Янги тизим: коллеж-техникум ва олийгоҳларни иш берувчилар билан узвий боғлайди

 

Тараққиёт тезлашгани сари жадал ислоҳотлар билан тенгма-тенг қадам ташлайдиган, замонга мос илғор фикрлайдиган кадрларга эҳтиёж ҳам ошади. Шунинг учун кейинги йилларда Ўзбекистонда таълим тизимини янада ривожлантириш, замонавий кадрлар тайёрлашга қаратилган қатор эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Шу йилнинг 5 февраль куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар кўриб чиқилди. Хусусан, Президентимиз профессионал ва олий таълимдаги масалалар ҳақида ҳам гапирди. Профессионал ва олий таълимдаги айрим йўналишлар ҳозирги меҳнат бозорига, технологик янгиланишларга мос эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Иш берувчиларда катта эҳтиёж, талабаларда салоҳият ва хоҳиш бор. Лекин уларни боғлайдиган узвий тизим йўқлиги айтилди.

Тўғри, мамлакатимизда таълим соҳасидаги ислоҳотлар яхлит, таълимнинг барча босқичларини қамраб олган ҳолда амалга оширилмоқда. Олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, таълим-тарбия, илм-фанни яхши ўзлаштирган ва интеллектуал салоҳиятли кадрларни тайёрлаш бўйича барча имкониятлар ишга солиняпти. Албатта, бундай эътибор яқин келажакда ўз самарасини беради, бунга шубҳа йўқ. Лекин барча соҳаларда жадал ислоҳотлар олиб борилаётган айни пайтда ҳам замон шиддатига мос илғор кадрлар бугун ҳам керак. Бу эса таълим мазмуни фан ва ишлаб чиқариш талабларига мос келиши зарурлигини тақозо қилади.

Шундан келиб чиқиб эндиликда профессионал ва олий таълимда касбий кўникмаларни белгилаш ва уларни баҳолаш бўйича янги тизим жорий қилинади. Талаб юқори бўлган 100 та касб стандартлари Германия, Швейцария ва Буюк Британия тажрибаси асосида янгиланади. Бунда малака талаби иш берувчи эҳтиёжига мослашади. Профессионал таълим устозларига янги стандартлар бўйича ўқитиш талаблари қўйилади.

Яна бир аҳамиятга молик масала — бу янги ўқув йилидан бошлаб, техникумларда ўқитиш “академик” ва “ишчи касб” компонентларининг узвийлигини таъминлайдиган янги тизим асосида йўлга қўйилади. Бунда коллеж-техникумнинг 1-2 курсидаги таълим дастурлари, дарсликлар, билимни баҳолаш мезонлари ва муаллимларга талаблар олийгоҳлар билан бир хил бўлади. Техникумларда ҳам “кредит тизими” жорий қилиниб, фанни ўзлаштириш бўйича тўпланган “кредитлар” олийгоҳларда тан олинадиган тизим бўлади. Яъни, коллеж-техникумда икки йил давомида етарли “кредит” тўплаган ўқувчилар “2+2” ёки “2+3” дастурлари асосида олийгоҳларнинг иккинчи ёки учинчи курсларида таълимни давом эттириш имкониятига эга бўлади.

Айтиш керакки, ёшларимиз орасида ўз тенгдошларига ибрат бўлаётган, жамиятдаги янгиланишлар жараёнида фаол иштирок этаётганлари жуда кўп. Ҳаётда ўз ўрнини топишга қийналаётган, адашган, кўмакка муҳтожлари ҳам йўқ эмас. Демак, ислоҳотларга қарамай, ёшларнинг муаммоларини тизимли ҳал этиш борасида муайян камчиликлар ҳам бор.

Бир пайтлар ёшларни касб-ҳунарга ўқитишда меҳнат бозори талаблари деярли ҳисобга олинмасди. Олийгоҳни ёки коллеж, техникумни тамомлаган қанчадан-қанча йигит-қизлар иш топишда муаммога дуч келди. Чунки у яшайдиган ҳудудда битирувчининг эгаллаган касби, мутахассислиги бўйича касбга эҳтиёж бўлмаган. Бакалавриат йўналишидаги ўнлаб йўналишлар меҳнат бозори талабларига жавоб бермаслигини давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаб ўтди.

Бундан кейин касбга талаб иш берувчи эҳтиёжига мослашади. Бу орқали минглаб иш ўрни яратилади, шунга яраша иш берувчининг талабларига мос малакали кадрлар тайёрланади. Коллеж-техникумлар ва олийгоҳларни иш берувчилар билан узвий боғлайдиган тизим яратилади. Коллеж-техникумда ўқиб, фаолиятини ишлаб чиқаришда давом эттирмоқчи бўлганларни соҳадаги мавқеини ошириш бўйича ҳам янги тизим йўлга қўйилади. Энди коллеж-техникумда “ишчи касб” йўналишида ўқиганлар икки ёки уч йил ишлаб, тажриба орттирганидан кейин, имтиҳон топшириб, бакалаврга тенг малака даражасини олиши мумкин.

Демак, эгаллаётган касбини яхши ўрганган, ўзлаштирган, сир-синоатларини пухта эгаллаган йигит-қизлар олий таълим даражасидаги малакага ҳам эга бўлади. Бу ёшларимиз учун шароит ва имкониятлар янада кенгайишини англатади.

Аслида ёшлар – мамлакат тараққиёти учун катта иқтисодий куч ва яхши имкониятдир. Лекин бу мақсадга эришиш учун аввало, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масалаларига жиддий эътибор бериш керак.

Ишончим комилки, бундай имконият ва имтиёзлар ёшларнинг касбий кўникмасини янада мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлашга хизмат қилади. Зотан, йигит-қизнинг ҳаётига оид муаммоларнинг ижобий ҳал этилиши, уларнинг яхши таълим олиши, ишга жойлашиши –келажакда оилаларимиз, бутун жамият фаровонлиги ва мустаҳкамлигига қўйилган пойдевордир.

 

Муқаддас Ўразалиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси,

Фан, таълим, маданият ва спорт қўмитаси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш