2022 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади.
Фаолият туридан қатъи назар юридик шахс ташкил қилиб, фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектларда меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган аёлларга “декрет” пулининг бир қисми, яъни 2 миллион сўми давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилади. Умумий тартиб Меҳнат кодексига асосан ишлайди.
Ўз навбатида, ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олувчиларга айрим талаблар бор. Масалан, нафақага талабгор аёл камида узлуксиз 6 ой давомида ўша корхонада ишлаган бўлиши лозим. Шу билан бирга, ягона миллий меҳнат тизимида расман банд бўлгани, корхона томонидан меҳнат дафтарчаси очилгани ҳамда унинг буйруқлари корхона томонидан киритилгани ҳисобга олинади.
Яна бир муҳим жиҳати, 6 ой давомида аёлнинг Давлат солиқ қўмитаси маълумотлар базасида даромадлари ва солиқ тўловлари акс эттирилган бўлиши зарур. Ушбу тартиб 2022 йилнинг 1 сентябридан бошлаб амалиётга татбиқ этилди.
“Декрет пули”ни олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?
Ҳеч қаерга мурожаат қилиш шарт эмас, жараён про-актив (электрон кўрсатиладиган хизмат) тарзда амалга оширилади. Аёллар “декрет”га чиқишдан олдин хоҳлайдими, йўқми, тиббиёт муассасаларига мурожаат қилиб, “болничный лист” олишади. Тиббиёт муассасаларида IT (айти) ҳамширалар бор, улар бюллетен беришдан олдин аёлни ягона ижтимоий ҳимоя реестрига алоҳида рўйхатдан ўтказишади.
“Декрет” пули ажратиш жараёни қандай кечади?
Биринчи босқич рўйхатга олишдан бошланади. Маълумотлар тўғри киритилса, улар базага тушади, кейинги босқичда электрон текшириш бошланади. Яъни, маълумотлар базага келиб тушгач, УЗАСБО дастури орқали аёл юридик шахсда ёки давлат ташкилотида ишловчи экани аниқланади.
Ҳозирги кунда давлат муассасаларида ишловчи аёлларнинг нафақа пули давлат бюджетидан тўлаб берилади, шунинг учун агар у аёл давлат ташкилотида ишласа, унга “декрет” пули давлат томонидан тўлаб берилиши кафолатланган. Агар аёл ҳам давлат ташкилоти ва ҳам хусусий секторда ишласа, бунда унинг биринчи иш жойи инобатга олинади.
Ҳар иккала томондан декрет пули тўлаб берилмайди. УЗАСБОдан текшириб бўлгандан кейин аёлнинг маълумотлари кейинги босқичга ўтказилади. Бу босқичда Давлат солиқ қўмитасининг базаси ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ягона миллий меҳнат тизими орқали электрон текширилади.
Бу иккаласида ҳам аёлнинг базага киритилган (айти ҳамширасига берилган) телефон рақамига “сизга нафақа тайинланди, кейинги ойнинг 10-санасигача пул тўлаб берилади”, деган “смс” боради. Худди шу маълумот Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар базасида иш берувчининг шахсий кабинетига ҳам юборилади.
Аёл нафақани олиши ҳақида билди, энди тадбиркор умумий тўлаб берилиши керак бўлган суммадан 2 миллион сўмини чегириб, қолганини тўлаб беради. Нафақа қандай шаклда тўлаб берилади?
Агар аёлда пластик карточкаси бўлса, охирги транзакцияси 60 кундан ошмаган карточкасига пул ташлаб берилади. Агар унда картаси бўлмаса ёки охирги транзакция муддати 60 кундан ошиб кетган бўлса, картага ташлаб берилмайди. Бундай ҳолларда, ўзига яқин “Халқ банки”га мурожаат қилиши кераклиги ҳақида “смс” боради. Бунда нафақа нақд пулда тўлаб берилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2024 йилги давлат бюджети лойиҳасида “декрет пули” прогнози қисқарганини изоҳларкан, 2023 йилда хусусий секторда ишлаётган 130 минг аёлга 300 млрд сўм ажратиш режалаштирилгани, бироқ 300 млрд сўмнинг атиги 50 миллиард сўми ўзлаштирилган бўлиб, шу боис жорий йил учун прогноз 100 млрд сўмга туширилганини таъкидлайди.
2024 йилги бюджет лойиҳасини тайёрлашда 2023 йилнинг ҳақиқий харажатлари инобатга олинган бўлиб, кейинги йилда хусусий секторда ишловчи 40 мингдан ортиқ (2023 йилга нисбатан 2 баравар кўп) аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси учун 100 млрд сўм кўзда тутилмоқда.
Бу дегани 2023 йилда хусусий секторда ишлаётган аёлларнинг “декрет пули” учун давлат бюджетидан ажратилган 300 млрд сўмнинг атиги олтидан 1 қисми, яъни 50 млрд сўми ўзлаштирилган. Хусусий секторда ишлаб, ҳомиладорлик нафақасига чиққан 25 000 нафар аёл ушбу имтиёздан фойдаланган, 105 минг нафари эса фойдаланмаган.
Шу ерда ҳақли савол туғилади. 2023 йил Давлат бюджетидан ажратилган маблағ нега ишлатилмай қолди? Бунга сабаб оддий, яъни ҳусусий секторда ишлаган, ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан аёлларнинг аксарияти “декрет пули”ни ололмаган. Ўрганишларга кўра, кўпчилик аёллар ушбу тартиб жорий этилганидан хабардор эмаслиги маълум бўлган.
Шунингдек, хусусий секторда норасмий ишлаб (меҳнат дафтарчаси очилмай), кунлик маош олаётган хотин-қизлар ҳам бу имтиёздан фойдалана олишмаяпти. Расман ишга қабул қилиниб, меҳнат дафтарчаси очилган бўлса-да, корхона томонидан Ягона миллий меҳнат тизимида аёлнинг расман банд бўлгани ҳақида маълумот киритилмагани ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар базасида даромадлари ва солиқ тўловлари ўз аксини топмагани ҳам ана шундай ҳуқуқлардан фойдаланилмай қолишга олиб келмоқда.
Масаланинг яна бир томони, бирор ташкилот ёки корхонада расман иш боошлаганига ҳали 6 ой бўлмаган хотин-қизлар ҳам давлат бюджети томонидан ажратилаётган “декрет пули”ни ололмаяпти. Меҳнат кодексининг 233-моддасига кўра, аёлларга туққунга қадар етмиш календар кун ва туққанидан кейин эллик олти календар кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календар кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.
Тегишли фармон билан хусусий секторда банд бўлган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг бир қисми бюджетдан компенсация қилинади. Агар бюджетдан ташқари ташкилотда ишловчи аёл охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлмаса, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланмайди. Бу ҳолатда нафақани иш берувчи ўзи тўлиқ тўлайди. Агар аёл охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлса, ҳар ой учун давлат томонидан минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Бугунги кунда бир ойда киши бошига минимал истеъмол харажатлари 621 минг сўмни ташкил этади.
Масалан, 126 календарь кун учун ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тахминан 6 миллион деб олсак, агар у охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлса, давлат томонидан тахминан 2 миллион 484 минг (4 ой * 621 минг сўм) сўм нафақа давлат томонидан, қолган қисми эса иш берувчи томонидан тўланади. Агар аёл охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлмаса, у ҳолда 6 миллионни барчасини иш берувчи ўзи тўлиқ тўлайди.
Иш берувчи ходимга “декрет пули”ни тўлаб бермаса-чи?..
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини қонунчиликда белгиланган миқдорларда тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаш БҲМнинг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, БҲМнинг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агар меҳнат ҳуқуқлари бузилиши кузатилса, ходим ўз ҳудудидаги меҳнат инспекциясига, прокуратура ёки адлия органларига мурожаат қилиши мумкин.
Юқоридаги таҳлиллардан шундай хулосага келиш мумкин, аёлларнинг қонунчиликда белгиланган имтиёзлардан тўғри ва тўлиқ фойдаланишларини таъминлаш учун депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиб, доимий мониторингини олиб бориш лозим. Бунинг учун хусусий секторларда банд бўлган аёллар рўйхатини шакллантириб, нечта аёл декретга чиқди, нечтаси декрет пулини олгани бўйича Статистика агентлиги томонидан ҳисоб-китоби юритилиб, эълон қилиб борилса мақсадга мувофиқ бўлади ва аниқ натижага эришилади.
Бундан ташқари, аёлларни қонунлардан, итиёзлардан хабардорлигини ошириш, ОАВ, ижтимоий тармоқларда доимий маълумотлар бериб бориш, масъул ташкилотлар томонидан тарғибот тадбирларини кўпайтириш зарур. Муҳими, хусусий секторда ишлаётган аёллар ҳам ўз ҳақ ва ҳуқуқларини талаб этишни ўрганиши керак.
Гулшан АСАТОВА,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари,
Республика Оқила аёллар ҳаракати аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 24.01.2023, №3