Ўзбекистон ХДПнинг сайловолди дастурида давлат ва жамият томонидан ижтимоий ҳимоя ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш муҳим вазифа сифатида белгиланган.
Ижтимоий сиёсат мамлакатимизда давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири эканлигини юртимизда ижтимоий ёрдамлар кўлами кенгайиб бораётганлиги, соҳада мутлақо янги тизим жорий этилиб келинаётганлигидан ҳам кўришимиз мумкин. Шу асосда муаммога оид мавҳум кўрсаткичлар эмас, балки ёрдам ва кўмакка муҳтож ҳар бир оила ва нуронийнинг, хотин-қизлар, ёшларнинг муаммолари ўз жойида аниқ ўрганилмоқда, улар вақтида ва самарали ҳал этилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг устувор йўналишларида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларининг касб-ҳунар эгаси бўлиш истагидаги 10-синф ўқувчилари учун тегишли ҳудудларда талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатиш курслари жорий этилмоқда.
2023 йил 1 октябрдан бошлаб оғир ҳаётий вазиятга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида “ижтимоий хизмат иши”ни юритиш тартиби амалиётга жорий этилмоқда. Бунда, ушбу оилалар шароитини яхшилаш, уларни даволаш, дори воситалари билан таъминлаш, фарзандларини мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларига жойлаштириш, моддий ёрдам бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатиш назарда тутилади;
Шуни таъкидлаш керакки, ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг аниқ манзилли хусусиятга эга экани ҳар бир муҳтож инсонга унинг реал эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда. Бунда ушбу тоифага мансуб ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмаслигига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Шу асосда жамиятимизнинг ижтимоий манзараси бутунлай ўзгармоқда, самарали бошқарувнинг натижадорлиги ошмоқда, энг муҳими, одамларнинг ҳаётга, меҳнатга, ўзининг тақдири ва эртанги кунга ишончи ортмоқда.
Боймурод Юсупов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.