ХДП фракцияси одамларни ортиқча харажатга ундаган тадбиркорларга жаримани оширишни таклиф қиляпти

 

Бугун парламент қуйи палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.

Лойиҳа билан тўй, оилавий тантана ва маросимлар ўтказиш тартибини бузиш, жумладан, парламент палаталарининг қўшма қарор билан тасдиқланган Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низомда қайд этилган умумий тартибларга риоя қилмаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Мазкур низомнинг 19-бандига мувофиқ ички ишлар органлари профилактика инспектори фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда тўй ва маросимларни ихчам, камхарж ўтказишга ундаши, бундай тадбирлар шуҳратпарастлик ва дабдаба билан ўтказилишининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни ташкил этиши, шунингдек, тадбирлар давомида жамоат тартибини таъминлаши белгиланган.

Шу сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилиши таклиф этилаётган ҳуқуқбузарликни аниқлаш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда ўрнатилган тартибда маъмурий судга юбориш масаласини ички ишлар органларига юклаш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасига кўра Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги модда билан тўлдирилиши назарда тутилмоқда. Унда тўй, оилавий тантана, маърака ва маросимлар ўтказиш тартиби бузилиши билан боғлиқ масалалар акс этган. Хусусан, қоидалар тадбирларни ўтказувчи шахс томонидан бузилиши базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган.

Белгиланган тартиб тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахслари томонидан бузилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланиши мумкин. Бундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши ҳам кўзда тутилган.

Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари қонун лойиҳаси муҳокамаси пайтида айнан шу масала бўйича қатъий фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Депутатларнинг фикрича, тўйхоналарда исрофгарчилик ва сохта обрў орттиришга йўл очиб бераётган масъулиятсиз тадбиркорларга жарима миқдорини ошириш керак.

Халқ демократик партияси дабдабали тўйларга сарфланаётган (албатта, қарзга олинмаган) сармоя ёш оиланинг ижтимоий барқарорлиги, ҳаётга мослашувчанлиги, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши йўлида сарфланиши ҳар томонлама мақсадга мувофиқ. Дабдабабозлик ва исрофгарчиликдан ҳеч қандай самара йўқлиги ва айни пайтда моддий ресурсларни оила келажаги учун оқилона сарфлашнинг аҳамияти ҳақида тушунтириш тадбирларини кучайтиришга эҳтиёж катта. Лекин бу жараёнда эскича ва зерикарли усуллардан, одамларга минбарда туриб ақл ўргатишлардан тийилиш зарур.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш