Йил якунидаги ялпи мажлис

 

Биз йил давомида парламентимиз Қуйи палатасининг қаттиқ меҳнат қилганига, ўз маъсулиятига жиддий ёндашаётганига кўп бора амин бўлдик. Албатта, ҳеч бир жараён сокин, бир маромда кечмайди. Йил давомида депутатларнинг сайловчилар олдида маъсулиятни ҳис этаётганига, узоқни яқин, оғирни енгиллатиш учун ҳаракат, интилаётганига ишонч ҳосил қилдик.

26 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

 

Фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида инсон омилини камайтириш, кекса ёшдаги шахсларга давлат хизмати кўрсатилиши сифатини янада оширишга қаратилган қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилди.

Лойиҳада “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга фуқароларга Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали пенсия тайинлаш учун мурожаат қилиш ҳуқуқини яратиш, пенсияларнинг энг кам миқдорини белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлмаслигига доир ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг электрон давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, электрон ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали пенсия тайинланган кекса ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга ўзларининг жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб-варақларида йиғилган маблағларини олишларига қулайликлар яратишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси қабул қилинди.

“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Мазкур қонунда фуқароларнинг эҳтиётсизлиги ёки ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги туфайли уй-жой фондида одамлар соғлиғига зарар етиши ёхуд ўзганинг мол-мулки шикастланиши ёки унинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бўлмаган тарзда ёнғин содир бўлганда бундай шахсларни жавобгарликдан озод қилиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, бошқа шахсларга қўлланилиб келинаётгани каби тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳам ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини тўғридан-тўғри қўллаш ҳуқуқи давлат ёнғин назорати органларига берилиши назарда тутиляпти.

Халқ вакилларининг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мавжуд амалиётнинг бир қанча хусусиятларини ўзгартириб, ёнғинлар профилактикасининг ва табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини оширишга, шунингдек, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий таъсир кўрсатиш чораларининг янада самарали қўлланилишини таъминлашга хизмат қилади.

Шу куни биринчи ўқишда “Фармацевтика соҳасидаги қонунчилик такомил лаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланишини назарда тутувчи норма чиқариб ташланмоқда. Натижада дори воситалари Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши чоғида “Дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартиби тўғрисидаги низом” асосида унинг рецептсиз ёки рецепт асосида берилишига оид тоифаси аниқланади. давлат рўйхатидан ўтказилган дори воситаси автоматик шаклантирилиб бориладиган рўйхатда қайд этилиб, очиқ веб-сайтда жойлаштирилади.

Қонун лойиҳасида таклиф этилаётган янгиликлар соҳадаги айрим такрорланувчи ва бюрократик талабларни бекор қилиш орқали аҳолини сифатли, хавфсиз, самарадор ва арзон дори воситалари билан таъминлаш даражасининг ошишига хизмат қилиши айтилди.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Навбатдаги масала — “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Қонун лойиҳаси билан тадбиркорлик субъектларига яратилган иш ўринлари сонига қараб, тўланадиган солиқларни пасайтирилган ставкаларда ҳамда бўлиб-бўлиб тўлашга имконият бериш кўзда тутилмоқда.

Ушбу лойиҳа Халқ демократик партияси электорати манфаатларига бевосита боғлиқ бўлганлиги учун фракция аъзолари душанба куни ўтган фракция йиғилишида муҳокама қилиб, солиқ маъмурчилиги соддалашиши, Солиқ кодекси нормалари тўғридан-тўғри ишлаши бандлик ўсишига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлашганди.

Лойиҳа ҳаётийлиги инобатга олиниб, депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан микроқарз ёки кредит бўйича амалга оширилган тўлов суммаси агар қарз олувчининг мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаса, қарз олувчининг қарз мажбуриятларини мутаносиб равишда сўндирилишини назарда тутувчи тартиб белгиланмоқда.

Шунингдек, кредит бўйича қарздорликни ва ҳисобланган фоизларни ундириш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредит бўйича фоизлар, шунингдек, неустойка ҳисобланиши тўхтатилишига оид ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда.

Бундан ташқари, “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Қонунга микромолиялаштириш фаолияти деб эътироф этиладиган микроқарз беришнинг энг юқори миқдорини эллик миллион сўмдан юз миллион сўмгача оширилишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.

Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилар эканлар, унинг қабул қилиниши аҳоли ва тадбиркорлар учун қатор қулайликлар Яратишини, аҳоли камбағалликка тушиб қолишининг олдини олишга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканини эътироф этдилар.

Ялпи мажлисдаги кейинги масала “Халқаро меҳнат ташкилотининг иш ҳақини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 95-сонли конвенциясини (Женева, 1949 йил 1 июль) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Ушбу халқаро ҳужжат меҳнат учун муносиб иш ҳақини ўз вақтида олиш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро стандартларни самарали жорий этишда муҳим аҳамиятга эга. Лойиҳа қўллаб-қувватланди.

Бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш янада ривожлантирилиши муносабати билан ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан амалдаги қонунчиликка “яшил энергия” сертификатлари тушунчасини киритиш ҳамда бундай сертификатларни бериш ва муомалага киритиш тартибига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ваколати Вазирлар Маҳкамасига берилиши назарда тутилмоқда.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқарилганлигини тасдиқловчи электрон ҳужжат “Яшил энергия” сертификати сифатида қайд этилиши таклиф этилмоқда.

Шунингдек, қуввати 300 квт ва ундан юқори бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқарилган электр энергияси тизимига улаш махсус ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказилганидан кейингина амалга оширилиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Солиқ кодексига “Яшил энергия” сертификатлари савдосидан тушган даромадлар фойда солиғидан озод этилишини назарда тутувчи қўшимча киритилиши кўзда тутилмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллигини бартараф этиш, бу борадаги ишларни комплекс ташкил этиш ҳамда инвесторлар учун қулай шароитлар ва рағбатлантириш механизмларини белгилаш имконини беради.

2024 йилда биз палатанинг фаолиятида янгича руҳ, янгича ёндашув, иштиёқ ва зафарли ташаббусларни кутиб қоламиз. Бошланадиган янги кундан, янги йилдан яхшилик кутиш ўзига хос қадриятларимиздан биридир.

 

Аҳмад Қурбонов,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

«Ўзбекистон овози», 27.12.2023, №51-52

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш