Сайлов – фалсафий қарашлар эмас, фундаментал ўзгаришларга майдон яратадиган жараён. Фикрлар натижадорлиги кўз олдимизга келиши керак.
Сайлов жараёни институт, унинг фаолиятига сайловчи баҳо бериши, фикр билдириши учун шароит яратилиши керак. Кўпчилик оммага таъсир ўтказадиган фикр эса сиёсий фикрдир.
Мамлакатимизда сайлов натижалари асосан ёшларнинг иштирокига боғлиқ. Мен ёшларнинг сайловлардаги иштироки шиорларни кўтариб, сиёсий ташвиқот иштирокчиси бўлиш билангина эмас, балки адолатли жамият қуриш билан боғлиқ ғоя ва таклифлари, сиёсий позицияларини қатъий билдириши орқали юзага чиқишини истар эдим. Умумий сайловлар демократиянинг воситаси эмас, муваффақият калити бўлиши керак.
Ўзбекистон ХДП аъзоси, ўтган чақириқларда депутат сифатида фаолият юритиш имкониятига эга бўлган ҳамда жорий йилдаги сайловларда ўз номзодимни илгари суриш истагида бўлган фуқаро сифатида Сайловолди дастурида ёшлар сиёсатининг амалий ифодасига қаратилган устуворликлар жой олишини истайман.
Биринчи масала. Ёшлар сиёсатининг мақсади ва устувор йўналишлари аниқ белгиланиши муҳим. Ўзбекистонда бир эмас, ўнлаб ёшлар бирлашмалари, жамоат ташкилотлари фаолият кўрсатиши лозим. Қўллаб-қувватлов билан бир-икки давлат ва нодавлат ташкилотларигина фаолият кўрсатмоқда.
Бу борада ижтимоий буюртмаларни шакллантириш, лойиҳа учун маблағ ажратиш ҳамда ижрочилар ўртасида очиқ танлов эълон қилиши керак. Шунда танловда ғолиб бўлган ташкилот натижа учун ишлайди.
Замон глобаллашаётган бир даврда рақамли дунёга информацион, мафкуравий мудофаа зарур ва бу борада ёшлар айни воқеликни тўлиқ идрок этишлари учун эркинлик бериш керак. Эркинлик демократик тартибга туртки бўлади.
Иккинчи масала. Бугунги кунда ёшларга оид жами 15 га яқин Ўзбекистон Республикаси Қонуни, 20 га яқин Президент фармони, 30 га яқин Президент қарори, 70 дан ортиқ Вазирлар Маҳкамаси қарори, шунингдек, 2 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат амалиётга татбиқ этилган.
Ёшларга имтиёз ва имконият яратувчи нормалар кўплиги яхши, албатта. Биз бундан, тўғриси, қувонамиз. Ёшларга оид жами 130 тадан ортиқ меъёрий ҳужжатлар интеграция қилиниши лозим. Ўзбекистон ХДПнинг бўлажак Сайловолди дастурида «Ёшлар кодекси»ни ишлаб чиқиш таклифи бўлиши керак, деб ўйлайман.
Учинчи масала. Ёшлар сиёсатини амалга оширишда асосий сансалорлик ижро механизмида юзага келмоқда. Ёшларнинг ишга жойлашишига тўсқинлик қилувчи омиллар бор. Ўзи хоҳлаган мутахассисликни эгаллаш учун маблағнинг йўқлиги, очиқ рақобат майдони шаклланмаганлиги, ота-онанинг қистови, хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, касб танлаш каби омиллар хотин-қизлар ҳаётида икки баравар кўпроқ кузатилади. Бу масалаларга ҳам эътибор зарур.
Тўртинчи масала. Ёшлар юрт билан, она табиат билан уйғунликни ҳис этиши лозим. Бунда, биринчи навбатда, табиатни асраб-авайлаш, ичимлик суви исрофининг олдини олиш, ҳаво ифлосланишини юзага келтирадиган зарарли оқибатларни бартараф этиш зарур. Бу борада партиямизнинг бўлғуси дастурида «Яхши экологик сиёсат яхши иқтисодий сиёсатдир» номли йўналишда мақсадлар илгари сурилиши керак.
Бешинчи масала. Партиямиз электорати бўлган ногиронлиги бўлган ёшларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш эътиборимиздан қолмаслиги керак. Масалан, олий таълим муассасаларида махсус квота асосида ўқиган ногиронлиги бор ёшларнинг давлат ташкилотларида иш билан таъминланиш механизми тўлиқ ва самарали ишлаши керак. Ногиронлиги бор ёшларнинг ҳудудлардаги инфратузилма, таълим, ижтимоий хизмат кўрсатиш, маданий мерос объектлари, кўнгилочар жамоат масканларидан фойдаланиши учун қулайликлар яратилиши ҳам долзарб ижтимоий аҳамиятга эга.
Умуман, сайловлар йилида олдимизда ҳали ўз жавобини кутиб турган саволлар, амалга оширишимиз зарур бўлган вазифалар бисёр. Мен ёшларни фаол ва дадил бўлиб, ўз фикрлари, таклиф-мулоҳазаларини билдиришга чақираман.
Шоҳруҳ ЎКТАМОВ,
Ўзбекистон ХДП «Ёшлар қаноти» фаоли,
Ёшлар парламенти аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 7.02.2023, №5