Авазбек Ўринбоев: Ишга жойлашишдаги “таниш-билишчилик”га барҳам берилади

 

Муҳтарам Президентимиз 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлаётгани, бу ёвуз балонинг олди олинмас экан ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмаслиги, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Сир эмас, кўп ҳолларда ана шу иллат аҳолини иш билан таъминлаш борасида тўғаноқ бўлиб келмоқда. Бугунги кунда иқтисодиётимизнинг аксарият соҳаларида ишга жойлашишда “таниш-билишларни ишга солиш” ҳолатлари мавжуд. Бу ҳам коррупциянинг бир кўринишидир.

Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган янги таҳрирдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида акс эттирилаётган нормалар иш ўрнини топиш ва ишга жойлашиш билан боғлиқ муаммоларга барҳам беради. Жумладан, қонун лойихасига киритилаётган “Мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча иш берувчилар томонидан мажбурий тартибда бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар ҳар ойда, шунингдек, ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги ахборотни улар озод этилишидан камида икки ой олдин меҳнат органларига тақдим этилиши хамда бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни яширганлик, уларни ўз вақтида тақдим этмаслик, шунингдек, ҳар бир ходимнинг мўлжалланаётган ишдан озод этилиши тўғрисидаги ахборотни меҳнат органларига тақдим этмаслик учун иш берувчи Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлиши” тўғрисидаги ўзгартишлар айни шу мақсадларни кўзда тутади.

Бундан ташқари, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида “Меҳнат муносабатлари ва меҳнатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда меҳнат бозори инфратузилмасини ривожлантириш” ҳамда “Ягона миллий меҳнат тизими” электрон дастури ишга туширилиши белгиланган. Яьни ишга жойлаштириш жараёнларида илғор информацион технологияларни жорий этиш, меҳнат бозорида ишга жойлаштириш борасида хизматлар кўрсатишда замонавий инфратузилма ва рақобат муҳитини шакллантириш орқали меҳнат бозорида ошкоралик ва шаффофликни таъминланишига эришилади, бу эса ишга жойлашишдаги коррупциоген ҳолатлар, хусусан “таниш-билишчилик” иллатига барҳам беришга ёрдам беради.

 

Авазбек Ўринбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аьзоси,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

www.parliament.gov.uz

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш