Бугунги кунда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасида мамлакатимиз тараққиётини мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган муҳим мақсад ва вазифалар белгиланмоқда.
Айни чоғда лойиҳадаги устувор йўналишлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар йиғилишларида кўриб чиқилиб, бир қатор таклифлар илгари сурилмоқда.
Дастур лойиҳасида барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш соҳасига алоҳида эътибор қаратилгани қувонарли ҳол. Хусусан, аҳоли саломатлигини сақлаш, ўртача умр давомийлигини узайтириш, сурункали касалликларни барвақт аниқлаш, аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштиришга қаратилган вазифалар белгилаб қўйилгани айни муддао бўлди.
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида болалар орасида ирсий касалликларни олдини олиш, селектив скрининглар ўтказиш, аниқланган болаларни даволаш учун аниқ маблағ манбалари белгилаб берилгани ҳам диққатга сазовор.
Халқ демократик партияси дастурида пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган оилалар, “Мурувват”, “Саховат” ва “Меҳрибонлик” уйларида яшовчилар, аҳолининг бошқа заиф қатламларига тиббий хизмат кўрсатиш, уларни дори-дармонлар ва тиббий воситалар билан таъминлаш ҳамда ижтимоий дорихоналарнинг тармоғини яратиш ва фаолиятини ташкил этиш устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини амалга ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Лойиҳада назарда тутилаётган вазифалар партиямиз мақсад ва ғояларига уйғун ва ҳамоҳангдир. Айниқса, онкологик, онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш учун бирламчи тизимда фаолият юритаётган тиббиёт ходимларининг “онкоогоҳлик” бўйича малакаларини оширишга эътибор қаратилганлигини қўллаб-қувватлаймиз.
Шу билан бирга, ҳудудлардаги аҳоли сонидан келиб чиқиб, янги оилавий шифокорлик пунктлари ва поликлиникаларни ташкил этиш, буйрак касалликларини эрта аниқлаш бўйича скрининг амалиётини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларни сифатли ва замонавий протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган вазифаларни алоҳида эътироф этамиз.
Умуман олганда, инсон саломатлиги — энг буюк неъмат. У шунчалик бебаҳоки, ҳеч қандай мезонга тенглаштириб бўлмайди. Дастур лойиҳасидан ўрин олган вазифалар инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини тубдан оширишга хизмат қилади.
Қизилгул ҚОСИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.