Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши медиа марказида “Ҳудудларда 2023 йилда янги иш жойлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳолатини ўрганиш” якунларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳар кенгаши билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган тадбирда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Марказий Кенгаши масъуллари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, партия фаоллари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Йиғилишни кириш сўзи билан очган ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова сўнгги йилларда аҳоли бандлигини таъминлаш, аҳолининг даромадларини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар салмоғига тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг асосий мақсади иш ўринларини кўпайтириш ва камбағалликни қисқартиришдир.
Йиғилишда Самарқанд вилоятида 2023 йилда янги иш жойлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳолатини ўрганиш якунлари ўқиб эшиттирилди. Ютуқлар эътироф этилиб, йўл қўйилган сусткашлик ва камчиликларнинг асл негизлари муҳокама қилинди.
Давра суҳбатида шунингдек, партия электорати бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳолати ҳам муҳокама қилинди. Мулоқотга таклиф қилинган Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти Бошқаруви раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Абдурахмон Абдуллаев сўзга чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар хусусида гапириб берди. Соҳада ечимини кутаётган баъзи масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар тингланиб, таклифлар ўртага ташланди.