Ўзбекистон ХДП фракцияси муҳокамаси: Пластик картанинг эгаси банк эмас

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда банк-молия, пул-кредит йўналишларида аввалги давр билан таққослаганда мисли кўрилмаган ўзгариш, янгиланишлар рўй берди. Одамларнинг банкларга, нақдсиз пулга, пластик карталарга ишончи мустаҳкамлана бошлади.

Банк хизматлари турлари кўпайиб, улардан фойдаланиш, айниқса, кредит олиш тизими соддалашди. Маиший техникадан тортиб кийим-кечак, озиқ-овқатларни ҳам “ҳозир олиб, кейин тўлаш” имконияти мавжуд. Замонавий тезкор банк хизматларининг кўпайиши юртдошларимизга қулайлик яратяпти, албатта. Олинган пул маблағлари ўз вақтида тўланмас экан, банк ёки нобанк ташкилотлари билан мижозлар ўртасида муаммоли ҳолатлар юзага келади.

 

Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг кенгайтирилган мажлисида фуқароларнинг банк пластик карталаридаги маблағларини қонунга мувофиқ ҳимоялаш масаласи атрофлича кўриб чиқилди.

Адлия вазирлиги, Марказий банк, тижорат банклар ва бошқа ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирок этган йиғилишда банклар ва фуқаролар ўртасида вужудга келаётган муаммоларнинг ечими тўғрисида фикр ҳамда таклифлар билдирилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов соҳада амалга оширилаётган салмоқли ишларни эътироф этган ҳолда, сўнгги пайтларда кредит ёки микрокредит олган фуқароларнинг банк карталаридан, уларнинг кафилларининг карталаридан рухсатсиз пул маблағларини ечиш ҳолатлари кўпайганига урғу берди. Бу амалдаги қонунчилик талаблари бузилишига сабаб бўлмоқда.

Банк хизматлари жозибадорлигини ошириш бу тизимдагиларнинг энг муҳим вазифаси экани таъкидланди. Амалиётда, аксинча, одамлар кредит олишдан қўрқиб қолгани, бунинг сабаби қарздан кўра, унинг юки қарийб икки баробар ошиб кетаётгани экани қайд этилди. Оқибатда одамлар битта автомобиль сотиб олса, иккитасининг пулига тенг миқдорда фоиз тўлашига тўғри келмоқда.

Фоизларнинг юқорилиги, қарзни қайтаришда агрессив сиёсатнинг юритилиши мижозларни чўчитиб, кредит олишдан қочирмоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқи, инсонларнинг қадр-қиммати нуқтаи назаридан Марказий банк олдида қилиниши зарур бўлган қатор ишлар борлиги алоҳида таъкидланди.

Банклар ва мижоз ўртасидаги муносабатларга оид масала Ўзбекистон ХДПнинг ҳудудий ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари томонидан қатор ҳудудларда ўрганиб чиқилган, бу ҳақда умумий маълумот берилди.

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Фуқаролик кодексининг 783-моддасига биноан мижознинг кўрсатмасисиз пул маблағларини ечишга фақат суд қарори билан ёки фуқаролик кодексида, бошқа қонунларда белгиланган ёхуд банк ва мижоз ўртасидаги шартномада назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади. Бошқа вақтда карта эгасининг рухсатисиз пул ечиб олиниши ноқонуний ҳаракат саналади.

Аммо бир жиҳати шундаки, кодексда жисмоний ва юридик шахс ажратилмаган. Юридик шахснинг ҳисоб варағи бор ва ундан пул ечилиш тартиби кўрсатилган. Шунингдек, жисмоний шахс бирор бир қарздорлик, масалан, алимент, жарима тўласа, унинг кун кечириши учун маълум маблағ қолдирилади. Бироқ кредит билан боғлиқ ҳолатда барча маблағи ечиб олиняпти. У бемор, пенсия олувчи ёки ногиронлиги бор шахс бўлиши мумкин. Шу сабабли инсоннинг кун кечириши учун маблағ қолдириш масаласини шартномага, керак бўлса, қонунга киритиш зарур.

 

Баҳодир МИРЗАЕВ,

Марказий банк Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати раҳбари:

— Тўғри масалани кўтардингиз. Ҳатто суд ижрочилари ҳам муҳтож бўлган шахсларнинг маълум бир даромадига тегина олмас экан. Бундай тартиб банк тизимида борми, деб ўрганганимда бошқа мамлакатларда мавжудлигини кўрдим. Мана шундан келиб чиқиб, эҳтиёжманд кишиларнинг ҳаёт кечириши учун зарур бўлган маблағларни уларнинг ҳисобида қолдириш, яъни кредит қарздорлигини ундиришда ана шундай вазиятлар билан боғлиқ маълум бир чегара қўйиш таклифини киритмоқчимиз.

 

Ўткир НАЗАРОВ,

Адлия вазирлигининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи:

— Қарзни кечиктириш масаласида банклар мижозни тушунишни инкор этади, эшитмайди. Бу – ҳаёт. Ҳар хил ҳолат бўлиши мумкин. Яъни даромади кескин тушиб кетиши, касал бўлиб қолиши ёки бошқа бирор масала рўй бериши мумкин. Мижозларни кўпайтириш, уларнинг ишончини оқлаш учун балки банклар баъзи ҳолатларда истисно сифатида қарздорликни ундиришни кечиктириш бўйича ўзгартиришлар киритса, мақсадга мувофиқ бўларди. Тўғри, ҳаммага бирдек эмас, индивидуал тарзда имконият бериш керак, деб ўйлайман.

Яна бир томони, аксарият ҳолатларда фуқаро шартномани умуман ўқимайди. Буни кредит ҳужжатларини расмийлаштираётган банк ходими ҳам яхшилаб тушунтирмайди. Оқибатда ўз ҳуқуқларини билмаганидек, мажбуриятларидан ҳам бехабар равишда фуқаро ҳужжатга қўл қўяди. Шу сабабли юртдошларимизга шартномани ўқишни ўргатишимиз керак.

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— 2021 йили 18 фоизлик ипотека кредити ажратиш масаласи татбиқ қилинди. Лекин фуқаролар мурожаат қилса, ҳамиша ресурс йўқлиги айтилади. Бу доимги муаммога айланган.

Яна бир масала. Тадбиркорга имтиёз бериляпти, лекин эҳтиёжманд кишилар уй-жой олмоқчи бўлса, банкларда маблағ йўқлиги айтилмоқда. Бу давлат банкларига тегишли. Тижорат банкларининг фоиз ставкаси ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Марказий банк бу масалалар бўйича қандай изоҳ беради?

 

Баҳодир МИРЗАЕВ,

Марказий банк Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати раҳбари:

— Имтиёзли кредитларнинг тижорат манбаи банкларга тегишли эмас. Улар ҳукумат, махсус фондлар ёки бошқа манбалардан ажратилади. Демак, маълум маблағ бўлса, банкдан кредит берилади. Агар манбаи ёпилса, банкда ҳам имтиёзли кредит бериш имконияти бўлмайди.

Масалан, таълим кредитлари бериш айни пайтда тўхтатилган. Чунки уларнинг манбаи тижорат банкларининг омонатлари ёки ўзининг пули эмас. Молия вазирлиги томонидан молиялаштирилган лойиҳа. Агар молиялаштириш тўхтатилса, банк томонидан ҳам чиқиш, афсуски, тўхтайди.

Тижорат банкларида кредит фоизларининг жуда юқорилигига келсак, бу ҳақиқат ва бу билан курашиш керак. Айни пайтда Марказий банкнинг тегишли департаменти инфляцияни тушириш орқали фоизларни камайтириш чораларини топишга ҳаракат қиляпти.

 

Шерзод РАҲМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Биламизки, кредит олиш вақтида фуқаро кафил топа олмаса, суғурта полисидан фойдаланиш тартиби жорий қилинган. Бугунги кунда қанча жисмоний шахс ушбу тизимдан фойдаланди, умуман, тизим қандай ишламоқда?

 

Баҳодир МИРЗАЕВ,

Марказий банк Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати раҳбари:

— Суғурта полиси олганлар ҳақида қўлимда аниқ маълумот йўқ ва бунинг учун узр сўрайман. Лекин тизимда муаммолар кам эмас.

Масалан, амалиётда дуч келдик. Суғурта компаниялари “бу мижоз шартномадаги мана бу шартни бажармагани сабабли унга пул тўлаб бермайман” деган важларни кўрсатади. Ўрганилганда эса мижоз ўша шартни ҳатто ўқимаган бўлади. Баъзида эса мижозлар, яъни қарздор “мен олган кредитни тўламасам ҳам бўлаверади, суғурта компанияси қарзимни қоплаб беради” деган тушунча билан кредит олади.

Тўғри, суғурта компанияси унинг қарзини тўлаб беради. Лекин суғурта компаниясига ўтган кредитни барибир фуқародан ундириб олади. Афсуски, молиявий саводхонлик етишмаслиги сабабли, айрим шахслар суғурта полисини сотиб олдим ва мен қарзимни тўламасам ҳам бўлади, ҳаммасидан қутуламан, деб хато ўйлайди. Қонунга кўра эса қарзни барибир тўлаб бериши шарт.

 

Елена БАБЕНКО,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Қарз олувчи билан суғурта ташкилоти ўртасида қарз олувчининг банк карталаридан маблағларни акцептсиз тарзда ечиб олиш юзасидан шартнома тузилмаган ва бундай ҳуқуқнинг нобанк ташкилотларига берилиши қонунчиликда кўзда тутилмаган. Тижорат банклари томонидан фуқароларнинг банк карталаридаги пул маблағларини ушбу банк карталари эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминламаган ҳолда ҳисобдан чиқарилишига (шунингдек, бундай имкониятни суғурта ташкилотлари учун яратилишига) йўл қўйилганлиги фактлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келмоқда. Яна бир жиддий масала фуқаролар номидаги бир нечта картадан кредит қарздорлиги учун пул ечиб олинаётгани билан боғлиқдир.

Бундан ташқари, сўнгги вақтларда рақамли банклар ривожланиб, мобиль иловалар орқали кредит олиш имкониятлари кенгаймоқда. Расмийлаштириш жараёнларида одатда қарз олувчи фуқародан ташқари яна бир неча яқинининг мобиль рақами ҳам сўралади. Мижоз уларни киритгач, ўша инсонлар ўзи хабардор бўлмаган ҳолда бевосита кафилга айланмоқда. Қарз олган шахс кредитни ўз вақтида қайтармаса, унинг танишига банк томонидан мурожаатлар қилина бошлайди. Ўша одам ўзи хабардор бўлмаган масала учун қайта-қайта безовта қилинади.

Фракциямиз аъзолари мазкур ҳолатлар нафақат партия электорати манфаатларига зидлигини қайд этади, балки барча фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келмоқда, деб ҳисоблайди. Масалага қонуний баҳо бериш зарур.

Мажлисда банклар ва уларнинг хизматидан фойдаланувчи фуқаролар ўртасида вужудга келаётган муаммолар, уларнинг ечими юзасидан мутахассислар ҳамда Ўзбекистон ХДП депутатлари, фаоллари таклифлари тингланди.

Қонунчиликдаги бўшлиқларни тўлдириш, кўтарилган масалаларни ҳал қилиш учун ҳамкор ташкилотлар билан чуқур ўрганишлар олиб бориш, зарурат бўлса, депутатларимиз томонидан қонун ташаббускорлигини амалга ошириб, амалдаги қонунларга ўзгартиришлар киритиш масаласини ҳам кўриб чиқишга келишиб олинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 17.01.2023, №2

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш