ЎзХДП фракцияси уй-жой коммунал соҳасида парламент назоратини кучайтиради

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демокартик партияси фракциясининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Виедоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда фракция аъзолари, партия Марказий Кенгаши ва ҳудудий ташкилотлари масъуллари, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари ҳамда ёшлар қатнашди.

 

Мажлисда қурилиш, уй-жой, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида белгиланган устувор вазифаларни бажаришда фаол иштирок этиш масаласи кўриб чиқилди.

Маълумки, жорий йилнинг 29 январ куни Президентимиз уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва 2024 йилдаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Унда давлат раҳбари қурилиш соҳасига замонавий стандартларни жорий қилиб, қурилиш нормаларини янгилаш, ичимлик суви таннархи ва тармоқдаги йўқотишларни камайтириш, маҳаллий авиарейсларни кўпайтириш, Тошкент шаҳрида тирбандликни камайтириш ва жамоат транспортини яхшилашдаги камчиликларни бирма-бир санаб, мутасаддиларнинг бу борадаги ишлари қониқарсиз эканини таъкидлади.

Йиғилишда транспорт тизимини рақамлаштириш, йўл қурилиши ва эксплуатациясига хусусий секторни жалб қилиш, темир йўлда юк ташиш автомобилга нисбатан 3 баробар кўп вақт талаб қилаётгани, ҳаво ифлосланишини олдини олиш бўйича илмий асосланган таклиф ва ҳисоб-китоблар қилинмаётгани бўйича тегишли вазирлик ва идоралар фаолиятидаги қолоқликлар кўрсатиб ўтилди.

Президент илгари сурган ғоялар, белгилаб берган қатъий вазифалар, айниқса, ижтимоий соҳадаги камчиликларни бартараф этиш бўйича белгиланган чоралар Халқ демократик партиясининг электорати манфаатларига, дастурий мақсадларига ҳар томонлама мос келиши қайд этилди.

Шунинг учун долзарб вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон ХДП фракцияси, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг бевосита ва фаол иштирокини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

 

Депутатлик, жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги ёндашувини янада кучайтириш лозимлиги ҳақида якдил фикр билдирилди. Ижтимоий соҳадаги муаммо ва камчиликларда депутатлар ҳам ўзларини масъул ҳисоблашларини маълум қилишди.

2024 йилдаги устувор вазифаларнинг амалий ижросини таъминлашда парламент иштирокини кучайтириш, депутатлик ва жамоатчилик назоратини қатъий олиб бориш талаб этилади.

Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 4 ишчи гуруҳ тузилгани, хусусан, уй-жой коммунал соҳаси бўйича ишчи гуруҳга Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари асосий масъул этиб белгилангани, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда бу муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Ишчи гуруҳнинг фаолиятини самарали йўлга қўйиш, таъсирчан парламент ва депутатлик назоратини олиб бориш бўйича таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, қонунлар ижросини танқидий-таҳлилий ўрганиш, тизимнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш бўйича асослантирилган таклифлар тайёрлаш учун ҳудудларга чиққан ҳолда назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш режалаштирилди.

Аҳолининг турмуш фаровонлиги ва ижтимоий кайфиятига бевосита таъсир кўрсатадиган уй-жой коммунал соҳасида масъулият ҳамда натижадорликка эришиш муҳим экани таъкидланиб, иш жараёнини ҳар томонлама пухта ташкил этишга келишиб олинди.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш