 йилдан буён Мирзо Улуғбек тумани, Тошкент шаҳар ҳокимлигидан тортиб, Президент ҳузуридаги халқ қабулхонасига қадар мурожаат қилиб келмоқда, лекин натижа ваъдалардан нарига ўтмаяпти.

Мирзо Улуғбек тумани, Қорасув даҳаси, 6-мавзе, Риштон тор кўчасида жойлашган, икки қаватли 110-уйни топиш осон бўлмади. Мазкур уй жойлашган Авайхон маҳалла фуқаролар йиғини идораси берк бўлгани учун сўраб-суриштириб, манзилни топдик. Айтилган икки қаватли уй давозасидан кирдим. Худди ўша, шикоятда тасвирланган уй, биринчи қаватдаги ҳар бир хонадон тепасидан ташқари томонга чиқарилган елим қувурлардан тутун бурқисиб, эни 5-6 метр келадиган ҳовлини ис гази ҳиди тутиб кетган.

Иккинчи қават биноси деворлари гипсокартондан экани шундоққина кўриниб турибди, биринчи қаватга нисбатан бир метрлар чамаси ташқарига чиқарилган. Таваккалига бир нечта хонадон эшигини тақиллатдим. Бир аёл чиқиб, бу бошқа уй эканини, 110-уй сал нарида жойлашган бозорчанинг орқасида эканини айтиб, йўл кўрсатиб юборди. Кетаётиб, ўтган асрнинг ўрталарида, болалигимда колхоз идораси боғига ўрнатилган фин уйлари кўз олдимга келди. Лекин гипсокартон уйнинг олдида унинг обрўйи баландроқ – тахтадан қурилган эди. Пойтахтнинг деярли марказида халқ тилида "Шанхай" деб аталадиган шундай уйлар борлигини билмас эканман, ҳайратга тушдим.

Бозорни айланиб, орқа томонида узунлиги чамаси юз метрлар чиқадиган берк кўчани, унинг охирида 110-уй деб ёзилган дарвозани кўрдим. Айнан юқорида таърифи келтирилган уйга ўхшаш икки қаватли бино, ҳовлига қаратилган пластмасса қувурлардан тутун буриқсияпти. Таваккал қилиб зинапоядан иккинчи қаватга чиқиб, хонани тақиллатдим. Эшик очилиб, чамаси 40-45 ёшлардаги ногирон киши кўринди.

– Икки оёғим йўқ, – деди 1-гуруҳ ногирони Бекберган Жумабоев ўзини таништириб. – Бу хонадон бизга 3 йил аввал Президентимиз томонидан беғараз берилди, минг раҳмат. Шикоятларимиз йўқ.

– Иккинчи қаватдан пастга қандай тушиб чиқасиз? – деб сўрайман.

– Ҳа энди, – ерга қарайди Бекберган. – Шунисига ҳам шукур...

Бошқа хонадоннинг эшигини қоқаман.

– Икки йил олдин мана шу 3 хонали хонадонни бошқа уйларга нисбатан арзон бўлгани учун сотиб олганмиз, – дейди Надежда Колесникова. – Уй гипсокартондан эканини кўриб-билиб олганмиз, шунинг учун арзон бўлган-да!

Таҳририятга шикоят қилганлардан бири – Гулчеҳра Назармуҳамедованинг фиғонидан дуд ўрлайди:

– Юнусобод туманида авария ҳолатидаги уйда 1-гуруҳ ногирони бўлган онам, укам билан яшардик. Уй 1932 йил қурилган, коммуникация тизими ишдан чиққан, сув йўқ, таъмирлашнинг иложи бўлмаганидан уни бузишадиган бўлишди. Бу жойни бузиб, қайтадан кўп қаватли уй қуришга жалб этилган инвестор бизга 18 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ берди. Сотиладиган уйларнинг нархи берилган пулга тўғри келмагани учун, охири излаб-излаб мана шу 110-уйнинг 2-қаватидан уч хонали 5 в хонадонни сотиб олдик. Уй эмас, бошимизга бало сотиб олган эканмиз. Буни орадан 3-4 ой ўтганидан кейин билиб қолдик.

Гап шундаки, онам етим ўсган. Атоқли давлат арбоби, Шароф ­Рашидовнинг рафиқаси Хурсандой ая фарзандлари тарбиясидан ташқари, болалар уйидан яна 7 нафар ўғил-қизни фарзанд сифатида кўриб, уларнинг ҳолидан доимо хабар олиб турган. Ана шулардан бири менинг онам бўлган. Онам ўқитувчи бўлиб ишлаган, касаллиги туфайли юролмайди. Каравотининг тепасига сурат осиб қўйишни сўради. Мих қоқаман десам, салгина урганимга шу жой ўпирилиб кетди. Яхшилаб разм солиб қарасам, уй бошдан-оёқ қоғоздан қурилган экан. Шўримиз қуриб, пулимизга куйиб қолганимизни ўшанда билдим. Ёзмаган, бормаган жойимиз қолмади, ҳеч натижа бўлмаяпти. Ўтган йили бир инвестор келиб, шу уйнинг ўрнида етти қаватли уй қуриш ва хонадонларда яшайдиган фуқароларни янги уйга кўчириш ниятини билдирди. Лекин у ҳам шу кетганича дараги йўқ.

Бу ҳақда Республика бош прокуратурасига ёзган шикоятим 2019 йил 24 июлда Тошкент шаҳар прокуратурасига, ундан Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туман прокуратурасига жўнатилган. Президент халқ қабулхонаси ва веб сайтига 2019 йил 7 июнда ва 8 ноябрда қилган мурожаатимга Мирзо Улуғбек туман ҳокими Ш.Иргашев имзоси билан жавоб хати олдим. Унда бу масала юзасидан суд органларига даъво ариза киритиш тавсия этилган.

Икки қаватли 110-уйга Мирзо Улуғбек туман ҳокимининг 2015 йил 18 июндаги 349-сонли қарорига асосан эгалик қилиш ҳуқуқи берилган. Хўш, нега унда ўша пайтда мавжуд камчиликларга эътибор қаратилмаган? Ёки бу ерда ҳам Юнусобод туманида рўй берган фожиа такрорланишини кутиб, томошабин бўлиб ўтиришибдими? Тўғриси, ёзган шикоятларимга берилган жавоб хатларини ўқиб, ҳафсалам пир бўлди, ҳеч кимга ишончим қолмади...

– Мен 2-гуруҳ ногирониман, – дейди 1-қаватда яшайдиган Меҳрибон ­Мамадиёрова. – 7 йил олдин уйимиз ёниб кетиб, сарсон-саргардон бўлиб юрган эдик. Бир йил олдин Президентимиз томонидан мана шу хонадон бепул берилди, минг раҳмат. Лекин уй хом ғиштдан тикланган, айтишларича, пойдевори ҳам йўқ экан. Ўтган йили ҳайитда канализация қудуғи тепада, уйимиз ҳовли сатҳидан паст бўлгани учун ёғингарчилик пайтида хонадонимизни сув босиб кетди. Қўшнилар омон бўлсин, сувни челаклаб канализацияга сепиб туришди. Акс ҳолда, хом ғиштдан терилган уй қулаб, иккинчи қават ҳам босиб тушарди.

– Эшитишимча, бу уйнинг ўрни илгари пахсадан қурилган молхона бўлган экан, – дейди 2-қаватда яшайдиган Умар Тошкенбоев. – Хонадонни 2016 йилда сотиб олганман. Орадан 2 ой ўтиб, ваннамиз пастга осилиб қолди. Кейин ҳожатхона унитази шундай бўлди. Пастки қаватдаги қўшниларнинг уйини сув босди. Ваннанинг ўрнини очиб қарасак, 1-қаватнинг устига ёғоч тўсин қўйилиб, гипсокартондан потолок қоқилган, 2-қаватга эса тахта пол қоқилган экан. Шунча йил яшаб, бунақа муваққат уйни кўрмаган эдим. Худо кўрсатмасин, яхшироқ ёғингарчилик бўлса, 1-қаватда яшайдиганларни уй босиб қолади. Қишда 3-4 даража совуқ бўлса, уй исимайди, ёзда 30 даража иссиқ бўлса, иккинчи қаватнинг томида ҳимоя қатлами бўлмагани учун хоналарда ўтиришнинг иложи бўлмай қолади.

– Менинг уйимдан баҳорда ўт ўсиб чиқди, – дейди 11-хонадонда истиқомат қиладиган Гулчеҳра Сафарова. – Деразамиз қўшнининг ҳовлисига қараган. Унинг деворигача оралиқ масофа бир метр чиқади. Устига-устак, дераза тагига ўрнатилган қозонхона кечаю-кундуз ёниб туради. Боримиз бор, йўғимиз бор, бирор кор-ҳол бўлмасин, деб доим хавотирдаман.

– Мен 1-қаватда яшайман, – дейди Жамол Убайдуллаев. – Ҳовлига кираверишда ўнг томондаги ҳовли кафега айлантирилган. Кун ботиши билан шундоқ ҳам тор кўча машинага тўлиб кетади. Ярим кечагача музика тинмайди, бизга ўхшаган қариялар шовқин-сурондан безор бўлишган..

Тақдим этилган ҳужжатлар орасида Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда шу ишга дахлдор 9 та ташкилот вакиллари томонидан 2019 йил 19 июнда 110-уйда яшовчи фуқаролар мурожаати асосида вазиятни ўрганиш асносида тузилган далолатнома эътиборимни тортди. Шу асосда Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаевга бошқарма бошлиғи Р.Муҳитдинов имзоси билан 2019 йил 21 июнда 1191-сонли хат чиқарилган. Унда ва далолатномада қуйидагилар келтирилган:

“Қурилган турур жой биноси қўшни ҳудудларда мавжуд бўлган турар ва нотурар жой биноларигача оралиқ масофалари амалдаги меъёрларга зид.

Қурилиш ишларини бошлашдан олдин қўшни ҳудудларда жойлашган объект ва турар жой биноларининг эгаларидан эътироз билдирмаслик тўғрисида ёзма кўрсатма олинмаган.

Хонадонларга ўрнатилган икки конторли иситиш қозонларининг дудбуронлари меъёрий ҳужжатларга зид равишда ўрнатилган, яъни, елим қувурлардан фойдаланилган бўлиб, айримлари хонадонлар жойлашган умумий йўлакларга чиқарилган.

Газ ускуналари ўрнатилган хоналарнинг дастлабки конструкциясига ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритилган.

53 та иситиш ускуналарига мўрикон ўрнига пластик қувурлар ўрнатилганлиги сабабли эксплуатация қилиш мумкин эмас.

Ногиронлар аравалари учун яшаш шароитлари ва кириш йўлаклари қилинмаган.

Юқори қаватда жойлашган хонадонларнинг том қисми иссиқликдан сақловчи изоляцияси қилинмаган.

Қурилган иморатлар бир-бирига яқинлиги сабабли, яшаш хоналари қоронғу, ҳаво ҳарорати, табиий шамоллатиш тизими ташкил этилмаган.

Қўшни хонадонлар билан тўсилган деворлар асосан гипсокартон ва шлако­блок материалидан қурилган бўлиб, шовқиндан сақлаш изоляцияси қилинмаган.

Уйлар атрофида болалар ўйингоҳи, жисмоний тарбия ва хўжалик эҳтиёжи майдонлари ташкил этилмаган.

Турар жойларнинг ички майдонлари ва кириш йўлакларида ёмғир ҳамда табиий сувларнинг чиқиб кетиши учун инженер-коммуникация тизими ташкил этилмаган.

110-уй 2015 йилда Юсуп Қодиров томонидан қуриб битказилган ва Мирзо Улуғбек тумани ҳокимининг 2015 йилнинг 18 июндаги 349-сонли қарорига асосан эгалик қилиш ҳуқуқи эътироф этилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида 110-уйда истиқомат қилувчи фуқароларни бошқа жойга кўчириш масаласини қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан тегишли мутасадди ташкилотларга ва Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигига кўрсатма беришда амалий ёрдам беришингизни сўрайман”...

Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хулосаси холис ёзилган ва кишини қаттиқ ташвишга солади.

2019 йилнинг 22 августида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар, Юнусобод туман суди судьяси Зафар Турсунов томонидан жабрланувчилар Г.Назармуҳамедова ва Д.Акрамов иштирокида мазкур уй жой қурилиши билан шуғулланган тадбиркор Азиз Зокиров, Акбархўжа Қўчқоров, Ҳасан Йўлдошевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилган.

“Quyun” МЧЖ директори Азиз Зокиров Юнусобод тумани, Хушнаво кўчаси, 6-уй манзилида жойлашган ўзига тегишли ҳудудда ўрта қаватли турар жой биноларини қуриш ишларини олиб борган ва уй жойга эҳтиёжманд аҳолига сотган. Шунингдек, тадбиркор томонидан шаҳарнинг Мирзо Улуғбек туманида ҳам бир қанча ўрта қаватли уйлар қурилган. У ўзи қурган хонадонларга газ иситиш мосламалари ўрнатиш учун “Kilovatt plyus” МЧЖ раҳбари ­Акбар Қўчқоров билан 2017 йил 18 сентябрда шартнома тузади. Унга кўра, А.Қўчқоров “Quyun” МЧЖга Германияда ишлаб чиқарилган ва илгари фойдаланишда бўлган, Голландиядан эҳтиёт қисмлари шаклида Ўзбекистонга олиб келиниб, қайта йиғилган 35 дона дудбурони йўқ “Vaillant” русумли газ иситиш мосламасини етказиб беради. Ана шу газ қозонлари “Quyun” МЧЖ томонидан қурилган уйларга ўрнатилади ва мижозларга газ ёнишидан ҳосил бўлган ис гази чиқиб кетиши учун пластик материалдан ишланган дудбурон ўрнатиш тавсия этилади. Дудбуронларни ўрнатишда иштирок этган ва қабул қилиб олган А.Қўчқоров уларнинг сифатли ишлаши учун бир йил кафолат беради.  

Юнусобод туман газ таъминоти билан тузилган шартномага биноан туманда газ иситиш мосламаларининг ишлаш жараёнини профилактик кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланадиган “Uchqun ta’mir servis” МЧЖ раҳбари Ҳасан Йўлдошев 2018 йил 23 февралда мазкур 6-коттежда ўрнатилган “Vaillant” русумли газ истиш қозонига ўрнатилган пластик дудбуроннинг ишга яроқлилигини текшириб кўради ва “Текширилган кунида қониқарли, фойдаланишга яроқли” деб далолатнома тузади. Ана шу хулоса бўйича коттежга табиий газ уланади. Кейинчалик унинг айтишича, пластик дудбурон ўзбошимчалик билан бошқа томонга кўчирилган.

Газ иситиш мосламасидан фойдаланиш ва ўрнатиш қўлланмасининг 1.4-бандида унга ўрнатилган дудбурон цельсий бўйича 120 даража ва ундан юқори иссиқлик ҳароратига дош берувчи материалдан тайёрланган бўлиши кўрсатилган. Ана шу қўлланмага риоя қилмаслик оқибатида 2018 йилнинг 31 октябридан 1 ноябрига ўтар кечаси фожеа рўй беради – Юнусобод тумани, Хушнаво кўчаси, 6-уй манзилида жойлашган коттежни таъмирлаш учун мардикор бозоридан ёллаб келинган Р.Мамажонов, Р.Каримов ва А.Ёқубжонов ис газидан заҳарланиб вафот этади.

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг 2018 йил 7 ноябрдаги хулосасига кўра, иситиш қозонига дудбурон сифатида ўрнатилган пластик қувур давлат андозаси талабларига жавоб бермаслиги оқибатида ундан чиққан ис гази хонага тарқалиб, ухлаб ётган уч нафар фуқаронинг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлган.

А.Зокиров устидан Мирзо Улуғбек тумани, Риштон тор кўчаси 110-уйда яшовчи 30 нафар фуқаро, шунингдек, уйнинг ён атрофида қурилган яна 8 та уйда яшаётган бир қанча фуқаролардан тушган шикоятлар кўриб чиқилган. Натижада Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда шу ишга дахлдор 9 та ташкилот вакиллари томонидан тузилган, юқорида келтирилган далолатномадаги камчиликлар тўлиқ ўз тасдиғини топган. Суд ушбу турар жойларни сотиб олган 46 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ҳамда давлат ва жамият манфаатларига жиддий зиён етказилган, деган хулоса чиқарган.

Энг ҳайрон қоларлиси, гарчанд суд “Vaillant” русумли газ истиш қозонига ўрнатилган пластик дудбуроннинг давлат андозаси талабларига жавоб бермаслиги оқибатида ундан чиққан ис газидан уч нафар фуқаронинг бевақт ажал топиб, вафот этганини, жабрланувчи сифатида иштирок этган 46 нафар фуқаронинг шикоятларини эътироф этса-да, судланувчилар – А.Зокировга бир йил муддатга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва уч йил муддатга озодликни чеклаш, ­А.Қўчқоровга бир йил муддатга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва икки йил муддатга озодликни чеклаш, Ҳ.Йўлдошевга энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида жаримага тортиш жазосини тайинлаш ҳақида ҳукм чиқарган...

Жабрланувчилар суднинг бу ҳукмидан норози бўлиб, 2019 йил 18 сентябрда Президентнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилишади. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан 2019 йил 26 сентябрда берилган жавоб хатида қуйидагилар билдирилган (қисман ва айнан келтирилаяпти):

“Аниқланишича, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар, Юнусобод туман судининг 2019 йил 22 августдаги ҳукмига кўра, А.Закиров...  1 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 3 йил озодликни чеклаш жазосига судланган.

...Жиноят иши апелляция ёки кассация инстанциясида кўрилмаган. ...Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 498-моддасига мувофиқ, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми ёки ажрими устидан, агар иш апелляция тартибида кўрилган бўлмаса, маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, жабрланувчи, унинг вакили кассация тартибида шикоят беришга ҳақлидир”...

– 2019 йилнинг 13 декабрида “Ўзбекистон – 24” телеканали орқали Халқаро пресс клуб томонидан  Бош прокуратура, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, 5 та сиёсий партия вакиллари ҳамда журналистлар иштирокида “Сайлов – 2019” жараёнига бағишланган очиқ мулоқот намойиш этилди, – дейди Гулчеҳра Назармуҳамедова. – Мен уларга Мирзо Улуғбек тумани, Риштон тор кўчасида жойлашган, авария ҳолатида бўлган 110-уйда яшовчи фуқаролар номидан мурожаат қилдим. Саволим очиқ мулоқот иштирокчиларига ўқиб эшиттирилди.

Кўрсатувни олиб бораётган журналист 5 та партия вакилларига: “Қайси партия ўз газетасида оғир аҳволда бўлган ушбу уйда яшаётган фуқароларнинг муаммоларини ёритади?” – деб сўради. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини доимий равишда ҳимоя қилиб келаётган ЎзХДПдан бошқа ҳеч қайси партия бу саволга муносабат билдирмади. Шунинг учун “Ўзбекистон овози” газетасига мурожаат қилдим. Шояд ЎзХДПдан янги сайланган депутатлар бизга ёрдам берса, ҳақиқий аҳволни жойида ўрганиб, масаланинг ечими топилса, деган умиддаман... 

Гулчеҳра Назармуҳамедова мени бинонинг олд томонига бошлади. Унинг олдидаги тўсиқлар билан ўраб олинган бўм-бўш майдон адоғида 110-уйнинг ҳар иккала қавати юзаси томга қоқиладиган қизил тунука билан қопланган экан. Аслида тадбиркор  110-уйни қуришни якка тартибда уй қуриш лойиҳаси асосида бошлаган. Кейин нафси ҳакалак отиб, уни арзон ва бино деворларини тиклашда қўлланилмайдиган гипсокартон билан иккинчи қаватини кўтарган. Қурилиш жараёни ва унда қандай материаллардан  фойдаланилаётганини ҳокимият назорат қилмаган. Уйларда ёнғин хавфсизлиги меъёрларига умуман риоя этилмаган. 2-қаватда девор ўрнига гипсокартондан фойдаланилган. Арзон нархда бўлгани учун фуқаролар бу уйга кўчиб ўтгандан сўнг яшашга яроқсиз эканлигини англашган.

– Мана бу ерга турли ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида шов-шув бўлган Муҳаммадбобур Хўжаев томонидан турар-жой биноси қурилаётган эди, – дейди Гулчеҳра Назармуҳамедова бўш майдонни кўрсатиб. – Сохта тадбиркор томонидан шаҳарнинг фақатгина Мирзо Улуғбек туманида 700 дан ортиқ якка тартибда қурилган уй кўп қаватли турар жой сифатида аҳолига сотилган. Қурилиш меъёрлари қўпол тарзда бузилганидан ташқари, сифатсиз қурилиш маҳсулотларидан фойдаланилган. Аҳолини эса бу турар жойларнинг арзонлиги жалб қилган. Фуқаролардан жуда кўп шикоятлар тушганидан кейин Авайхон маҳалласида тадбиркор томонидан қурилаётган кўп қаватли уй Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев назоратида бузиб ташланди ва бу жуда тўғри иш бўлган деб ҳисоблайман.

Шаҳар ҳокими бизнинг 110-уйга ҳам эътибор қаратишини, бу ерда ҳар куни жон ҳовучлаб яшаётган аҳолининг муаммосига ечим топишда кўмаклашишини сўраб мурожаат қилганмиз. Ҳоким келиб биз яшаётган жойни кўрса, албатта бир қарорга келишига ишонамиз. Ана шундай ёруғ кунлар умиди билан яшаяпмиз.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

"Ўзбекистон овози" мухбири.

Теглар

Жамоатчилик қабулхонаси
← Рўйхатга қайтиш