Сиёсатдаги аёллар: Янгиариқлик «Депутат опа»

 

Умр мазмуни, ҳаётнинг асл моҳияти ҳақда гап кетар экан, беихтиёр улуғ шоир Навоийнинг «Одамий эрсанг демагил одамий, ониким йўқ халқ ғамидин ғами», деган пурмаъно мисраларини эслаш кифоя. Дарҳақиқат, бу оламда яхшилик билан яшашдан ортиқ бахт йўқ. Шу маънода, депутатлик мақоми ҳар бир инсон учун улкан шарафдир. Депутатнинг зиммасидаги масъулият катта. Халқнинг дарду-ташвишлари, муаммоларини ҳал қилиш, қувончига шерик, ташвишларига камарбаста бўлишдек улкан юкни ҳис қилиш учун эса шунчаки депутатликка эришишнинг ўзи камлик қилади. Зеро чинакамига халқ вакили деган улуғ номга сазовор бўлиш учун инсонда, аввало шу элга, юртга фидойилик, жонкуярлик салоҳияти бўлиши лозим.

Ўзбекистон ХДП Янгиариқ туман кенгаши депутати Барно Қўчқорова ана шундай фидойи хотин-қизларимиздан биридир. Ўзи ёш бўлишига қарамасдан, Б.Қўчқорова тумандаги кўплаб хотин-қизлар, аёлларнинг яқин кўмакчиси, маслаҳатгўйи, керак бўлса, ишонган дўсти сифатида кўплаб хайрли ишларга бош бўлмоқда. Ҳам депутат ҳамда Янгиариқ туман ҳокимлигининг хотин-қизлар бўлими бошлиғи сифатида айнан аёлларнинг муаммоларини ўрганиш, турмуш шароитларини яхшилаш, дунёқарашларини ўзгартириш, эртанги кунга бўлган ишончини ошириш, жамиятда ўз ўрнига эга бўлишларига кўмак бериш мақсадида самарали фаолият кўрсатмоқда.

Б. Қўчқорованинг ҳар бир иш куни маҳаллаларда, аҳоли хонадонларида бўлиш, хотин-қизлар билан суҳбатлашиш, уларнинг қалбига қулоқ тутиш билан бошланади, десак асло муболаға бўлмайди. Очиғини айтганда, янгиариқликлар орасида Б. Қўчқоровани «Депутат опа» деса ҳамма танийди.

– Барнохоннинг тиниб-тинчимаслиги, меҳнатсеварлигининг исботи сифатида айтиш мумкинки, биз уни иш кабинетига излаб боришимизга ҳожат йўқ. Чунки Барнохонни қўл телефони ҳамиша ёқиқ. Муаммомиз ҳақда бир оғиз айтадиган бўлсак, ўзлари яшаш манзилимизга келиб, таклиф ва талабларимизни диққат билан эшитадилар. Баъзи раҳбарларга ўхшаб туман ҳокимининг ўринбосариман, қабул кунларимда келинг, шикоятингизни ёзма равишда юборинг, қабилидаги ортиқча гап-сўзларни эшитмаганмиз, дея эътироф қилишди «Чиқирчи» маҳалласида истиқомат қилувчи хотин-қизлар.

Барно Қўчқорова раҳбарлигида туман аҳолисининг турмуш шароитларини «маҳаллабай,» «хонадонбай» ўрганиш натижасида ўтган 2023 йилда 39 та махаллада бўлиб, 22 минг 103 та хонадонларга кириб ўрганилди ва 26796 нафар 30 ёшдан юқори бўлган хотин-қизлар билан суҳбат ўтказилди ва «Анкета сўровнома»лари тўлдирилди.

Эътиборли томони шундаки, ушбу анкета сўровнома асосида 2113 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 327 нафар хотин-қизлар, 384 нафар боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд аёллар, 310 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож 1-2-гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар, 30 нафар уй-жойга муҳтож хотин-қизлар, 256 нафар қарамоғида ногирон фарзанд тарбиялаётган хотин-қизларнинг ҳар бирига индивидуал ёрдам бериш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Ушбу масалалар туман кенгаши сессиясида кўрилиб, 3420 нафар хотин-қизга амалий ёрдамлар берилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож кам таъминланган аёлларнинг муаммолари эса ўз навбати билан ҳал қилинмоқда. Бунда депутатлик сўровлари орқали ижро ҳокимиятининг масъулиятини ошириш, бевосита муаммоларга ечим топиш амалиёти анча иш бермоқда.

Ўтган 2023 йилда Янгиариқ туманида 54 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар холидан хабар олинди. 22 нафарига ногиронлик аравачалари, 18 нафарига эшитиш мосламалари, 14 нафарига эса қўлтиқ хасса ва хассалар топширилди. 60 нафар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёллар давлат ҳимоясига олиниб, уларга ҳимоя ордери берилди. «Аёллар дафтари» да оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг 26 нафарига ҳуқуқий ва 46 нафарига психологик ёрдам кўрсатилди, жумладан 2 нафарига уй-жойини кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, 5 нафарига ОТМга контракт тўловлари тўлаб берилди, 1 нафарига фарзандини даволатиш учун, 16 нафарига ўзлари даволаниши учун маблағлар ажртилди.

Жами 944 нафар хотин-қизларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 млрд 12 млн 920 минг сўмлик бир марталик ёрдам маблағлари тарқатилди.

Хотин-қизларнинг дунёқарашини кенгайтириш, билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида партиямиз томонидан илгари сурилаётган «Соғлом оила-соғлом жамият», «Эрта турмуш-келтирар ташвиш», «Қиз бола бўлғуси оила бекаси» мавзусидаги, шунингдек, хотин-қизларни маиший зўравонликлардан асраш, уларнинг ҳуқуқий онгини шакллантиришга қаратилган «Зўравонликка қарши 16 кун» шиори остида турли хил тарғибот тадбирларида ҳар ишда фаоллик кўрсатишга интилаётган Барно Қўчқорованинг ўрни катта бўлмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Янгиариқ туманида 120 минг 890 нафар аҳоли истиқомат қилиб, шундан 59 минг 888 нафар хотин-қизнинг турмуш фаровонлигини ошириш борасида туманда самарали ишлар амалга ошириляпти. Касб-ҳунарли бўлиб, ўз тадбиркорлиги орқасидан фойдали меҳнат билан шуғулланаётган, оиласи даромадига муносиб ҳисса қўшаётган аёллар сони кўпаймоқда.

Ҳаёт давом этар экан, пасту баландликлар, қийинчилигу-машаққатлар, қувончу-ташвишлар билан кечиши табиий ҳол. Ана шундай вазиятларда Барнохон ўзининг депутатлик ваколатидан ташқари чин инсонийлик нуқтаи-назаридан ҳам хотин-қизларга мадад бўлишга чорланади. Янгиариқлик оддий аёллар таъбири билан айтганда, «Депутат опа» уларнинг ҳар қандай талаб, таклиф ва муаммоларини эътибордан асло четда қолдирмаслигини яхши билишади.

Бу эса ўз фаолияти билан эл меҳрига сазовар бўла олган партиямиз фаоли, шижоатли депутат Барнохон Қўчқоровага халқнинг ишончи ва ҳаққоний эътирофидир.

 

Меҳрибон Исмоилова,

Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши

«Хотин-қизлар ва ёшлар бўлими» бошлиғи.

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш