Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликка тортиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.
Ҳозирги кунда скутерлар ва индивидуал ҳаракатланиш воситалари мамлакатимизда оммалашиб кетганлиги сабабли ушбу воситалар томонидан содир этилган қоидабузарликлар учун жавобгарликни белгилаш зарурати юзага келмоқда. Қонун лойиҳаси билан Кодекснинг 138-моддасига скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги, белгиланган тартибда нур қайтаргич ва чироқлар билан жиҳозланмаган индивидуал ҳаракатланиш воситалар, мопед ва велосипедларни бошқариш, шунингдек, индивидуал ҳаракатланиш воситалари, мопед ва велосипедлар ҳайдовчиларининг йўловчиларни ташиш қоидаларини бузиши ҳамда алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст бўлган ҳолда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, юк автомобилларида йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланиш ҳамда чапга бурилишда ёки қайрилиб олишда тенг аҳамиятли йўлдан қарама-қарши йўналишдан тўғрига ёки ўнгга ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл бериш қоидаларини бузганлик, индивидуал ҳаракатланиш воситалари, скутер ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлиги ёки маст эмаслигини белгиланган тартибда аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши каби ҳолатлар учун ҳам жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилмоқда.
Фракция аъзолари Қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирар эканлар, йўл ҳаракати қоидаларига ҳамма бирдек амал қилиши, қоидабузарларга жавобгарликнинг ошириши жуда кўплаб бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилишини эътироф этдилар. Шунингдек, йўл ҳаракати иштирокчиларнинг маданиятини ошириш ҳам муҳим масалалардан бири эканлиги таъкидланди. Қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар берилиб, 1-ўқишда маъқулланди.
Йиғилишда шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни иккиламчи ижарага бериш ва улардан самарали фойдаланиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 1-ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур лойиҳа барча ер усти сув объектларида сувнинг оқилона бошқарилиши, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этиш, пиллачилик соҳасини янада ривожлантириш каби мақсадларда ишлаб чиқилган.
Депутатлар қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида пиллачилик кластерлари, тутчилик ва пиллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига янги тутзорлар барпо қилиш учун лалми ва яйлов ерлари ҳисобидан ер ажратишнинг ҳуқуқий тартиби белгиланаётгани мақсадга мувофиқлигини қайд этдилар. Бу пилла хом ашёси етиштиришнинг кафолатли озуқа базасини яратишга хизмат қилиши билан бирга соҳани янада ривожлантиришга замин яратади. Қонун лойиҳаси кенг қамровли бўлиб, киритилаётган айрим ўзгартиришлар юзасидан тортишувлар юзага келди. Депутатлар партия электорати манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ўз таклифларини билдиргач, Қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан маъқулланди.