Ҳар бир тизимнинг ўзига хос ишлаш услуби, амал қиладиган меъёрлари, тартибга солиб турадиган қонуний асослари, бажарадиган вазифалари мавжуд. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг фаолияти ҳам бундан мустасно эмас. Жамиятга кириб келадиган ҳар бир қонуннинг «дунёга келиш» жараёнини Қуйи палатанинг иш фаолиятида кузатишимиз мумкин.
Қонунчилик палатасининг яна бир йиғилиши бўлиб ўтди. Унда муҳокамадан ўтган масалаларнинг баъзилари осон, яна бошқалари эса бироз қийин, шартли ва баҳслар билан маъқулланди.
Биринчи ўқишда кўриб чиқилган «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси билан Уй-жой кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Яъни, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилишига йўл қўйилмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ва у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши кафолатланмоқда.
Депутатлар лойиҳанинг концепцияси бугунги кун учун жуда ҳаётий ва зарур эканлигини таъкидлаши билан бирга, лойиҳада компенсация нима эканлиги, унинг тартиби аниқ очиб берилишига зарурат борлигини ҳам айтиб ўтди.
Лойиҳа биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқуллангандан сўнг, палата Спикери қонун ташаббускорларига лойиҳага юзаки муносабатда бўлмаслик кераклиги, киритилаётган баъзи ўзгартишлар асослантирилмаганлиги, уларни амалга ошириш механизмлари очиб берилмаганини келтириб, иккинчи ўқишгача қаттиқ ишлаш кераклигини айтди.
Оқибатга қарши курашамизми?
Йиғилишда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар, шунингдек, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомаласига қарши курашишга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Бугунги кунда вояга етмаган шахсларни жалб қилган ҳолда ҳамда телекоммуникация тармоқлари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш орқали гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомаласи кўпайиб бораётганлиги жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Мазкур лойиҳа билан гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни телекоммуникация тармоқлари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик, ушбу жиноятларни вояга етмаганларни жалб қилган ҳолда содир этганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Бир кун аввал бўлиб ўтган Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг фракция йиғилишида ЎзХДП фракцияси аъзоси Мақусда Ворисова муҳим саволни ўртага ташлаганди.
– Мен лойиҳада белгиланаётган жавобгарликларнинг янада кучайтирилишини қўллаб-қувватлаган бўлардим. Сабаби, бу юртимизнинг келажагига дахл қиладиган масала. Лойиҳанинг мазмунидан англаш мумкинки, биз оқибатга қарши курашмоқчимиз. Лекин мамлакатимиз ичкарисида ҳам бу моддаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйган кимсалар йўқ эмас. Уларга қарши курашиш учун қандай таклифларингиз бор?
Маъсул бошқармамиз томонидан сўнги олти ойда 30 кг га яқин синтетик-наркотик моддалар олиб қўйилган. Аниқланган ҳолатлар бўйича текширувлар шуни кўрсатмоқдаки, моддаларнинг катта қисми, яъни, тахминан 90 фоизи хорижий мамлакатларда ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон ҳудудига турли йўллар билан кириб келган. Юртимизда бу моддаларнинг савдоси таъқиқланган. Шу кунгача мамлакатимизда бир дона бундай лобаратория аниқланган, деб жавоб берди.
Жавобда келтирилган рақамлардан англаш мумкинки, юртимизда бу оғунинг ишлаб чиқарилиши ҳали оммалашиб кетмаган. Демак, ушбу қонуннинг ҳаётга тадбиқ этилиши келажакда ҳам бу соҳадаги курашда кутилган самарани беради.
Баҳо эмас, хулоса бериш керак
Мажлисда, шунингдек, суд ва тергов органларига жалб этиладиган баҳоловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан соҳага оид қонунларда суд экспертлари ва баҳоловчи ташкилотлар учун умумий баҳолаш қоидалари, мезон ва тартибларни белгилаш назарда тутилмоқда.
Хусусан, суд экспертлари томонидан баҳолаш йўналишидаги тадқиқотлар баҳолаш объектлари, баҳолаш объекти қийматининг турлари ва уларнинг бозор қиймати, шунингдек баҳолаш стандартларига оид белгиланган умумий талаблар асосида ўтказилиши мустаҳкамланмоқда.
Лойиҳани Адлия вазирининг ўринбосари Алишер Каримов ўқиб эшиттирди. Муҳокамалар бошланиши билан спикер Нуриддин Исмоилов ташаббускорларга сизлар тақдим этаётган лойиҳада нимани назарда тутаётганликларингизни англаш қийин, тушинишимча, бу тақдим этилган лойиҳа суд-экспертиза институтининг ҳуқуқий табиатини бузади, сизлар баҳоловчи ташкилот эмас, аксинча, баҳоловчи ташкилотилар берган баҳога хулоса беришингиз керак, лекин бу лойиҳа сизларни баҳоловчи ташкилотга айлантириб қўймоқда, деди.
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди. Аммо ўзгартириладиган, тушинтиришлар киритиладиган жойлари кўп эканлиги таъкидланиб, иккинчи ўқишгача булар инобатга олиниши кераклиги ҳам айтиб ўтилди.
Бепарволик ва хотиржамлик ораси
Йиғилиш якуний қисмида республикада, шу жумладан Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг ахбороти эшитилди.
Вазирнинг таъкидлашича, мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни ҳал этиш ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф қилиш борасида тизимли ишлар қилинмоқда.
Жумладан, атмосфера ҳавоси ифлосланишининг фон мониторингини амалга ошириш мақсадида республиканинг 26 та туман (шаҳар)ларидаги 74 та кўчмас кузатув пунктларида, шу жумладан, 8 та автоматлаштирилган мониторинг станцияларида кузатувлар йўлга қўйилган.
Ўтган 2023-йилда атмосфера ҳавосига ташламалар 2 138,3 минг тоннани ташкил этган бўлса, улардан 1 279,9 минг тоннаси ёки 59,9 фоизи автотранспорт воситалари, 858,4 минг тоннаси ёки 40,1 фоизи саноат корхоналари ҳиссасига тўғри келган.
Азиз Абдуҳакимовнинг ахбороти тинглангандан сўнг депутатлар вазирга саволлар билан мурожаат қилди.
Дилором Имомова, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Тахтақорача довонидан Китоб тумани ҳудудига ўтсангиз, атроф-муҳитга цемент заводининг таъсирини яққол сезишингиз мумкин. Мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшаётган бундай корхоналарнинг ҳаммаси ҳам экологик талабларга жавоб бермаяпти. Бундай корхоналарни аҳоли яшаш пунктлари ва муҳофаза этиладиган ҳудудлар яқинида жойлаштириш қанчалик тўғри?
Саволга вазир қуйидагича жавоб берди:
– Яхши биламизки, цемент заводларининг асосий хомашёси тош ҳисобланади. Шу боисдан цемент заводлари тоғли ҳудудларда кўпроқ қўрилади. Минг афсуски, олдинги йилларда тоғ ҳудудларида экологик туризмни ривожлантириш ўрнига, баъзи жойларда цемент заводларини ишга тушириш орқали ўша ҳудуднинг табиатига ҳам, маҳаллий аҳолининг соғлигига ҳам катта зарар етказилмоқда. Шунга ўхшаш айрим ҳолатларни бориб ўрганганимизда 5-10 км масофани чангли қоплама қоплаганига гувоҳ бўлдик. Амалдаги қонунчиликда табиатга етказилган шундай зарар учун бор-йўғи 100-200 млн жарима қўлланар экан. Биз бундай ҳолат учун жарималарни каррасига ошириш бўйича таклиф ишлаб чиқаяпмиз.
Муҳокамалар якунида сиёсий партияларнинг фракциялари, хусусан, ЎзХДП фракцияси муносабат ва таклифларини билдирди.
– Бугун вазиримиз билан бирга жуда муҳим масалани муҳокама қилаяпмиз. Бу мамлакат келажагига, халқимизнинг генофондига тегишли масала десак ҳам бўлади. Сабаби, яшаётган иқлимимизнинг ўзгариши бизнинг ҳам, фарзандларимизнинг ҳам соғлигига таъсир қилади. Шунинг учун мазкур масала фракциямизда чуқур муҳокама қилиниб, кучли мунозаралар бўлди. Биз маълумотларни қабул қилиш билан бирга, бир нечта таклиф билдирмоқчимиз.
Биринчи таклиф. «Яшил макон» – жуда тўғри лойиҳа. Биз ҳар йили миллионлаб кўчатлар экяпмиз, лекин ҳамма жойда ҳам суғориш тизими тўғри йўлга қўйилмаган. Натижада кўплаб кўчатлар нобуд бўлмоқда. Шу сабабдан экиладиган кўчатларнинг суғориш тизими ва уларни парвариш қиладиган маъсулларни белгилаб олишимиз зарур.
Иккинчи таклиф. Ҳудудларнинг ери, иқлими, суви, тупроғининг таркибини инобатга олиб кўчатларни танлаш керак. Ҳамма ҳудудга бир хил кўчат экиш илмий асосга эмас, деб ўйлаймиз.
Учинчи таклиф. Шаҳарлар учун бош планлар тузиш керак. Уларни тузишда нафақат экологик меъёрлар, балки санитар-гигеник меъёрлар ҳам инобатга олиниши керак. Чунки бинолар ёки ижтимоий объектлар қурилганда ҳаво айланишига имкон қолмаяпти.
Тўртинчи таклиф. Аҳолини асосланган, ишончли маълумотлар билан хабардор қилиб бориш лозим. Бу бизни ортиқча беғамликдан ва ваҳимадан халос қилади.
Бешинчи таклиф. Иқлими ёки сув шароити бизга яқин бўлган ва муаммоларни ижобий ҳал қилган давлатларнинг тажрибасидан унумли фойдаланишни йўлга қўйишимиз муҳим.
Бу галги ялпи мажлис аввалгиларидан фарқли ўтди. Кимдир мулойимлик билан ўз фикрларини, эътирозларини намоён қилаётган бўлса, яна кимдир айрим жазолар учун маъмурий жарималарни оширишни сўрайди, бошқаси унга, биз депутатлармиз, халқ вакилларимиз, қайсидир моддани оғирлатишимиз эмас, аксинча, юмшатишимиз керак, деб жавоб беради.
Баъзи лойиҳалар ҳали ишланиши керак бўлса ҳам биринчи ўқишда маъқулланди. Бу ҳаммаси осон ўтади эмас, аксинча, муҳокамалар яна давом этади, дегани.
Аҳмад Қурбонов,
«Ўзбекистон овози» мухбири
«Ўзбекистон овози», 31.01.2023, №4