Омбудсман мурожаат тушишини кутиб ўтириши керак эмас

 

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қадр-қиммати ва шаънига ҳурматни жойига қўйиш мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Мазкур жараёнда Парламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) самарали фаолият юритиши жуда долзарб аҳамиятга эга.

Шунинг учун Халқ демократик партияси Омбудсманнинг ўтган йилги фаолиятига оид ҳисоботи парламентга киритилганда масалани чуқурроқ ўрганиш зарурлиги, ялпи мажлис муҳокамасига киритишга шошмаслик кераклигини таъкидлаб, кун тартибидан олиш ташаббуси билан чиққан эди.

Натижада Омбудсман фаолияти билан боғлиқ таҳлилий маълумотларни партиямизнинг ҳудудий ташкилотлари билан бирга ўрганиб чиқиш имкониятига эга бўлдик.

Ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, парламентдаги фракциямиз 3 йўналишда таклиф берди.

Бугунги кунда Омбудсмандда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ташаббускорлик етишмайди. Ҳисоботдан кўриниб турибдики, аксарият ҳолатларда Омбудсманд мурожаатлар келиб тушгандан кейингина инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга киришмоқда.

“Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисидаги қонуннинг 12-моддасида “инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида ахборот мавжуд бўлганда ёки ҳимоянинг ҳуқуқий воситаларидан мустақил равишда фойдаланишга лаёқатсиз шахсларни ҳимоя қилиш учун ўз ташаббуси билан фактлар текширувини ўтказишга ҳақлидир”, деб белгилаб қўйилган. Зарурат юқори бўлгани ҳолда Омбудсман бу ҳуқуқдан фойдаланмаган. Ваҳоланки, ижтимоий тармоқларда инсон ҳуқуқлари бузилиши тўғрисида фактлар оз эмас. Афсуски, бундай фактларни текшириш бўйича Омбудсман шахсан ташаббус кўрсатмаган.

Омбудсман инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда мурожаат келишини кутиб ўтириши керак эмас.

Қонунга асосан Омбудсманга “давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакилларининг ахборотини эшитиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисидаги таклиф билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталарига мурожаат қилиши” ваколати берилган. Лекин, Омбудсман шундай катта ваколатдан 1 марта фойдаланган, холос. Истаймизки, Омбудсман инсон ҳуқуқлари бўйича долзарб масалаларни парламентга олиб чиқиб, эшитувлар ўтказилишида қатъиятли бўлиши зарур.

3) Депутатлар бугунги кунда Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда ишлашга ўтмоқда. Омбудсман ҳам ўз фаолиятида бу масалага алоҳида эътибор бериши зарур.

Халқ демократик партияси ушбу таклифлар инобатга олиниши шарти билан Омбудсман ҳисоботини маъқуллади.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари

 

Теглар

Сайлов-2019 Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш