Яширин иқтисодиёт нима ва унинг қандай зарарлари мавжуд? Ана шулар ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Шуниси аниқки, охирги пайтларда тез-тез қулоғимизга чалинаётган бу тушунчанинг давлатга, мамлакат иқтисодига ва албатта, жамиятга салбий таъсири сизу биз тасаввур қилгандан анча баланд.
Шундан келиб чиқиб, мазкур ҳолатга қарши курашиш чоралари ҳам йўлга қўйилган. Яқинда қабул қилинган “Яширин иқтисодиётга қарши курашиш соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармон ҳам шулар жумласидандир. Фармон билан яширин иқтисодиётга қарши курашиш борасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгиланди.
Бунга сабаб нимада, деган саволга жавоб беришдан олдин, яширин иқтисодиёт тушунчасига таъриф бериб олайлик. Авваламбор айтиш керакки, “яширин иқтисодиёт”нинг халқаро эътироф этилган ягона тарифи ҳамда унинг кўламини аниқлашнинг аниқ усуллари мавжуд эмас. Иккинчидан, “яширин иқтисодиёт” атамаси адабиётларда “норасмий иқтисодиёт”, “хуфиёна иқтисодиёт”, “соядаги иқтисодиёт” ва бошқа турли номлар билан ҳам юритилади. Яширин иқтисодий фаолият асосан латент, яъни яширин хусусиятга эга бўлиб, уни амалга ошириш усуллари доимий ўзгарувчанлик, мураккаблашиб бориш, турли схемалар орқали содир этилиши каби хусусиятларга эга. Бундан келиб чиқадики, бу турдаги ҳолатларни аниқлаш ва фош этиш жуда ҳам мураккаб, бироқ имконсиз эмас. Асосийси, бу турдаги “иқтисодий фаолият”ни аниқловчи идоралар бор.
Масалан, юртимизда яширин иқтисодиётга қарши курашиш билан 14 та орган шуғулланади. Лекин “хуфёна иқтисодиёт”ни камайтиришда мақтанишга арзигулик ишлар қилинмади. Хўш, нега? Чунки тарқоқ ҳолда ишлаб келаётган идоралар бир-бирининг функциясини такрорламоқда. Тўғри, яширин иқтисодиётга қарши курашадиган органлар сонининг кўплиги бир қарашда яхши. Аммо амалда самара бермади. Шундан келиб чиқиб, тизимда самарадорликни ошириш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолияти кучайтирилмоқда. Шу билан бирга, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси ва унинг ваколатлари тўлиқ департаментга ўтказилиб, энг замонавий ахборот тизимлари, махсус воситалар билан таъминланиши белгиланди.
Фармонда яширин иқтисодиёт кўламини кескин қисқартириш орқали мамлакатда соғлом рақобат ва хусусий бизнесни ривожлантириш, яширин иқтисодиёт шаклланишининг турли схемалари, хуфиёна ишлаб чиқариш ва ноқонуний молиявий оқимларга барҳам бериш назарда тутилган. Шу орқали иқтисодий барқарорликни ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш, иқтисодиётдаги хуфиёна айланмаларга қарши курашувчи давлат органлари фаолиятининг аниқ йўналишларини белгилаш имкони юзага келади. Натижада уларнинг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, қонунга итоаткор тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, яширин иқтисодиётни репрессив йўл билан эмас, балки уларни рағбатлантириш механизмлари ва амалий кўмак бериш орқали кўламини камайтириш амалиёти шаклланади. Шунингдек, жазолов чораларини кучайтиришдан воз кечган ҳолда, инсофли тадбиркорни ҳимоя қилиш, уларга ҳақиқий кўмакчи бўлиш ҳамда бизнес ривожига тўсиқ бўлувчи коррупцион омилларга барҳам бериш вазифалари илгари сурилган.
Фармондан кўзланган асосий мақсад инсофли тадбиркорларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Мазкур мақсадга солиқ тушумларини ошириш, иш самарадорлигини яхшилаш, ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, носоғлом рақобатга барҳам бериш ҳамда иқтисодий кўрсаткичларни ошириш билан эришиш баён қилинган.
Ушбу вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланишига, халқимиз турмуш фаровонлиги юксалишига, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.
Мухсиддин НИЗОМИДДИНОВ,
ЎзХДП Марказий Кенгаши ёшлар сектори раҳбари,
Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси ўринбосари.
«Ўзбекистон овози», 7.02.2023, №5