Хотин-қизлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида

 

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, илғор ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Эътиборлиси, мазкур жараёнда Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаол иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят кенгаши,  Наманган шаҳар “Оила” илмий - амалий маркази, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида  “Заркент” маҳалла фуқаролар йиғинида “Хотин-қизлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида” мавзусида давра суҳбати  ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят ва шаҳар  Кенгашлари  масъул ходимлари,  халқ депутатлари шаҳар  Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот Маркази, МФЙларининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислари,  имом хатиблар, отинойилар, маҳалла фуқаролари иштирок этдилар.

Давра суҳбатини Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Илхомжон Камалов очиб берди ва олиб борди. 

Сўзга чиққанлар хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш ҳамда  ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш масалалари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Ўзаро мулоқот жараёнида айрим ҳолларда хотин-қизлар турли шафқатсизликларга ҳам дуч келаётгани, яқин йилларгача бундай ҳолларда уларнинг ҳуқуқлари умумий ҳуқуқий мезонларга мувофиқ ҳимоя қилиб келинганлиги таъкидланди. Ўтган йили хотин-қизларни ҳимоялаш механизмини кучайтириш мақсадида янги “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганлиги уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлгани алоҳида қайд этилди. Иштирокчиларга ушбу қонун хусусида батафсил маълумот  берилди.

Таъкидландики, қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, тазйиқлар ва зўравонликдан жабрланганларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш ҳам қонуннинг муҳим мақсадларидан биридир.

Тадбир давомида  хотин-қизларга нисбатан тазйиқларни олдини олиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқи бўйича тушунчалар, оилаларни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар берилди.

Шундан сўнг иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича ўзаро фикр алмашишди.

Тадбир якунида «Зарафшон», «Заркент», «Меҳрибонлик» МФЙларида истиқомат қилувчи Эгамбердиева Сожидахон «Энг ибратли оила бекаси», Нурматова Замирахон «Энг меҳрибон қайнона», Мухаббатхон Қаюмова «Энг намунали қайнона» номинациялари ва тадбир ташкилотчиларининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Мўътабар Қозиева,

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши сектори мудири.

 

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш