Жамият, айниқса, ёшлар ҳимоясини кучайтириш зарур

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар, шунингдек кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.

Гиёҳвандлик воситаларини тарғиб қилишнинг янги усуллари пайдо бўлиб, сўнгги вақтларда “наркограффити”, яъни интернет-дўкон манзилининг матни ёки графикасини чизиш орқали реклама қилиш кўпаймокда. Шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш учун мижозларни топишда ахборот технологиялари ва интернетдан фойдаланиш ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда. Бундан ташқари, гиёҳвандлик воситаларини ўтказишда вояга етмаганлардан ҳам фойдаланилмоқда. Жамият учун, айниқса, ёшлар учун хавфли бу каби қилмишларга қатъий жазо белгиланиши муҳимлиги қайд этилди.

Қонун лойиҳасига асосан гиёҳвандлик воситаларини ҳамда кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни, жумладан, ОАВ, Интернет ва ижтимоий тармоқларда тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш учун маъмурий жавобгарлик, бу бир йил ичида такроран содир этилганда эса жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

 

Гиёҳвандлик воситалари билан ноқонуний муомала қилиш ҳамда уларни истеъмол қилишга жалб этиш билан боғлиқ жиноятларни содир этиш учун вояга етмаган шахсни жалб қилиш ёки телекоммуникация тармоқлари, шунингдек, Интернетдан фойдаланиш ҳолатлари оғирлаштирувчи ҳолат деб топилиши ва оғирроқ жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Бу борада Жиноят кодексига қўшимча жавобгарликлар киритиш назарда тутилмоқда.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова лойиҳа юзасидан савол билан мурожаат қилди:

– Жавобгарликни кучайтириш билан боғлиқ таклифларни қўллаб-қувватлаган бўлардим. Сабаби, бу юртимизнинг келажагига дахл қиладиган масала. Лойиҳанинг мазмунидан англаш мумкинки, биз оқибатга қарши курашмоқчимиз. Мамлакатимиз ичкарисида ҳам бу моддаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйган кимсалар бор. Уларга қарши курашиш учун қандай таклифларингиз бор?

Депутатнинг саволига Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошқарма бошлиғи ўринбосари Зафар Абдухолиқов жавоб берди:

– Бошқармамиз томонидан охирги олти ойда 30 кг га яқин синтетик-наркотик моддалар олиб қўйилган. Аниқланган ҳолатлар бўйича текширувлар шуни кўрсатмоқдаки, моддаларнинг катта қисми, яъни тахминан 90 фоизи хорижий мамлакатларда ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон ҳудудига турли йўллар билан кириб келган. Юртимизда бу моддаларнинг савдоси таъқиқланган. Шу кунгача мамлакатимизда бир дона бундай лобаратория аниқланган.

Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилар экан, фарзандларимизни турли иллатлардан, жиноятчиликдан ҳимоя қилиш, муҳофазалашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтдилар. Қонунни янада такомиллаштириш юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Таклиф ва тавсиялар берилгач, лойиҳа биринчи ўқишда маъқулланди.

Йиғилишда, шунингдек, баҳолаш фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Ҳужжат орқали муаммоли ҳолатларни бартараф этиш мўлжалланган. Хусусан, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ишончлилигини текшириш билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилиш, фуқароларнинг ортиқча харажатларини камайтириш, республикамизда мол-мулкнинг ҳақиқий қийматини аниқлашда ягона ёндашувни жорий этиш мақсад қилинган.

Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида лойиҳада айрим тушунарсиз жойлар борлиги таъкидланди. Депутатлар аниқлаштирувчи саволлар билан мурожаат қилди.

 

Фракция аъзолари яна бир қанча саволлар билан мурожаат қилди. Қизғин муҳокама ҳамда фикр-мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси маъқулланди, эътирозлар иккинчи ўқишгача бартараф этилиши таъкидланди.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш