ХДП фракцияси Омбудсман ахборотини юзаки муҳокама этишга қарши чиқди

 

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда палатанинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилиши режалаштирилаётган масалалар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман)нинг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиш масаласи муҳокама этилди.

 

Омбудсман ахбороти Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида атрофлича ва таҳлилий-танқидий нуқтаи назардан кўриб чиқилган, депутатлар томонидан амалий ишлар эътироф этилган ҳолда, камчиликлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилган эди.

Парламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига ўтган йили келиб тушган мурожаатларнинг 943 таси – суд ҳукмидан (845 та шикоят) ҳамда тергов тадбирларининг боришидан (98 та шикоят) норозилик шикояти, 371 та мурожаат – ҳукмни енгиллаштириш (287), тиббий ёрдам кўрсатиш (17), жазони ижро этиш бўйича бошқа муассасага ўтказиш (23) ҳақида бўлган.

Давлат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жиноятда гумон қилинувчилар ва маҳкумларга нисбатан ноқонуний таъсир чоралари кўрилганлиги тўғрисидаги шикоятлар Омбудсманнинг алоҳида назоратига олинган. 2019 йил давомида Омбудсман бу борада 138 та шикоят қайд этилган.

Фракция аъзолари шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни амалга ошириш масаласига оид мурожаатларнинг ҳал этилиш фоизи турли саволларни юзага келтириши мумкинлигини таъкидлашган. Ахборотга кўра, 2019 йилда бу муҳим масала бўйича Омбудсман манзилига 4895 та мурожаат келиб тушган (мурожаатларнинг 38,8%). Шундан 4175 таси шикоят, 709 таси ариза ва 11 таси таклиф бўлган. Парламент назорати субъекти сифатида Омбудсман томонидан 924 та (36,1%) шикоят назоратга олиниб кўриб чиқилган ва уларнинг 286 таси (31,0%) ижобий ечимини топган.

2019 йилда Омбудсманга ижтимоий ҳуқуқ ҳамда эркинликларни таъминлаш билан боғлиқ 3989 та мурожаат тушган. Парламент назорати субъекти сифатида Омбудсман томонидан 788 та (30,8%) шикоят назорат тартибида кўриб чиқилиб, улардан 373 таси (47,3%) ижобий ҳал этилган.

Фракция аъзолари Омбудсман институтининг бугунги ислоҳотлар даврида янада долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлаган. Шу билан бирга, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиб чиқиш ва узил-кесил ҳал қилиш бўйича амалий ишларни кўпайтириш лозимлигига эътибор қаратишган. Хусусан, айрим йўналишлардаги мурожаатларга ечим топиш кўрсаткичи фоизларга ҳисобланганда ҳам натижалар қониқарли эмаслиги қайд этилган эди.

Юқоридаги омилларни ҳисобга олиб, Халқ демократик партияси фракцияси Омбудсман ахборотини парламент Қонунчилик палатаси ялпи муҳокамасига қўйишдан олдин уни чуқур таҳлил қилиш керак, деган хулосага келган.

Қуйи палата кенгаши йиғилишида Халқ демократик партияси фракцияси Омбудсманнинг фаолияти ҳақидаги ахбороти кечикиб киритилгани, уни ҳар томонлама кенг муҳокама этиш учун вақт кераклигини инобатга олиб, Қонунчилик палатаси ялпи мажлиси кун тартибидан чиқариш таклифини берди.

Маълумки, инсон ҳуқуқлари ҳимояси масаласи демократик ислоҳотлар қатъийлиги ва бардавомлигини белгиловчи муҳим мезонлардан бири ҳисобланади. Сайловчилар жойларда бу борада бир қатор масалалар билан мурожаат қилмоқда. Бу эса Омбудсман ахбороти долзарблиги ва уни атрофлича кўриб чиқиш зарурлигини тақозо этади.

Шуларни ҳисобга олиб, Омбудсман фаолияти тўғрисидаги ҳисобот муҳокамасини кейинги ялпи мажлисга қолдириш ҳақидаги Халқ демократик партияси фракцияси таклифи палата кенгашида маъқулланди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш