Кредитлар бўйича қарздорликни сўндириш тартиби ўзгартирилмоқда

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора‑тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун лойиҳасини алоҳида эътибор билан муҳокама қилдилар.

Лойиҳа партия электорати манфаатлари билан боғлиқ бўлиб, Солиқ кодексининг 482 ва 483-моддаларига қўшимчалар киритишни назарда тутувчи 4 та моддадан иборат.

Қонун билан “Ҳамкорлик шартномалари асосида “20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” Дастурига киритилган тадбиркорлик субъектларига улар яратган янги иш ўринларига қараб, солиқ имтиёз ва преференциялар тақдим этиш кўзда тутилмоқда. Хусусан, айланмадан олинадиган солиқларни яратилган янги иш ўринлари сонига қараб бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти тақдим этилмоқда.

2025 йил 1 январгача “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” Дастурига киритилган тадбиркорлик субъектлари юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини пасайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлаши белгиланмоқда.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилар эканлар, солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси нормалари тўғридан-тўғри ишлаши, аҳоли бандлиги ўсишига хизмат қилишини эътироф этдилар. Янги нормаларнинг амалиётга жорий этилиши республикада камбағалликни қисқартириш йўлида қилинаётган ишларни рағбатлаштиришга хизмат қилади. Депутатлар айрим масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашгач, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Кейинги йилларда мамлакат банк тизимини ислоҳ қилиш мақсадида молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, молиявий хизматлар сифатини янада яхшилаш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Жойларда банк хизматлари кўрсатилиши бўйича юзага келаётган тизимли камчиликларни бартараф этишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунга қарамай, соҳани янада такомиллаштириш, юзага келаётган айрим камчиликларни батрараф этиш учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш зарурати мавжуд.

Ҳозирги кунда кредит ташкилотларидан кредит олган аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари айрим объектив сабабларга кўра кредит тўловларини кечиктирган ёки қисман тўлаган ҳолларда, қарздорликни сўндириш аввал жарималар, пенялар ва кредит фоизларини сўндиришга қаратилмоқда. Бу ҳолат ҳақли эътирозларга сабаб бўлиб келмоқда. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида эса қарз олувчининг тўловини ундириш аввал асосий қарз бўйича муддати ўтган қарздорлик ва муддати ўтган фоиз тўловларига қаратилиши кўзда тутилмоқда.

Ушбу Қонун кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш орқали қарз олувчилар учун қулай молиявий имкониятлар яратиш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилар эканлар, унинг қабул қилиниши аҳоли ва тадбиркорлар учун қатор қулайликлар яратишини, аҳоли камбағалликка тушиб қолишининг олдини олишга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканини эътироф этдилар. Айрим масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашиниб, қонун лойиҳаси маъқулланди.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш