Маҳаллага, оилага бўлган эътибор янада кучайди

 

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.

Вазирлик оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқади ва амалга оширади.

Ҳақиқатдан ҳам маҳалла, оила – булар иккита бир-биридан айро тасавввур қилиб бўлмайдиган тузилмалар ҳисобланади. Ўз навбатида оилани аёлларсиз тасаввур қилиш қийин. Кекса авлод вакиллари эса – оиламиз кўрки, тўғри йўл кўрсатувчи йўлчи юлдуз. Буларнинг барчасини бирлаштирадиган бўлсак, яхлит тизим – маҳаллага бориб тақалади. Буларнинг бошини қовуштирадиган, ишларни ташкил этиб, мувофиқлаштирадиган шахс – маҳалла раиси. Маҳалла раиси ушбу маҳалладаги барча оилаларнинг отаси ёки онаси, аниқроғи, катта бир оиланинг бошлиғи. У ҳар бир хонадондаги вазият, шароит, воқеа-ҳодисалардан хабардор бўладиган шахс. Ўз навбатида маҳаллада истиқомат қилувчи ҳар бир фуқаро барча масалада биринчи навбатда маҳаллага мурожаат қилади.

Битта маҳаллада 2-3 мингдан ортиқ оилалар, 5-6 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, лекин маҳаллада бор-йўғи 2 киши фаолият олиб борар эди. Қанчадан-қанча нотинч оилалар, оилавий ажрим ёқасидаги оилалар, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлардан азият чекаётган оилалар, шунингдек, ижтимоий кўмакка муҳтож, камбағал оилалар билан ишлашига, маҳаллада тинчлик осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликни олдини олиш каби 200 га яқин вазифалар маҳалла зиммасига юклатилган эди. Ёки оғир вазиятга тушиб қолган, боқувчисини йўқотган, иш билан таъминламаган, уй-жойга муҳтож хотин-қизлар дейсизми, ногиронлиги бўлган шахслар, пенсионерлар, муамоларини ҳал этишга ҳам маҳалла масъул.

Бир қараганда енгил туюладиган бу ишлар аслида жуда катта куч, вақт, билим, салоҳият, тажриба талаб этадиган муҳим масалалар ҳисобланади. Кўриниб турибдики, маҳаллада иш кўлами ниҳоятда кенг, лекин фаолият олиб борадиган ходимлар сони, уларнинг ойлик маошлари кам. Натижада эса, ишлар тизимли ташкил этилмагани боис халқ ҳам, давлат ҳам бу тизим фаолиятидан рози эмас. Давлатимиз раҳбари томонидан оқилона қарор қабул қилиниб, бу тизимдаги ишларни тартибга солиш, иш самарадорлиги ва сифатини ошириш мақсадида янги тизим ташкил этилди. Бу қарорни жуда кўпчилик юртдошларимиз қўллаб-қуватлашмоқда.

Айниқса, фуқаролар йиғинлари зиммасидаги ортиқча вазифаларнинг бекор қилиниши, соҳага оид янги иш ўринларининг очилиши, вертикал тизим яратиш, раисларнинг мақомини кўтариш, уларнинг малакасини, ойлик маошини ошириш каби ўз ечимини кутаётган муҳим масалалар бўйича аниқ вазифалар қўйилгани бутун тизим вакилларининг узоқ кутган орзуси эди. Шунингдек, ўз фаолиятига сидқидилдан ёндашиб, яхши натижаларга эришган маҳалла раисларини муносиб тарзда рағбатлантиришнинг йўлга қўйилиши адолатдан бўлганлигини айтиб ўтиш жоиз. 

Бундан ташқари, маҳалла раисининг ваколат муддати уч йилдан беш йилга узайтирилиб, унинг уч нафар ўринбосари лавозими жорий этилганидан соҳа ходимларининг қувончи чексиз. Шунингдек, профилактика инспектори маҳалла раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари этиб белгиланганлиги – маҳалла ва ички ишлар органларининг узвий ҳамкорлигини мустаҳкамловчи кўприк бўлганлигини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиздир. Бу эса профилактика инспектори ва маҳалла раисининг 5 йил давомида бир жойда фаолият олиб бориши муаммоларни мақсадли ва манзилли, узоқ муддатли, илдизигача тўлиқ бартараф этиш имкониятини яратади.

Энг муҳим жиҳатлардан яна бири - янги тузилмада хотин-қизлар билан ишлашга устувор аҳамият қаратилади. Шу вақтга қадар хотин-қизлар қўмиталарида, маҳаллаларда меҳнат қилиб келаётган аёллар янги тузилмада ҳам ўз фаолиятини давом эттиради, уларнинг мавқеи, моддий шарт-шароитлари, иш ҳақи миқдорлари сезиларли оширилади.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоялашда, оила ва жамиятдаги нуфузини янада оширишда ҳам янги вазирлик барча масъулиятни ўз зиммасига олади. Аввало аёл оилада эъзоз, ҳурмат топса, унинг таъсири биринчи навбатда маҳалла, сўнгра бутун жамиятда сезилади. Бу эса атрофдаги одамлар ҳаётига ҳам ижобий таъсир ўтказади.

Партиямиз янги вазирлик билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйини қатъий мақсад қилди. Бу жойларда партия элеторати ҳисобланган ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, маҳалладаги кам таъминланган оилалар, пенсионерлар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, иш билан таъминланмаган, ногиронлиги бўлган аёллар билан яқиндан ишлаш, уларнинг мавжуд муаммоларига ечим топиш, маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш орқали аёлларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман.

 

Гулшан АСАТОВА,

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши сектор мудири.

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти
← Рўйхатга қайтиш