Фармацевтика соҳасидаги қонунчилик янада такомиллаштирилмоқда

 

Сиҳат-саломатлик — инсон ҳаёти учун энг керакли неъмат. Охирги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳаси кун сайин ривожланиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга кўтариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Президентимиз томонидан қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Пировардида шифо истаган кўнгилларга йўл топиляпти, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиляпти, тизимда бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда.

Амалга оширилаётган ушбу хайрли ишлар миллатни соғломлаштириш ғоясининг асосини ташкил қилади. Тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш, фуқароларни сифатли ҳамда арзон дори воситалари билан таъминлаш мақсадида қабул қилинган қарор ва фармонлар ушбу соҳага долзарб масала сифатида қаралаѐтганидан далолат беради.

Бинобарин, бугунги кунда аҳолини сифатли, самарали, хавфсиз ва арзон дори-дармонлар билан таъминлаш соғлиқни сақлаш тизимининг энг муҳим вазифаларидан бирига айланган. Соғлиқни сақлаш тизимида электрон рецепт тизимини жорий этиш, дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқаришни тубдан такомиллаштириш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва уларнинг суиистеъмол қилинишининг олдини олиш, кучли таъсир қилувчи моддалар айланишини тартибга солишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилаётир.

Хусусан, аҳолини ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон ва сифатли фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилаш, фармацевтика тармоғини ривожлантиришга қаратилган 50 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шу билан бирга, мамлакатимизда дори воситаларини ишлаб чиқаришнинг халқаро стандартлари татбиқ этиляпти. Натижада Ўзбекистоннинг фармацевтика бозорида ўсиш динамикаси йилига 8-10 фоизни ташкил этиб, МДҲ минтақасида энг тез ривожланаётган бозорлар қаторидан ўрин эгалламоқда.

Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда амалиётда дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш тартибини такомиллаштириш, ортиқча ҳужжатларни қабул қилишни қисқартириш ҳамда бу билан қатор бюрократик тўсиқларни олиб ташлашга эҳтиёж борлигини кўрсатмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш қўмитаси томонидан иккинчи ўқишга тайёрланаётган “Фармацевтика соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида соҳага доир муҳим янгиликлар ўз ифодасини топган.

Бугунги кунда тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника давлат реестрига Маҳаллий дори воситалари 3268, МДҲ давлатлари дори воситалари 1619, Хорижий давлатлар дори воситалари 5515, In vivo ташхис воситалари 24, Тиббий техника 2634, Тиббий буюмлар 2131, In vitro ташхис воситалари 795, жами 16348 номдаги, 76 мамлакатнинг 1451 корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган фармацевтика маҳсулотлари киритилган.

Ушбу дори воситаларининг рецепт асосида ёки рецептсиз берилиши асосан давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ваколатли органи бўлган Фармацевтика маҳсулотларини хавфсизлик маркази томонидан белгиланади ва шакллантирилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилган ҳолда, мунтазам янгиланиб борилади.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда дори воситаларини ишлаб чиқараётган 40 та корхона – GMP - халқаро стандарт талабларига жавоб беради. 2024 йилнинг 1 январидан республикада фақат шу талабга жавоб берадиган фарм корхоналар иш олиб борилади. Шундай экан, дори ишлаб чиқаришда ишлатиладиган субстанцияларнинг қайта-қайта текширилиб тасдиқланишига ҳожат қолмайди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ҳамда “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунларнинг айрим нормаларига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Яъни, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатидан рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини йилига камида бир марта тасдиқлаш нормаси ҳамда дори моддалари (субстанциялар)ни давлат рўйхатидан ўтказишга оид нормани бекор қилиш назарда тутилмоқда.

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки бугунги кунда дори воситаларини ишлаб чиқариш амалиётига жорий қилинган халқаро стандартлар (GMP) ва сифат назоратига қўйилган талаблар доирасида субстанцияларни назорат қилишнинг альтернатив механизмлари жорий этилган.

Ушбу қонун лойиҳаси қуйи палатанинг 2023 йил 26 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Муҳокамалар давомида халқ вакиллари лойиҳани зарурати ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, уни янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича бир қатор таклифлар берган эди.

Ўтган даврда қўмитамиз томонидан мазкур қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган бир қатор ишчи гуруҳ йиғилишлари, давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказилди. Уларда соҳа мутахасисилари жалб этилиб, қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди ва депутатлар берган таклиф ва тавсиялар асосида қонун лойиҳаси такомиллаштирилди. Хусусан, амалиётдан келиб чиқиб, қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган дори воситаларини рецепт билан ёки рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартиби қонун лойиҳасида ўз аксини топмоқда.

Шу нуқтаи назардан айтганда, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали аҳолининг дори воситалари билан таъминланганлик даражаси ошириш, дори воситаларини ишлаб чиқаришда ортиқча тартиб-таомилларни бекор қилиш ва дори воситаларини ишлаб чиқарувчилар учун қўшимча шарт-шароитлар яратилади. Асосийси, маҳаллий дори воситаларини сифатли ишлаб чиқилиши ва аҳолига тез, арзон нархларда етказиб берилиши таъминланади.

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш