Сенаторларнинг фаол саъй-ҳаракатлари туфайли Қашқадарёдаги бир қатор муаммолар ижобий ҳал этилди

 

Ҳудудларда аҳолининг дардига қулоқ тутиш, уларни ташвишга солаётган масала ва муаммоларни ҳал этиш борасида сенаторлар томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, жойларда бевосита аҳоли вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан учрашувлар ҳамда ижтимоий объектларга ташрифлар чоғида кўтарилган, ўз ечимини кутаётган масалалар назоратга олинмоқда.

Хусусан, сенаторларнинг Қашқадарё вилоятида ўтказилган учрашувлари чоғида халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши депутати, ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Абдимурат Базаров томонидан Қамаши тумани “Ғиштли” қишлоғининг 6 600 нафардан зиёд аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласини давлат дастурларига киритиш бўйича амалий ёрдам сўралган эди.

Ушбу мурожаат Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси сўровига асосан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан ўрганиб чиқилди.

Натижада Қамаши туманидаги “Ғиштли” МФЙда мавжуд 3 та сув олиш иншоотига янги насос ва қўшимча электр жиҳозлари ўрнатилиб, сув олиш иншоотлари фаолияти қайта тикланди ва аҳоли ичимлик суви билан таъминланди.

Шунингдек, халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши депутати, ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Январ Иноятов Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармасининг насос агрегатлари бир маромда ишлаши учун уларни зарур электр энергияси билан таъминлашда амалий ёрдам сўраган.

Чунки Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармасининг 5 та сув ҳайдаш насоси электр энергиясидан бўлаётган узилишлар сабабли тўлиқ қувватда ишламаётган эди. Бу эса фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳолига экин майдонларини суғориш ишларида қийинчиликлар туғдириб, уларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганди.

Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармасига ўрнатилган тартибда ҳар ойда электр энергиясининг шартномавий миқдорига қўшимча лимитлар ажратилиб, тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Ҳозирги вақтда мазкур бошқармага қарашли насос станциялари каскадида 5 қатор насос агрегатлари бир маромда ишламоқда. Шунингдек, уларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш бўйича Энергетика вазирлиги томонидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга тегишли кўрсатмалар берилди.

 

www.senat.uz

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш