Ватанни ҳимоя қилиш барча учун муқаддас бурч ҳисобланади. Бу бурчни адо этишда юртимизнинг ҳимоячилари бўлган миллий армиямиз, барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳалқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашда олиб бораётган хизматини муносиб баҳолаш ҳамда уларга зарур шарт-шароит яратиш масалалари ҳам давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.
Янги йилнинг илк кунларида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида мудофаа қурилиши ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда қўшинларнинг жанговар шайлиги, жанговар қобилиятини янада ошириш, уларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, мавжуд қурол-яроғ намуналарини модернизация қилиш, шунингдек, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва Қуролли Кучлар фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Бу бежиз эмас. Чунки 2016 йилдан бошлаб миллий армиямизни ислоҳ қилиш, Қуролли Кучларнинг ташкилий тузилмаси ва дислокация тизимини такомиллаштириш, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва техника намуналари билан жиҳозлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлиги ва шайлиги, касбий маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради” деб айтган гапларида ҳам Қуролли Кучларимизнинг халқ билан ҳар қачонгидан ҳам яқинлигини англашимиз мумкин.
Бугунги кунда дунёнинг турли жойларида кескин тус олаётган вазиятда, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавф-хатарлари барчамизни огоҳ бўлишга чақиради ва Қуролли кучларимиздан эса юқори даражадаги жанговар қобилиятни мустаҳкамлашни талаб этади. Сўнгги йилларда юртимизда ҳарбий-сиёсий масалаларда ҳам тубдан ислоҳотлар амалга оширилиб, миллий армиямизнинг ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба берадиган жанговор қудрати йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Дарҳақиқат, инсон қадрига устувор эътибор қаратилаётган тараққиётнинг янги даврида ҳарбий соҳани ислоҳ этиш, мазкур йўналишдаги миллий қонунчиликни давр талабига мос тарзда такомиллаштириш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғоя ҳарбий соҳадаги миллий қонунчилигимизга ҳам тобора сингиб бормоқда. Давлатимизнинг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича қатъий позициясини ифода этадиган янги Мудофаа доктринаси ишлаб чиқилди. Амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз тезкор ва ихчам, ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба беришга қодир бўлган жанговар кучга айланиб бормоқда.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Бош қомусимизда ҳам Ўзбекистон Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилиши мустаҳкамлаб қўйилди. Шу билан бирга, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш масалалари кўзда тутилган.
Унга кўра, 2030 йилгача бўлган даврда Қуролли Кучларнинг рақамли салоҳиятини ошириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланиш борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда қўшинларнинг жанговар руҳи ва салоҳиятини юксалтириш, замонавий жанг ва ҳарбий можаролар ҳамда хорижий армияларнинг илғор тажрибасини ўрганиш асосида қўшинларнинг жанговар шайлиги ва маҳоратини ривожлантириш масалалари ўрин олган.
Давлатимиз мудофаа қудратини ҳар томонлама ошириш, етук ва малакали ҳарбий кадрларни тайёрлашга, Ватан ҳимоячилари, уларнинг оилалари учун муносиб ҳаёт шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Хусусан, ҳарбийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Соҳа ходимларини замонавий турар жойлар билан таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, зарур ижтимоий кафолатларни яратиш, олий таълим ва таълимнинг кейинги босқичи билан қамраш, касбий, жисмоний салоҳиятини юксалтириш борасида кўплаб амалий ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Барча бўғиндаги ҳарбий ўқув даргоҳлари, ҳарбий қисмлар, госпиталлар, шифохоналар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг давр талабига ҳамқадам бўлиши йўлида зарур барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирги вақтда хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган, фарзандларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган аёлларимиз барча ислоҳотларимизда фаол иштирок этмоқдалар. Эътиборли жиҳати, Ватанимизнинг давлат суверенитетини, сарҳадларимиз дахлсизлигини, ҳудудларимиз яхлитлиги ва осойишталигини сақлаш йўлида ҳам хотин-қизларимиз муносиб равишда ўз бурчларини адо этишмоқда.
Умуман олганда, бугунги ғоят мураккаб глобаллашув замони тинчлик ва осойишталик, ўзаро аҳиллик ва тотувлик бошимиз узра мусаффо осмонимизнинг бебаҳо бойлик эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бу эса осойишталигимизни асрашда наинки ҳарбийлар, ўзини шу табаррук диёр фарзанди, деб билган барча ҳамюртларимиздан жонажон Ўзбекистонимизнинг тақдирига, келажагига дахлдорлик туйғуси билан яшашга, унинг тупроғини муқаддас билишга ва бу йўлда масъулиятни теран англашга даъват этмоқда. Зеро, Ватанимизнинг давлат суверенитетини, сарҳадларимиз дахлсизлигини, ҳудудларимиз яхлитлиги ва осойишталигини сақлаш келажак авлод олдидаги муқаддас бурчимиздир.
Дилбар МАМАЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.