Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида фракциянинг 2023 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди, хато ва камчиликлар очиқ муҳокама этилиб, келгуси вазифалар бўйича амалий таклифлар билдирилди.
Йиғилишда фракциянинг бир йиллик фаолияти ҳақида ахборот берилди
Қайд этилдики, фракция томонидан партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, Сайловолди дастурида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни амалга ошириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Фракциянинг 2023 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси асосида қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳамда бошқа тадбирлар самарали ташкил этилган.
Қонун ижодкорлиги
Қайд этилганидек, ўтган вақт ичида фракция аъзолари томонидан 1 та қонун лойиҳаси иш лаб чиқилди. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ушбу қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди ва қабул қилинди.
Хусусан, фракция аъзолари ташаббускорлиги асосида киритилган Меҳнат кодексига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтиришга, ижтимоий соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, бошқа фракциялар билан биргаликда 6 та қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилишида ҳам фаол ташаббус кўрсатилди. «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги каби қонун лойиҳалари шулар жумласидан.
Фракция йиғилишларида 206 та қонун лойиҳаси юзасидан кечган муҳокамаларда депутатлар томонидан сайловчилар ҳуқуқ ва манфаатларини акс эттиришга қаратилган муҳим таклифлар қатъий билдирилиб, 60 га яқин таклиф инобатга олинган.
Давлат бюджетини шакллантириш ва назорат қилиш жараёнларида ҳам депутатларимиз фаол қатнашиб келяпти. Мисол учун, фракциямиз ташаббуси билан «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасига 40 ёшдан ошган аҳолининг қандли диабет касаллигини эрта босқичда аниқлаш бўйича скрининг текширувидан ўтказиш учун Давлат бюджетидан қўшимча маблағ ажратилди.
Брифингда таъкидландики, партия сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифалар ижроси, электорат манфаатлари билан боғлиқ долзарб масалалар юзасидан партия билан биргаликда 2023–2024 йилларда 6 та қонун ташаббусини амалга ошириш белгилаб олинган эди. Бугунги кунга қадар 3 та қонун лойиҳаси дастлабки ҳолатда ишлаб чиқилди, қўмита ва вазирликлар билан бошланғич муҳокамадан ўтказилди.
Изчил парламент назорати олиб борилди
Ўтган йили ХДП фракцияси муаммоларни ҳал этиш, қонун ва қарорлар ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш мақсадида тизимли равишда парламент назоратини олиб борди. Ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан таъсирчан депутатлик назорати ўрнатилди.
Фракция таклифига кўра, сайловчиларни ўйлантириб келаётган тизимли муаммо ва камчиликларни ҳал этиш, жойларда қонунлар ва давлат дастурларининг ижросини таъминлаш бўйича 2 та Ҳукумат соати, 1 та парламент эшитуви ўтказилди.
Эшитувда депутатлар мутасадди раҳбарлар ахборотларига таклиф ва тавсиялар билан муносабат билдириб, ўз навбатида, асосли саволлар билан айрим маълумотларга аниқлик киритишди.
Фракция аъзолари сайловчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, аҳоли мурожаатлари ҳамда жойлардаги учрашувларда кўтарилган масалалар, сайлов округларида аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан мансабдор шахсларга жа ми 23 та депутат сўрови жўнатилди. Тегишли вазирлик ва идораларга 5 та парламент сўрови юборилди.
Ушбу тизим ҳукуматнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини ошириш билан бирга, фракция аъзоларининг ҳам ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида фаол иштирок этишини таъминлашга хизмат қилаётгани брифингда алоҳида қайд этилди.
Мурожаатлар таҳлили нимани кўрсатмоқда?
Маълум қилинганидек, ўтган даврда фракция аъзолари номига фуқаролардан жами 2635 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 1 449 тасига ижобий ечим топилган бўлса, 922 та мурожаат кўриб чиқиш учун тегишли идоралар ва ташкилотларга юборилган. Қолган 264 та мурожаат айни кунларда кўриб чиқилмоқда.
Депутатлар жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган ҳар бир мурожаат ортида инсон, унинг қадри, ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари турганини таъкидлашди.
Халқ билан мулоқот
Ўтган даврда фракция аъзолари сайлов округларидаги фаолияти давомида 549 маротаба учрашув ўтказилиб, жами 385 та хонадонга ташриф буюрди. Уларда 16 452 нафар фуқаро, шу жумладан, 1223 нафар тадбиркор билан тўғридан-тўғри мулоқотлар ташкил этилди ҳамда 356 та ижтимоий соҳа объектининг фаолияти билан танишилди.
Партия билан ҳамкорлик
Фракция партия билан ҳамкорликда 35 га яқин қонун лойиҳасининг жойлардаги муҳокамасини ўтказди. Уларда фуқаролар томонидан билдирилган 210 га яқин таклифлар қонун лойиҳасига масъул бўлган фракция аъзоларига тақдим этилди.
Лойиҳалар доирасида фракция аъзолари ҳамда партия ходимлари томонидан 50 дан ортиқ ҳудудга ташриф буюрилди. 16 000 нафардан зиёд сайловчи, шу жумладан, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган аҳоли вакиллари билан мулоқот қилинди. Учрашувлар давомида ҳудудлардаги муаммолар ўрганилди, уларни ҳал этиш юзасидан зарур чоралар кўрилди.
Ташкилий-амалий тадбирлар
Ҳисобот даврида фракция аъзоларининг ташаббуси ва бевосита иштирокида жами 43 та тадбир, шу жумладан, 12 та семинар, 31 та давра суҳбати ташкил этилди. Бундан ташқари, 59 маротаба фракция йиғилиши ўтказилиб, уларда 319 та масала кўриб чиқилди.
Умуман олганда, 2023 йилда фракция партия билан узвий алоқа ўрнатган ҳолда бир қатор амалий ташаббуслар билан чиққани брифингда алоҳида таъкидланди. Ўзаро ҳамкорликда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, пенсионер ҳамда ногиронлиги бўлган инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилди.
Брифинг сўнггида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг келгуси режалари ҳақида ҳам ахборот берилди.
Лазиза ШЕРОВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 10.01.2023, №1