Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Хусусан, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Жиноят кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
Лойиҳага кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 212– моддасига ўзгартириш киритиш таклиф этилмоқда. Яъни, амалдаги нормага кодекснинг 61-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида (оз миқдорда талон-торож қилиш) назарда тутилган ҳолатларни ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш белгиланмоқда.
Шунингдек, Кодекснинг 73-моддасига фирибгарлик жиноятлари бўйича етказилган моддий зарарни қопламаган шахсларга нисбатан озод қилиш қўлланилмайди, деган қўшимча банд киритилмоқда. Яъни, моддий зарарни қопламаган шахсни шартли равишда озод қилиш уни моддий жавобгарликдан халос қилмаслиги ёки моддий зарарни қопламаган шахслар шартли равишда озод этилмаслиги назарда тутилмоқда.
Фракция аъзолари бу ўзгартиш ва қўшимчалар фирибгарнинг тузоғига тушган жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари тикланиши, бу турдаги қонунбузилиш ҳолатларининг камайишига олиб келишини таъкидлади. Масаланинг муҳимлигини инобатга олган ҳолда, лойиҳа биринчи ўқишда концептуал маъуқлланди.
Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўсимлик ва ҳайвонот турларини муҳофаза қилишни янада кучайтиришни назарда тутувчи айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ҳам баҳс-мунозараларга бой ўтди.
Аввало, мазкур лойиҳа бугунги вазиятдан келиб чиқиб баҳоланса, долзарб ва муҳим экани таъкидланди. Бироқ лойиҳа ва унинг концепцияси бир-бирига мос эмаслигини депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди.
Хусусан, депутат Шарофиддин Назаров қонун анча муҳимлиги, у қанча тез қабул қилинса, шунча яхшилигини таъкидлади. Фракция аъзосининг қайд этишича, ташаббускорлар тақдим этган йўл харитасининг 13-бандида камёб, йўқолиб кетиши хавфи остида бўлган ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликлар дунёси бўйича аниқ таъқиқлови ҳамда чекловчи талабларни белгилаш илгари сурилган. Бироқ лойиҳада бу масала очиб берилмаган. Депутат лойиҳада бу каби хато ва камчиликлар биргина эмаслигини айтиб, лойиҳанинг концепциясини биринчи ўқишга қадар тўғрилаш керак, деган фикр билдирди.
Давомли муҳокамалардан сўнг қўмитанинг хулосаси билан лойиҳа биринчи ўқишда маъқулланди.
Фракция йиғилишида, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар Парламенти II чақириғининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисида ахбороти эшитилди. Унда ўтган йилда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Депутатлар Ёшлар парламентининг фаолиятига ХДП фракцияси ҳамиша хайрихоҳ эканини таъкидлади. Уларга ҳар томонлама дастак бўлишга, ёшлар илгари сураётган ташаббуслар, билдираётган фикрларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини қайд этди.
Ўз навбатида Ёшлар парламент аъзолари фаолиятини жонлантириш юзасидан таклифлар билдирилди. Жумладан, Ёшлар парламенти аъзоларининг қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан ўтказиладиган муҳокамаларда, фракция йиғилишларида мунтазам иштирокини таъминлаш, яъни уларни Қонунчилик палатаси фаолиятига янада кенгроқ жалб қилиш масаласи илгари сурилди.
Шунингдек, Ёшлар парламентининг парламент қуйи палатасидаги Ёшлар масалалари комиссиясига таклифлар бериш имкониятидан самарали фойдаланиш кераклиги, бу борада камчиликлар борлиги қайд этилди.
Ёшлар парламенти аъзоларининг депутатлар билан ҳамкорлигини кучайтириш, сайлов округларидаги фаолиятда ўзаро алоқадорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди. Фракция аъзолари Ёшлар парламенти аъзоларига амалий ёрдам кўрсатишга ҳар доим тайёр эканликларини маълум қилишди.
Билидирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар назоратги олиниши таъкидланди. Ёшлар парламентининг ахбороти фракция аъзолари томонидан маъқулланди.