Тизимли ҳамкорликни кучайтиришга урғу берилди

 

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши мажлислар залида партия Сайловолди платформасининг мақсад ва устуворликларини амалга оширишда партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмаларининг 2024 йилга мўлжалланган “Амалий ҳаракат” дастурининг асосий йўналишлари юзасидан ўқув-семинар ташкил этилди.

Унда 2024 йил 2 февралда қабул қилинган «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони мазмун-моҳияти ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари олдида турган вазифалар ҳақида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Б.Юсупов маъруза қилди. Фармонга кўра, жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида 33 та функция ва ваколатлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилмоқда. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг давлат органларининг ҳисобот (ахборот)ларини эшитишга доир айрим ваколат ва функциялари 10 тага бирлаштирилган ҳолда тизимлаштирилаётганлиги ҳақида тўхталиб ўтилди. Масалан, ҳокимлар ва улар ўринбосарларининг 7 турдаги (дастурлар ижроси; кичик бизнес, тадбиркорлик, аҳоли бандлиги; кредитлар ажратиш; ҳоким ёрдамчилари ахборотларини эшитиш якунларига оид) ҳисоботларини эшитиш – ҳокимларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси бўйича ҳисоботларини эшитиш доирасида кўриб чиқилади.

Йиғилишда таъкидланганидек, маҳаллий Кенгашлар зиммасига вазифа ва функциялар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юкланади. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда вазифаларни маҳаллий вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқбелгилаш амалиёти жорий этилади.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари учун яратилган ана шундай имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз дастурий мақсадларини тўлақонли амалга оширишнинг энг самарали шакл ва услублари, мехнизмларидан кенг фойдаланиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан тасдиқланган 2024 йилга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастури партия Сайловолди дастуридаги устувор вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур Ҳаракат дастури доирасида партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор қонунчилик ташаббусларини илгари суриш, ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган муҳим масалаларга ечим топиш ҳамда қабул қилинган мақсадли дастурларнинг ижросини таъминлашда депутатлик ва парламент назоратини олиб бориш бўйича маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини янада кучайтиришга эришиш назарда тутилмоқда.

Йиғилиш иштирокчилари партия электорати манфаатларини таъминлашда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг тизимли ҳамкорлигини кучайтириш, қабул қилинадиган қонунлар ва парламент муҳокамасига олиб чиқиладиган масалаларни аввало жойларда маҳаллий кенгашлардаги депутатлар иштирокида чуқур ўрганишга, таҳлил қилишга ва шу орқали парламентда партия электорати манфаатларини ифода этиш масаласига эътибор қаратишди.

Тадбир якунида муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат
← Рўйхатга қайтиш