“Уйинг тинчми, замондош?..”

 

Бугун жамият ҳаётида кечаётган ўзгаришлар, янгиланишлар, ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда халқнинг дардини тинглаш, уларнинг муаммоларига ўз вақтида ва ўз ўрнида ечим топиш , мутасаддилар эътиборини мавжуд камчиликларга қаратиш борасида  самарали фаолиятини бошлаб юборган Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган депутатлар шу савол остида ўтказилаётган сайёр қабулларда аҳоли муаммоларини ўрганмоқда.

Бунинг исботини ЎзХДП Бухоро шаҳар кенгаши ходимлари ва депутатларнинг шаҳардаги маҳаллалар аҳли билан ўтказиб келинаётган мулоқотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Хусусан, яқинда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро шаҳар кенгаши томонидан Бухоро шаҳридаги 7- умумий ўрта таълим мактаби биносида мазкур ҳудуддаги Кўксарой маҳалла аҳолиси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Саида Шарипова иштирок этди.

Қабулда мурожаатлар асосан, ишга жойлашиш, йўлларни таъмирлаш, кўчаларга тунги ёритувчи чироқлар ўрнатиш, электр энергияси, газ таъминоти ҳамда тадбиркорликни қўллаб қувватлаш масалаларига оид бўлди.

Жумладан , Кўксарой МФЙда яшовчи кекса отахон Неъмат Каримов ўзи яшаётган ҳудудда кексаларнинг спорт билан шуғулланишлари  учун очиқ спорт майдончаси ташкил этиш таклифи билан чиқди. Малика Шарипова эса тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредит олишда кўмаклашишни сўраб мурожаат қилди.

Шунингдек, ўзаро мулоқот жараёнида жами 60 нафардан ортиқ фуқаролардан кўплаб мурожаат қабул қилинди. Жумладан, Гулжамол Саидова (Газли шох кўчаси 15-уй, 9-хонадон), Шаҳло Искандарова (Б.Нақшбанд кўчаси 260/2 уй, 15-хонадон), Зайнура Ахмеджанова (Газли шоҳ кўчаси 17/2 уй 13-хонадон) каби фуқароларнинг иш билан таъминлаш тўғрисидаги мурожаатлари ўрганилиб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборилди. 

Муҳими, депутатларимиз ташаббуси билан ўтказилаётган сайёр қабулларда фуқароларимиз мурожаатлари жойида ҳал этилиб, бундай саъй-ҳаракатлардан аҳоли рози бўлмоқда.

 

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши

Ахборот хизмати

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш