Депутатлик назорати: Қарор ижроси қониқарлими?

 

Мамлакатимизда яхши қонунлар, яхши қарорлар анча кўпайди. Деярли ҳар бир соҳа бўйича стратегик ҳужжатлар қабул қилинган, вазифалар аниқ белгиланган. Уларнинг вақтида, самарали ижро этилиши жуда муҳимдир.

2022 йил 18 апрелдаги «Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда таълим бериш сифатини ошириш ҳамда улар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорининг Бухоро вилоятидаги ижроси вилоят Кенгашидаги партиямиз гуруҳи аъзолари томонидан ўрганилди.

Аввало таъкидлаш керакки, жамиятимизда аҳолининг турли тоифалари қаторида жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилган. Ногиронлиги бўлган шахсларга нормал турмуш шароитини яратиб бериш, улар юртимизда кечаётган ислоҳотларда фаол иштирок этиши, талаб даражасида таҳсил олиши, ўз иқтидорини юзага чиқариши, меҳнат қилиши ва ўз олдига қўйган мақсадига интилиши учун имкониятни таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Шундан келиб чиқиб, партиямиз жойларда ўрганишлар олиб боришни тизимли йўлга қўйган. Тегишли мутасаддилар билан ҳамкорликда Президент қарори ижроси бўйича Бухоро шаҳридаги 24-сон «Нурли маскан» кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида олиб борилган ишлар ўрганилди. Муассаса замонавий талабларга мос таълим масканига айлантирилган.

Жумладан, «Йўл харитаси»да мактаб-интернатларини брайль ёзувига мослашган махсус қурилмалар билан тўлиқ таъминлаш белгиланган ва шу асосда зарур жиҳозларни харид қилиш учун вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 320 млн. сўм маблағ ажратилган.

Мактаб-интернат учун зарур жиҳозлар белгиланган талаб ва меъёрларга мослиги ўрганилди. Эҳтиёждан келиб чиқиб, ёзиш ва ўқиш учун брайлча дисплей, ламинатор ускунаси, моноблок, брайл принтерлар билан таъминланди. Шунингдек, бошқа зарур жиҳозларни харид қилиш ишлари ташкил этилди.

Мазкур ҳужжатнинг 10-бандида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва уларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида мактаб-интернатлар қошида ўқувчилар имкониятини инобатга олган ҳолда, ўқув устахоналарини ташкил этиш режалаштирилган экан. Унга кўра, болалар гилам тўқиш, нақш, ёғоч ўймакорлиги, дурадгорлик каби қатор ҳунарларни ўрганиш имконига эга бўлади. Мазкур ишларни амалга ошириш ва тўгаракларни жиҳозлаш вазифалари қарорда белгиланган тарзда ижрога йўналтирилган. Бу ишлар учун маҳаллий бюджетдан 29 млн сўм маблағ ажратилган.

Замонавий билимга эга бўлиш учун, табиийки, шунга мос мактабларга эҳтиёж бор. Масалан, йўналишидан келиб чиқиб мактаб интернатларига парта, стол-стул, дутор, чанқовуз, доира, гитара, чанг, пианино, овоз кучайтиргич сингари мусиқа асбоблари зарур. Махсус мактабларда брайль алифбосидаги мусиқа ноталари тўплами дарсликлари, компьютер жамланмалари, яъни монитор, рангли принтерлар, проектор, интерактив доска, рақамли камера ва яна қатор замонавий техникадан фойдаланилади.

Шунингдек, тифлотехник, лингафон ускуналари, лаборатория жиҳозлари, бўртма хариталар, махсус расм приборлари ва китоб жавонлари билан таъминлаш талаб этилади. Президент қарорида ҳам бу борада алоҳида банд бўлиб, жойларда уларнинг ижроси таъминланмоқда. Вилоятимизда мазкур масала учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 290 млн сўм ажратилгани ўрганилди. Вилоят маҳаллий бюджетининг 2022 йил қўшимча манбаларини йўналтириш тўғрисидаги кенгаш қарори билан мактаб-интернатларни жиҳозлаш учун 230 млн ажратилган бўлса, беш ташаббус доирасида 380 млн сўм маблағ йўналтирилган.

Инвестиция дастури доирасида Бухоро шаҳридаги 24-сон «Нурли маскан» мактаб-интернатида қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилиб, мактабнинг 324 ўринли янги ўқув биноси қурилган, 150 ўринли ошхона битказилиб, мавжуд ўқув биноси ётоқхонага мослаштирилган, бу ишлар учун 12,7 млрд маблағ сарфланган.

Депутатлар Бухоро шаҳридаги 24-сонли имконияти чекланган кўзи ожизлар мактаб-интернати ҳудудида «Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш махсус майдонча»лари ташкил этилганини ўрганди. Мониторинг жараёнида Жўйбор кўчасидаги овозли светофор ишламаётганлиги аниқланди. Маълум бўлишича, мазкур светофор жойлашган уй эгасига овози ёқмай уни ўчиртириб қўйган. Демак, светофорнинг жойини ўзгартириш орқали масалага ечим топиш мумкин. Шунингдек, ушбу кўчада умуман пиёдалар йўлаги йўқ. Бу эса инсон ҳаётини хавфга қўяди. Махсус белгили йўлакчалар қурилса, махсус ушлайдиган тутқичлари бўлса, мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Бундан ташқари, Бухоро шаҳар ҳудудидан ўтувчи Ғиждувон, Навоий шоҳ, Мустақиллик, Газли шоҳ, Жўйбор, А380 «б» автомобиль йўлининг 5-13 километрлари оралиғида ва Нақшбанд кўчаларида кўриш имконияти чекланган фуқаролар қатнов қисмларидан хавфсиз ҳаракатланиши учун пиёдалар ўтиш жойлари ташкил этилганлиги, вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ масъул ходимлар имконияти чекланган кўзи ожиз фуқаролар ўртасида доимий тарғибот ишлари олиб борилаётганлиги гувоҳи бўлинди.

Аммо светофор олдида видеога оладиган жарима фоторадарлари бўлиши керакки, овозли светофорга ҳайдовчилар диққат билан эътибор қаратади. Қолаверса, пиёдалар йўлаги оёқ билан англанадиган махсус белгили йўлакдан шакллантирилиб, ушлаш учун махсус тутқичлар билан жиҳозланиши керак. Биз кўрган йўлаклар эса шунчаки номигагина қурилган, холос. У қонунда белгиланган талабга жавоб бермайди. Кўзи ожизлар яшайдиган аҳоли пунктида эса, бундай махсус пиёдалар йўлаги умуман йўқ.

Ўйлаймизки, миллионлар сарфлаб қилинаётган ижобий ишлар, фарзандларимизнинг таълим-тарбияси учун кўрилаётган чора-тадбирлар самарасини беради. Болаларнинг ҳаётий хавфсизлигини таъминлаш жуда муҳим саналади. Шунинг учун масъуллар камчиликларни тез орада бартараф этишига умид билдирамиз.

 

Зулфия ТЎЙЕВА,

Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси,
вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 10.01.2023, №1

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш