Коррупцияга қарши курашиш асосий вазифа

 

Жаҳонда глобализация жараёнларининг тобора ривожланиши сабабли давлат ва нодавлат секторида коррупциянинг замонавий ва яширин кўринишлари юзага келмоқда.

Кун тартибидаги масалани нақадар ўткир муаммолардан бири эканлиги бўйича эътиборингизни қўйидаги рақамларга қаратмоқчиман. Маълумотларга кўра, ҳозирда коррупциянинг дунё миқёсидаги зарари йилига 3 триллион АҚШ долларига яқин миқдорни ташкил этмоқда экан. Мазкур иллат глобал ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоиздан ортиғини ташкил этса, ҳар йили глобал миқёсда коррупция туфайли давлат харидлари фондларининг 25 фоизгача қисми йўқотилади. Ўзбекистонда 2020–2023 йиллар давомида аниқланган коррупция ҳолатлари юзасидан 101 та жиноят иши, 196 та маъмурий иш қўзғатилган.

Мамлакатимизда сўнгги йиллардаги коррупцияга қарши курашишни тартибга солишга қаратилган ҳуқуқий асослар сифатида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги, шунингдек, “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари”ни алоҳида қайд этиш ўринлидир.

2022 йилда коррупциянинг олдини олишга қаратилган муҳим превентив механизмлар яратилганлиги, давлат бошқарувида бюрократияни камайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш, рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг муҳим элементлари бўлиб хизмат қилди.

Кўрилган амалий чора-тадбирлар ва тизимли ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз 2021 йилда Transparency International халқаро ташкилотининг “Corruption Persepsion Index” (Коррупцияни Идрок етиш Индекси)да 180 та мамлакат орасида 28 балл билан 140 ўринни қайд этган бўлса, 2022 йилда 136-ўринга кўтарилди. Шунингдек, Ўзбекистон Коррупцияга муросасиз муносабат бўйича халқаро индексда 32 поғонага кўтарилди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро мукофот билан тақдирлаш маросимининг пойтахтимизда бўлиб ўтганида ҳам рамзий маъно бор. Ушбу мукофот Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ҳомийлигида қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши кураш маркази томонидан БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилади ва топширилади. Мазкур халқаро мукофот 5 та йўналишда топширилади ва шу кунга қадар ушбу маросим тўрт қитъадаги 6 та мамлакатда ўтказилган бўлиб, Тошкент шаҳрида ўтказилган тақдирлаш маросими Ўзбекистонни еттинчи мамлакат сифатида тарихга муҳрлади.

Яна бир жиҳат, пойтахтимизда халқаро ҳамжамиятнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини ифодаловчи монумент очилдики, кафти очиқ қўл кўринишида ушбу композиция ҳалоллик, коррупцияга нисбатан тоқатсизликни, бутун дунёни унга қарши курашишда бирлашишга даъватни англатади.

Маросимда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлаб, коррупцияга қарши курашиш бўйича сўнги йилларда амалга оширилган энг муҳим масалаларга тўхталди. Шунингдек, жаҳон ҳамжамиятига Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида катта режа ва вазифаларни ўз олдига қўйганини баён қилдики, бу келгусида коррупцияга қарши курашишда ҳаммамиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашишда ўз мақсадларига эга. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тўғрисида”ги Президент фармонида ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида мақсад белгиланган.

Хусусан, 89-мақсад коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш сифатида белгиланди. Ушбу мақсадни амалга ошириш бўйича 2030 йилгача эришиладиган мақсадларнинг самарадорлик кўрсаткичлари ҳам қайд этилди. Жумладан, “Transparency International” халқаро ташкилоти томонидан эълон қилинадиган Коррупцияни қабул қилиш индексида камида 50 поғонага кўтарилишга, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатларини 2 баробарга камайтиришга эришиш, шунингдек, 100 фоиз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг “коррупциядан холи қонунчилик” тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш масалалари илгари сурилган.

Умуман олганда, коррупция ахлоқсизликка олиб келади, давлат органлари фаолиятига путур етказади, молиявий тушкунликни келтириб чиқаради, аҳолининг давлат ҳокимияти бошқарув органларига бўлган ишончини йўқотади, тараққиётни секинлаштиради. Шунинг учун ҳам ушбу иллатга қарши курашиш барчамизнинг асосий вазифамизга айланиши лозим.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси ўринбосари, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш