2024 йил мамлакатимизда «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили», деб эълон қилинди. Давлат раҳбарининг халқимизга йўллаган Янги йил табригидаги ният, ғоя ва фикрларни тинглаб, кимнинг кўнглидан қандай гаплар ўтгани, албатта, қизиқ. Депутатлар, ҳудудий партия ташкилотлари етакчилари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, ёшлар ўз ўй-фикрлари билан бўлишди.
Хайрли амаллар кўпаяверсин!
Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон халқ шоири:
— 2024 йилга яхши кайфият, янада катта куч, янги ташаббуслар билан қадам қўйдик. Зиммамизда жиддий ва масъулиятли вазифалар турибди.
Бу йил мамлакатимизда «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили», деб эълон қилинганини эшитганимда, тўғриси, кўнглим тоғдек кўтарилди. Табиийки, ёшларга бўлган эътибор ҳар томонлама кучаяди, янги иш ўринлари яратилади, бизнес, ишлаб чиқариш кенгаяди.
Давлатимиз раҳбарининг янги йил табригида янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида айтган устувор йўналишлари Қорақалпоғистонда режалаштирилаётган кенг кўламли ишларда дастуруламал бўлмоқда.
Айтиш керакки, 2023 йилда ҳам кўп хайрли ишлар амалга оширилди. Аҳолининг ҳамма қатлами учун имтиёз ва имконият эшиклари очилди. Ҳаёт даражаси кўтарилди. Йўллар, кўприклар, шифохоналар, мактаблар, мактабгача таълим муассасалар, обод қишлоқлар бунёд этилди. Эҳтиёжманд аҳоли, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш борасида режали ишлар олиб борилди.
Барча ҳудудларда бўлгани каби бизнинг овул ва қишлоқларимизда, шаҳарларимизда ҳам ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатилди. Буларни эътироф этмасак бўлмайди, албатта.
Ўтган йили банклар томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ёшларга 300 млн сўмдан ортиқ кредитлар ажратилган эди. Бу йил эса бу миқдорнинг янада кўпайиши учун аниқ дастур ва режалар ишлаб чиқилмоқда.
Битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан бу йил 10 мингдан ортиқ ёшларни доимий иш билан таъминлаш кўзда тутилмоқда. Минглаб йигит-қизларга касб-ҳунар, тадбиркорликка йўналтириладиган замонавий касблар ўргатилади. Илғор фикрлайдиган, бунёдкор ғоялар билан яшайдиган ёшларимиз сафи янада кенгаяди. Бу албатта, жамият тараққиётини юксалтиришда муҳим пойдевор бўлади.
Энди тасаввур қилинг, бу орқали қанчадан-қанча иқтидорли ёшларимиз кашф этилади, истеъдодини намоён этади. Бу қобилиятли йигит-қизларимизнинг руҳиятига ҳам сокинлик олиб киради, деб ўйлайман. Чунки инсон ўзи қизиққан иш билан шуғулланса, ундан фақат роҳатланади.
Жорий йилда лойиҳаларни молиялаштириш учун зарур маблағларни сарфлаш ҳисобига иш ўринлари яратиш мақсадида кредит олувчиларнинг 1292 нафари ҳисобга олинган. Уларга 1 млрд сўмгача кредитлар берилиши назарда тутилмоқда.
Хуллас, халқимизнинг янги 2024 йилдан умиди жуда катта. Ишлайман, тажрибамни ошираман, бизнес қиламан, иш ўрни яратаман, деган киши учун имтиёзлар, имкониятлар етарли. Фақат салоҳиятни намоён этиб, белни маҳкам боғлашда ҳамма гап. Интилиш, изланиш, имконият бор жойда фаровонлик сари қўйилаётган улуғ мақсадларнинг ойдин эшиклари албатта, очиқ бўлади.
Янги Ўзбекистон бунёдкорлари
Олим РАВШАНОВ,
ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:
– Янги Ўзбекистонни қурар эканмиз, фикрлаши, ҳаётга муносабати бутунлай ўзгача бўлган, муаммолардан қўрқмайдиган, руҳияти тетик янги авлодни вояга етказишдек тарихий бурч, улкан масъулиятли вазифа зиммамизда турибди. Бунинг учун ёшларга эътибор керак, таълимга, тарбияга ёндашув тубдан ўзгариши керак.
Кейинги йилларда амалга оширилган изчил ислоҳотлар ушбу соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган тизимли, айтиш мумкинки, эски муаммоларни тугатиб, янги давр пойдеворини бунёд этиш учун мустаҳкам замин яратди, десак хато бўлмайди.
Ҳозир мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 19 миллиондан ортиқ ёки аҳолининг 55 фоизини ташкил қилади. Меҳнат бозорига ҳар йили 600 минг ёшлар кириб келмоқда. Демак, ёшларга сифатли таълим бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган масала.
Бир нарсани очиқ тан олишимиз керак. Биз кўп йиллар мобайнида бу йўналишда ҳақиқий ҳолатни очиқ тан олмай келдик, реал вазият қоғоздагидан фарқ қилган ҳоллар кўп бўлди, ўзимизни алдадик. Депутатлик назорати олиб борганимизда бунга кўп гувоҳ бўлганмиз. Оқибатда, нима бўлди? Ёшларни иш билан таъминлаш, қобилиятлиларга реал имконият бериш масаласи парда ортида қолаверди. Натижа эса аччиқ: бугун ёшларга иш керак. Эндиликда ана шу аччиқ ҳақиқат иш столининг остидан стол устига олиб чиқилгани билан аҳамиятлидир.
Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 976 661 нафар ёшлар бор. Ўтган йили уларнинг 39567 нафари иш билан таъминланди. Ҳозир 43957 нафар йигит-қизларни иш билан таъминлаш вазифаси олдимизда кўндаланг бўлиб турибди. Ушбу рақамнинг ўзи ҳам масалага тизимли ёндашув кечиктириб бўлмас вазифа эканини яққол кўрсатиб турибди.
Айрим ҳудудларда саноат корхоналари ва кластерларда доимий вакант иш ўринлари мавжуд. Лекин қўлидан иш келадиган ёшлар бундан бехабар бўлади. Демак, биз воситачи бўлишимиз керак. Вакант иш ўринларини ўрганиб, сайлов округларига чиққанимизда бу ҳақида ишсиз ёшларга маълумот беришимиз, уларнинг қизиқиши ва қобилиятига қараб ишга жойлаштиришга бош-қош бўлишимиз зарур. Тўғри, ўтган йили ҳам, олдинги йилларда ҳам бу борада тизимли ишлар олиб борилди, тажриба ҳам тўпладик. Эндиликда ушбу фаолиятимизни янада кучайтириш зарур, деб ўйлайман.
Бугун ҳар бир масъул идора раҳбари ўз вазифаларининг энг аввалига ёшлар билан иш олиб боришни қайд этиб қўйгани аниқ. Чунки замон, давлатимиз раҳбарининг талаби шу. Шундан келиб чиқиб, биз ҳам ушбу йўналишда чора-тадбирлар режасини белгилаб олдик. Эндиликда ҳар бир депутат ҳар ҳафта ёшлар билан учрашади, бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган йигит-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланади, ишсиз ёшларни касб ва тадбиркорликка ўқитишда фаол қатнашамиз, улар билан елкама-елка турамиз, муаммоларни биргаликда ҳал этамиз.
Ёшлар билан биргамиз!
Мухсиддин НИЗОМИДДИНОВ,
ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:
— Тўғрисини айтганда, 2024 йил бизнинг йилимиз бўлгани ҳар бир ёшнинг қалбини ҳаяжонга, фахр ва ифтихорга тўлдирди. Кўплаб тенгдошларим қатори мен ҳам ўзимни омадли ёшлардан бири ҳисоблайман. Ёшлар учун имкониятлар эшиги шунчалик очиқки, буни эътироф этмаслик катта хатодир.
Ёшлар билан ишлаш, уларнинг орзу-мақсадларини амалга оширишга кўмаклашиш Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг энг устувор вазифаларидан биридир. Йигит-қизларнинг эҳтиёжларини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ўтган йили «Сафимиздаги ёшлар» лойиҳаси доирасида партия тизимида ишлаб, давлат ташкилотларининг юқори лавозимларида фаолият кўрсатаётган ёшлар билан 845 та учрашув ташкил қилинди. Лойиҳа доирасида алоҳида эътиборига муҳтож 396 нафар ёшлар депутатларга бириктирилиб, улар билан индивидуал иш олиб борилди, 2725 нафар ишсиз ёшларга ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашилди. 3503 нафар ёшлар қайта касбга-ҳунарларга тайёрлаш бўйича йўналтирилди. Ногиронлиги бўлган 1216 нафар ёшларга амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Ҳозир партиямизга 228 648 минг нафар ёшлар аъзо. Улар бизнинг етакчи кучимиз, илғор ғоямиздир. Биз уларга таянамиз ва суянамиз.
Ижтимоий ҳаётимиз, мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида ҳар бир ёшни мустақил фикрлайдиган, жамиятда фаол, қийинчиликларни қўрқмасдан енгиб ўта оладиган шахс сифатида камолга етказиш кўзда тутилмоқда. Халқимиз турмушини янада яхшилайдиган, мамлакатимизнинг мавқеини оширадиган, жаҳондаги илғор тараққиёт ва ривожланиш тенденцияларини барча соҳаларга олиб кира оладиган янги авлод кадрлари ўз-ўзидан етишиб чиқмайди, албатта. Бунинг учун ёшлар билан кўпроқ ишлаш керак, уларнинг таълим-тарбиясига эътиборни янада кучайтириш, муаммоларини ҳал этиш, орзу-мақсадлари сари интилишларини фаол қўллаб-қувватлаш керак, албатта.
Партиямиз ташаббуси билан ушбу амалий ишларни давом эттирган ҳолда фаол ёшларимиз, партиямизнинг Ёшлар парламенти аъзолари ва жойлардаги депутатларимиз билан ҳамкорликда меҳнат бозоридаги талабни ўрганиш ва аниқланган мутахассисликлар бўйича ёшларимизни устоз-шогирд анъанаси асосида касб-ҳунарга ўргатиш бўйича қатор амалий ишлар олиб бориляпти.
Ҳудудларга чиқиб, уйма-уй юриб, аҳоли, хусусан, ёшларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш ишларида ёш депутатларимиз, фаол йигит-қизларимиз кўпчилик.
Жорий йилда ҳам режаларимиз жуда катта. Ёшлар билан кўпроқ ишлаймиз, ҳар бир маҳаллага, керак бўлса, ҳар бир хонадонга кириб борамиз. Йигит-қизлар билан уларнинг ёнида туриб ишлаймиз, муаммоларини ўрганамиз, депутатларимиз кўмагида ҳал этамиз. Ҳозир янги лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Мақсадимиз – ҳар бир ёш ҳаётда ўз ўрнини топсин, ўқисин, орзуларини қўрқмасдан амалга оширсин!
Ўзбекистоннинг бебаҳо хазинаси
Шерзод РАҲМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
— 2023 йил тарих зарварақларида муҳрланиб қолди. Айниқса, юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, бандлиги ва тадбиркорлигига кўмаклашиш, сифатли таълим олиши учун зарур шароитлар яратиш бўйича салмоқли ишлар бажарилди.
Ўтган даврда ёшлар билан боғлиқ йўналишда 100 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Ёшлар билан ишлаш бўйича эса мутлақо янги – вертикал бошқарув тизими яратилди. Юртимиздаги барча маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. Бу тизим орқали маҳаллада ёшларга 100 дан ортиқ имкониятлар берилди. Бизнесни бошлаш истагида юрган минг-минглаб ёшларга амалий ёрдам берилди, имкониятлар, имтиёзлар янада кенгайди.
Жорий йилга «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» деб ном берилиши замирида ҳам чуқур маъно мужассам. Бу ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ташаббусларини рўёбга чиқаришга устувор аҳамият қаратилади, йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилади, дегани.
Ёшлар билан ишлаш бўйича долзарб масалалар ҳали ҳам кўп. Энг муҳим вазифамиз, аввало, ёшлар бандлигини таъминлаш, муносиб даромад олиши учун уларга шароит яратиб беришдан иборат, албатта. Сайловчилар билан учрашувларда ёшлар билан кўп мулоқот қиламиз. Ҳудудларда ўз бизнесини йўлга қўйиш, ишлаб чиқаришнинг қайсидир турига қизиқиши бор, истеъдодли, қобилиятли ёшларимиз жуда кўп. Фақат уларга ҳуқуқий маслаҳат, молиявий томондан кўмак керак. Биз ёшларни қўллаб-қувватласак, улар нафақат даромад топади, балки, атрофидаги тенгдошларини ҳам ишли қилади, бу орқали ҳудудларда инфратузилма ривожланади.
«Ўзбекистон—2030» стратегиясида ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ишсизлик даражасини камайтириш устувор вазифа сифатида белгилангани эътиборга молик. Хусусан, 400 минг нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва муаммоларини ҳал этишга эришиш, ёшларнинг ишсизлик даражасини 14 фоиздан 11 фоизга камайтириш мақсад қилинган.
Ишончим комилки, янги йилда ҳам иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратиш, илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Янги марраларга руҳлантирди
Нурмурод СИРОЖОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ёшлар парламенти аъзоси:
— Эсингизда бўлса, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз Президенти сифатида биринчи имзолаган қонун ҳужжати 2016 йил 14 сентябрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонун эди. Ўшанда биз ёшлар учун имкониятлар янада кенгайиши, бугунимиз, келажагимиз учун барча имкониятлар ишга солинишига тўлиқ ишонганман ва бундан жуда қувонгандим. Бизни ҳар йили яхши янгиликлар, имкониятлар билан хурсанд қилмоқда.
Йигит-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам кўп ишлар қилинмоқда. Жумладан, минглаб талабаларга таълим кредити берилди, қанчадан-қанча хотин-қизлар магистратурада бепул ўқимоқда. Минглаб эҳтиёжманд талабага контракт пуллари харажатлари тўлаб берилди, яна қанча талабага уй-жой ижараси тўлови ажратилди. «Ёшлар дафтари» орқали йигит-қизларга мунтазам ёрдам кўрсатилмоқда.
2024 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш эътиборимиз марказида бўлади. Иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори кўпайтирилади. Хотин-қизлар ва нуронийларни, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият берилади, ижтимоий соҳалар ривожи мутлақо янги босқичга кўтарилади.
Албатта, давлатимиз раҳбарининг табригида айтилган гаплар, тилга олинган масалаларнинг нақадар долзарблигидан мен жуда қувондим.
Аёлларга эътибор – жамият келажагига эътибордир!
Шоҳиста НАБИЕВА,
ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси ўринбосари:
— Ҳаммамиз хотин-қизларга бўлган эътибор йилдан йилга кучайиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Уларнинг оиладаги ва жамиятдаги мавқеини ошириш, оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Бунда аёлларнинг ҳаёт ва меҳнат шароитларини яхшилаш, уларга дахлдор ижтимоий муаммоларни ҳал этиш алоҳида устуворлик касб этмоқда. Натижада бугун хотин-қизларимиз нафақат фарзанд тарбиясида, балки турли соҳаларда, маҳаллаларда фидойилик кўрсатмоқда. Энг муҳими, эътибор ва эъзоз самарасини ҳар бир аёл ўз ҳаёти, оиласи мисолида ҳис қилмоқда.
Масалан, тўлов контрактда ўқиётган хотин-қизлар фоизсиз таълим кредити олиш ҳуқуқига эга бўлди. Айрим тоифадаги хотин-қизларга ОТМга кириш учун тавсиянома бериляпти. Хотин-қизларга тадбиркорликни йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларга имтиёзли уй-жойлар бериляпти. Умуман олганда, имтиёзлар жуда кўп, имкониятлар ҳам кенг, ҳамма гап улардан оқилона фойдаланишда.
Кириб келган янги 2024 йилда ҳам биз аёлларга эътибор кучайишини эшитиб, рости бошим осмонга етди. Давлатимиз раҳбари халқимизга йўллаган Янги йил табригида хотин-қизлар ва нуронийларни, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлашга катта аҳамият берилишини алоҳида таъкидлади. Демак, «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да ҳам ҳаммамиз, мамлакатимиздаги ёшу-қари давлатимиз ғамхўрлигини доим ҳис этиб туришади. Бу халқимизнинг руҳини кўтариши аниқ. Руҳи баланд кишининг эса мақсади ҳам улуғ, қадами қатъиятли бўлади. Бундай одамни енгиб бўлмайди.
Ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда биз ҳам ёшлар, хотин-қизлар ва эҳтиёжманд инсонлар билан елкама-елка туриш бўйича янги режаларни белгилаб олдик. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, иш билан таъминланмаган хотин-қизлар муаммоларини манзилли ўрганиб, уларга кўмак бериш ишларини тубдан такомиллаштирмоқчимиз. Боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган аёллар, пенсионерлар, ёлғиз кексалар ҳуқуқлари билан боғлиқ қонунчилик ижросини янада чуқурроқ ўрганиб, амалий натижаларга эришиш муҳим вазифаларимиздан биридир.
Яна нималар режа қилинмоқда?
Иноятхон ҲОШИМОВА,
ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари:
— Ҳеч кузатяпсизми, йилдан-йилга одамларимизнинг ҳаётга иштиёқи, орзу-ниятга интилиш шашти ортиб боряпти. Бу нимадан? Албатта, қадрдан. Инсон манфаати устувор бўлган жойда одамнинг қадри бўлади. Халқи қадрланган мамлакатнинг эса, қадди ҳам баланд бўлади.
Сўнгги пайтларда олиб борилаётган ислоҳотлар, қарор ва фармонларда ўз ифодасини топаётган масалалар аслида халқимизнинг қалбида сақлаб юрган орзулари эмасми?! Бир мисол, бундан бор-йўғи 5-6 йил аввал олийгоҳларда қанча хотин-қиз ўқирди? Уларга қандай қулайлик бор эди? Ҳозир қанча янгилик бор? Ҳозир олийгоҳларда ўқиётган қанча? Камида 4—5 баробарга кўп. Тўғриси, хотин-қизлар учун таълим шароитларини кенгайтириш бўйича қабул қилинган тарихий қарорлар, эзгу ташаббуслар бир пайтлар етти ухлаб тушимизга ҳам кирмасди-ку.
Хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш мақсадида биз ҳам жорий йилдаги режаларимизни белгилаб олдик. Жумладан, аёлларимизнинг ўз бизнесини ташкил эти ши, бизнес ғояларини тайёрлашга ёрдам бериш, узоқ вақт давомида бола тарбияси билан банд бўлган, оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган аёлларни талаб катта бўлган касбга тайёрлашда фаол иштирок этишни мақсад қилдик.
Аслида хотин-қизларни иш билан таъминлаш кўп муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади. Оилавий келишмовчилик, оилавий ажримлар ҳамда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик каби иллатларнинг камайишига хизмат қилади, деб ўйлайман.
Эзгу ишлар кўпайса, қанча хонадонларга қувонч киради, қанча-қанча одамларнинг ҳаёт даражаси ва сифати ўзгаради, юзлаб, минглаб аёлларимизнинг руҳи кўтарилиб, уларнинг ўзига, ҳаётига, бахтига ишончи мустаҳкамланади.
«Ўзбекистон овози» мухбири
Лазиза ШЕРОВА тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 10.01.2023, №1