Парламент ишчи гуруҳи Наманган вилоятида қандай натижаларга эришди?

 

Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат республика ишчи гуруҳи 19-21 февраль кунлари Наманган вилоятида бўлиб, 30 та учрашув ва 12 та мулоқот ўтказилди.

Ушбу тадбирларда аҳоли вакиллари, 240 нафарга яқин маҳаллий Кенгаш депутатлари, сиёсий партиялар ташкилотлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўтказилган қабул ва учрашувлар давомида аҳоли томонидан турли соҳалар бўйича жами 115 та муаммо-масала кўтарилди. Жумладан, таълим муассасаларида спорт залларини қуриш, тиббиётда олий маълумотли мутахассисларнинг етишмаслиги, қишлоқ оилавий поликлиникаларни қайта тиклаш, Ободонлаштириш марказларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ишсизлик масаласи, тиббиёт ускуналари билан ишлаш бўйича кадрлар тайёрловчи факультетлар очиш, ижтимоий нафақалар тўланишидаги муаммолар ўрганилди.

Кўтарилган масалалардан 32 таси жойида ҳал этилди, қолган масалалар вилоят ва республиканинг мутасадди ташкилотларига депутатлик сўровлари юбориш, фракция эшитувлари институтларидан самарали фойдаланган ҳолда ҳал этилишига келишиб олинди.

Маҳаллий Кенгаш депутатлари учун ўтказилган ўқув-семинарларда ижтимоий соҳа вакиллари, тадбиркорлик субъектлари ва ёшлардан турли йўналишларда 40 та таклиф берилди.

8 та шаҳар ва туманда маҳаллий кенгаш депутатларининг Халқ қабулхоналари билан бирга ишлаш тажрибаси: муаммо ва камчиликлар жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда бўлганда “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳиятидан жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида 45 та маҳалла фуқаролар йиғинида тарғибот ўтказилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ халқ депутатлари Наманган шаҳар, Мингбулоқ, Косонсой, Наманган, Тўрақўрғон, Уйчи, Чортоқ ва Янгиқўрғон туман Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Ўқув-семинарларда партия гуруҳларига амалий ёрдам бериш, ҳудудий партия ташкилотларининг фаолиятини жонлантириш, улар олдида турган муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга эътибор қаратилди, жойларда депутатлик ва жамоатчилик назоратини такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди.

Парламент ишчи гуруҳи фаолияти марказий ва маҳаллий ОАВ да фаол ёритиб борилди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш