Ўзбекистон ХДП фракцияси парламент назоратини кучайтиради

 

Ўтган ҳафта бошида, яъни 29 январь куни Президентимиз уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва 2024 йилдаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Унда давлат раҳбари қурилиш соҳасига замонавий стандартларни жорий қилиб, қурилиш нормаларини янгилаш, ичимлик суви таннархи ва тармоқдаги йўқотишларни камайтириш, маҳаллий авиа рейсларни кўпайтириш, Тошкент шаҳрида тирбандликни камайтириш ва жамоат транспортини яхшилаш бўйича қатъий топшириқлар берди.

Йиғилишда транспорт тизимини рақамлаштириш, йўл қурилиши ва эксплуатациясига хусусий секторни жалб қилиш, темир йўлда юк ташиш автомобилга нисбатан 3 баробар кўп вақт талаб қилаётгани, ҳаво ифлосланишининг олдини олиш бўйича илмий асосланган таклиф ва ҳисоб-китоблар қилинмаётгани бўйича тегишли вазирлик ва идоралар фаолиятидаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демокартик партияси фракциясининг кенгайтирилган мажлисида видеоселекторда кўтарилган масалалар ҳамда белгиланган вазифаларнинг партия дастурий мақсадларига ҳамоҳанглиги таъкидланди. Хусусан, қурилиш, уй-жой, коммунал хўжалиги, транспорт соҳаларида белгиланган устувор вазифаларни бажаришда фаол иштирок этиш бўйича фикр алмашилди.

Қайд этилдики, кўриб чиқилган масалаларнинг амалий ижросини таъминлашда парламент, депутатлар иштирокини кучайтириш долзарб вазифа ҳисобланади. Жумладан, қурилиш объектларини қабул қилиш тизимини такомиллаштириш, ноқонуний қурилишларга чек қўйиш, бозор иқтисодиёти қоидалари асосида ривожланишини таъминлаш талаб этилади. Бозор муносабатлари кириб бораётган ҳар бир соҳада қонун устуворлигига эришиш ва эркин рақобат муҳити қарор топган бўлиши зарур.

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Таъкидлаш керакки, Президент илгари сурган ғоялар, белгилаб берган қатъий вазифалар Халқ демократик партиясининг электорати манфаатларига, дастурий мақсадларига ҳар томонлама мос келади. Шунинг учун партиямиз фракцияси, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг фаоллигини ошириш жуда муҳим.

Депутатлик, жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги ёндашувни янада кучайтириш, ижтимоий соҳадаги муаммо ва камчиликларда депутатлар ҳам ўзларини масъул ҳисоблаши зарур.

Яна бир масала — коммунал хизматлар кўрсатиш бозорини тартибга солиш, қарздорлик ҳолатларини қисқартириш лозим. Шу боис, минимал коммунал тўловлари меъёрларини ишлаб чиқиш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш парламент олдидаги муҳим масала ҳисобланади.

 

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Бу йил бошидан ҳар бир йўналиш, ҳар битта комплекс таҳлил қилиб келиняпти. Мана ўтган ҳафтада ўтказилган видеоселектор йиғилишида танқид қилинган соҳалар мисолида қарайдиган бўлсак, шундай тўхтамга келиш мумкин. Яъни, қайси бир соҳада ислоҳотлар кеч бошланган, ўлда-жўлда қилинган бўлса, охирига етказилмаса, ана шу соҳада салбий ҳолатлар юзага келяпти. Давлат раҳбари биргина транспорт соҳасида 3 йил олдин берилган топшириқлар бажарилмаганини таъкидлади.

Биламизки, темир йўл бутун дунёда узлуксиз фойдаланиладиган инфратузилма ҳисобланади. Бизда эса суткада бир ёки икки марта поезд юради. Демак, темир йўлдан фойдаланиш даражамиз ниҳоятда пасайиб кетган. Масалан, Шаҳрисабздаги тадбиркорлар билан гаплашганимда, улар ўз маҳсулотини «фура»лар ёрдамида Тошкентга юборишини айтди. Бу эса хавфсиз ташиш усулига кирмайди. Темир йўл тизими арзон ва хавфсиз бўла туриб, нега уларнинг хизматидан фойдаланилмаслигини сўраганимда, «Товарим Тошкентга етиб бориши учун бир ҳафта кутишим керак», деб жавоб берди. Юк ташиш поездлари бир ҳафта давомида маҳсулот тўплаб, составни йиғиб кейин йўлга чиқар экан. Бу соҳага ислоҳот кирмаганидан далолат беради.

Уй-жой қурилишини оладиган бўлсак, у ерда ҳам ана шундай қўл учида, чала-чулпа иш қилинганини кўрамиз. Қаердаки, ислоҳот бўлмаса, ўша ерда рақобат йўқ, ўша ерда монополия, ўша ерда коррупция авж олади. Ривожланиш ҳам, ижобий ўзгариш ҳам бўлмайди.

Энди унинг назоратига келсак, ҳар бирининг устига биттадан «ревизор» қўйганда ҳам ўша иш бўлаверади. Яъни, бу шаклда назорат қилиш имконсиз. Жамоатчилик назорати ва маҳаллий Кенгашларнинг ролини кучайтириш орқали масалага ижобий ечим топиш имкони юзага келади. Ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат ўрнатишнинг бошқача йўли йўқ. Бир нарсани ишонч билан айтаманки, маҳаллий Кенгашлар ўзгаришларга, бу борадаги ислоҳотларга тайёр.

Бирор бир объектни бузиб қуриш бўладими, дарахтларни кесишми ёки бошқа бир масалами Кенгашлар муҳокамасидан ўтиши лозим. Шуни ҳам айтиш керакки, парламентда, хусусан, фракцияларда, қўмиталарда етарлича ваколат бор. Лекин, очиғини тан олишимиз керак, биз улардан тўлиқ фодалана олмаяпмиз. Қуруқ тавсия бериш билан чекланяпмиз. Бирор-бир масалани маҳкам ушлаб, уни охиригача етказиш имкониятига эгамиз. Шунинг учун ўзимизга тегишли соҳаларда назоратни кучайтирмасак бўлмайди.

Мисол учун, қурилишларда ҳуқуқсиз ишлаётганлар ҳақида меҳнат инспекциясидагилар билмайдими? Албатта, хабардор. Чунки улар ҳисобот топширади. Улар бориб ўрганиши, ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши лозим. Нега биз мутасаддилардан бу ҳақида сўрамаймиз, қайта-қайта муҳокама қилмаймиз? Дори-дармон ёки таълим тизимидаги камчиликларни, умуман, электоратимиз манфаатига тегишли соҳаларни бир эмас, қайта-қайта кўрайлик, қатъий масала қўяйлик. Қандай бажарилди, нима қилинди, деган рақамлар билан чекланмасдан, чуқурлаштирилган ҳолда таҳлил қилиш зарур.

Бу йил Давлат бюджети ижроси бўйича Президент қарори чиқди. Ана шу асосида ҳар бир вазирлик ва идоранинг мақсад индикаторлари белгиланган. Мазкур масалани кўриш чоғида қуруқ бажарилдими ёки йўқ, дейиш билан чекланмаслигимиз керак. Демак, индикатор билан боғлиқ фаолиятни истаганча чуқурлаштириб кўришга ваколатимиз бор. Керак бўлса, ҳисоботларини кўрсатсин. Молиявий фаолият нуқтаи назаридан ҳам ишимизни кўрсатиш вақти келди. Йил бошидан фаолиятимизни ана шу асосида ташкил этиш лозим, деб ҳисоблайман.

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Аввало, ҳар бир ҳудуд раҳбари, ҳар бир масъул ўз зиммасига юклатилган вазифани баражариши шарт. Бу инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Бироқ ҳар доим ҳам ушбу қоидага амал қилинмаслиги, одамлардаги бепарволик, лоқайдлик ёки «бўлаверади» қабилидаги қарашлар жамиятдаги муаммоларнинг асосий сабабидир.

Фақат танқид қилиб, ёмонлаб вазиятни яхши томонга ўзгартириш имконсиз. Шундай экан, хулоса чиқариш, ўрнак олиш ва назорат ўрнатиш талаб этилади. Яъни, ҳар бир шахс зиммасидаги масъулиятни ҳис қилиши лозим.

Масалан, айрим депутатлар шу пайтгача қўллаган қарашларидан воз кечиши шарт. Парламент ҳам, маҳаллий Кенгашлар ҳам ўз вазифасини бажариши керак. Кенгашда қачонгача муҳокама қилиб, сессияга масала киритилгани ёки қарор қабул қилинганидан қаноатланиб, мамнун бўлиб юрамиз? Ўрганилган муаммонинг ечими бўйича нималар қилингани, унинг ижроси устидан назорат ўрнатмас эканмиз, хотиржам бўлишга ҳаққимиз йўқ.

2024 йилдаги устувор вазифаларнинг амалий ижросини таъминлашда парламент иштирокини кучайтириш, депутатлик ва жамоатчилик назоратини қатъий олиб бориш бўйича таклифлар ўртага ташланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 4 ишчи гуруҳ тузилгани, хусусан, уй-жой, коммунал соҳаси бўйича ишчи гуруҳга Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари асосий масъул этиб белгилангани, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда бу муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Ишчи гуруҳнинг фаолиятини самарали йўлга қўйиш, таъсирчан парламент ва депутатлик назоратини олиб бориш бўйича таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, қонунлар ижросини танқидий-таҳлилий ўрганиш, тизимнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш бўйича асослантирилган таклифлар тайёрлаш учун ҳудудларга чиққан ҳолда назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш режалаштирилди.

Аҳолининг турмуш фаровонлиги ва ижтимоий кайфиятига бевосита таъсир кўрсатадиган уй-жой, коммунал соҳасида масъулият ҳамда натижадорликка эришиш муҳим экани таъкидланиб, иш жараёнини ҳар томонлама пухта ташкил этишга келишиб олинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 7.02.2023, №5

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш