Янгиланган Конституциямизда маҳаллий давлат ҳокимияти тизимини “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида такомиллаштиришга оид нормалар белгиланган. Хусусан, жойларда ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашларни ажратиш заруриятидан келиб чиқиб, 100-моддада маҳаллий вакиллик органларининг ваколатлари аниқ белгилаб қўйилган. Мазкур нормалар давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини ислоҳ қилишда жуда муҳим ҳисобланади.
Биринчидан, давлат ҳокимиятини халққа янада яқинлаштирди. Иккинчидан, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг конституциявий асослари мустаҳкамланди. Учинчидан, ҳоким ўзи ҳисобот берадиган органга раҳбарлик қилмайди. Булар депутатларнинг норма ижодкорлиги, халқ вакиллиги, депутат назоратини амалга оширишдаги имкониятларини оширади.
Давлат раҳбари қабул қилган “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон Конституциявий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлмоқда.
Фармон билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида янги тизим жорий қилинмоқда. “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида амалдаги тизимни ислоҳ қилишга қаратилган қатор қоидалар белгилаб берилди.
Фармонда назарда тутилган вазифаларнинг асосий жиҳатлари хусусида маҳаллий Кенгаш депутатлари ўз фикрларини билдирди.
Ҳалилла ЕШИМБЕТОВ,
Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси, Жўқорғи Кенгесдаги партия фракцияси раҳбари:
— Аввало таъкидлаш керакки, Фармон билан маҳаллий Кенгашларнинг ваколат доираси кенгайтирилмоқда. Таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик, транспорт ва ҳудуднинг инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 33 та ваколат Кенгашлар ихтиёрига ўтказилмоқда.
Мазкур ваколатлар жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда шу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг фикрини инобатга олган ҳолда амалга оширилади, дегани. Биз депутатлар улардан самарали фойдаланиб, халқнинг ҳақиқий “овозига” айланишимиз, ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида йўлга қўйишимиз зарур.
Эндиликда тегишли ҳудудда давлат боғча ва мактабларини ташкил этиш бўйича қарор қабул қилиш маҳаллий Кенгаш ваколати доирасида амалга оширилиши белгиланди. Бу жуда муҳим ижтимоий аҳамиятга эга. Ҳудуддаги эҳтиёж ўрганилади, қайси ҳудудда, маҳаллада янги мактаб ёки боғча ташкил этиш керак, қайси бирини кенгайтириш, қайсисини тугатиш кераклиги халқ вакиллари томонидан таҳлил этилиб, қарор қабул қилинади.
Яна бир муҳим масала – атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ. Бундан буён ҳудудда атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи ёки унга бевосита таъсир кўрсатувчи корхона ва иншоотлар қуриладиган жойлар, чиқиндилар кўмиб ташланадиган жойлар маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилинади ва халқ вакиллари розилиги билан белгиланади.
Шунингдек, маҳаллий аҳамиятга молик бўлган курорт табиий ҳудудлар, рекреация зоналари, ботаника ва дендрология боғлари, табиат боғларини ташкил этиш ва тугатиш масаласи ҳам маҳаллий Кенгаш ваколати доирасига киритилмоқда.
Шу кунга қадар ҳудуддаги шаҳарсозлик ва транспорт соҳасидаги масалалар ҳокимликлар томонидан ҳал қилиниб келинар эди. Мазкур фармон билан эндиликда шаҳар йўловчилар транспортида йўловчи ва багаж ташиш тарифларини маҳаллий Кенгашлар белгилаб беради.
Маҳаллий Кенгашлар фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун имтиёзли тарифларни жорий этиш бўйича қарорлар қабул қилади.
Маҳаллий Кенгаш билан келишмасдан туриб, шаҳар йўловчи транспортида йўналишларни ташкил этиш, янги йўналишлар очиш, бекатлар, тўхтаб туриш ва диспетчерлик манзилларини жойлаштириш ерлари ажратилмайди.
Ҳудуд инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган масалаларни ҳам маҳаллий Кенгашлар ҳал этади. Аҳоли пунктларининг ҳудудий зоналари тоифаларига маҳаллий шароитлардан келиб чиқиб ўзгартириш киритиш, ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар учун тарифларни тасдиқлаш Кенгашлар томонидан амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Ишонч билан айтаманки, халқ вакилларининг фаолиятида янги давр бошланмоқда.
Нуриддинжон ХОЛМАТОВ,
Ўзбекистон ХДП Жиззах вилояти кенгаши раиси, вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси:
– Маълумки, бугунги кунгача маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг 25 дан ортиқ масалалар бўйича маҳаллий Кенгаш сессиясида ҳисобот ва ахборот бериши белгилаб қўйилган. Ҳисобдорлик – яхши. Аммо баъзи ҳолларда ҳисобот ёки ахборотни эшитиш у ёқда турсин, улар иш режасига ҳам киритмаганига гувоҳ бўласиз. Иш режага киритилмаган муҳокамаларнинг ўтказилганига, самарадорлигига эса ишониш қийин.
Эндиликда ҳисобот ва ахборотларнинг ҳаммаси маҳаллий Кенгашлар иш режасига киритилиши билан бирга, улар ижросини тўла таъминлаш асосий вазифа қилиб белгиланди.
Муҳим жиҳати шундаки, йиллар давомида маҳаллий Кенгашлар зиммасига юкланиб келинган қатор ваколат ва функциялар тизимлаштирилмоқда. Бу, албатта, халқ вакилларини қувонтиради. Чунки бир бирини такрорловчи масалалар тизимлаштирилиб, сунъий юкламаларга барҳам берилади.
Мисол учун, маҳаллий Кенгашларга маҳаллий ҳокимликлар, ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотлари ҳисоботларини эшитишда мазмунан яқин соҳаларда ўзаро такрорланувчи вазифалар юкланганлиги сабабли уларни қайта кўриб чиқиш, мақбуллаштириш ҳамда тизимлаштириш зарурати мавжуд эди.
Мазкур ҳолатни бартараф этиш ҳамда Кенгашларнинг қонунчиликдаги ваколатларини тизимлаштириш зарурлигини таъкидлаб келганмиз. Эътибор беринг, бир хил тоифадаги ва бир бирини такрорловчи масалалар юзасидан маҳаллий Кенгашлар ҳокимликлар, қатор давлат идораларининг у ёки бу соҳага оид ҳисобот ва ахборотларини йилига бир неча ўн марта эшитиши лозим бўлган. Тасаввур қиляпсизми, маҳаллий Кенгашларнинг иш юкламаси сунъий равишда ошиб борган. Бу Кенгаш ўзининг муҳим ваколатларини номигагина амалга оширишига сабаб бўлиб келган. Натижаси ҳаминқадар мажлисларнинг кўплиги халқимизнинг маҳаллий Кенгашларга ишончига салбий таъсир кўрсатарди, тўғриси.
Шу кунга қадар халқ вакиллари ички ишлар органларининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари, уларнинг тармоқ бўйича ўринбосарлари, шунингдек, маҳаллалардаги профилактика инспекторларининг алоҳида-алоҳида ҳисобот, ахборотларини эшитиб келади. Бу бир масалани қайта-қайта тинглаш дегани эмасми?..
Президент Фармони билан ушбу вазиятга ойдинлик киритилиб, Кенгашларнинг ҳисобот ва ахборот эшитишга оид айрим ваколатлари қайта кўриб чиқилди, улар соҳалар бўйича тизимлаштирилди.
Таъкидлаш керакки, Кенгашлар олдида тегишли ҳудудда фақатгина ҳоким, шунингдек, ҳудудий давлат органларининг биринчи раҳбарлари ҳисобдорлиги белгиланиши келгусида ушбу раҳбарларнинг Кенгаш олдида ҳам сиёсий, ҳам профессионал масъулиятини янада оширишга асос яратиб беради.
Зокиржон ЗОҲИДОВ,
Ўзбекистон ХДП Фарғона вилояти кенгаши раиси, вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси:
— Бугун фаолиятимизга мутлақо янги модел кириб келмоқда. Бу - “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосидаги фаолият.
Шуни айтишим керакки, ихчам ва самарали, халқпарвар давлат органлари тизимини яратмасдан, мамлакатни барқарор ривожлантириб бўлмайди.
Президент фармонига мувофиқ, қонунчилик ҳужжатларидаги 100 дан ортиқ ваколатларни маҳаллий Кенгаш ва ижроия ҳокимияти ўртасида аниқ тақсимлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш белгиланди.
Конституциявий ислоҳотларга назар солайлик, янги таҳрирдаги Конституциямизда халқ депутатлари Кенгаши раҳбари алоҳида бўлиши ҳамда ҳоким Кенгашларнинг раҳбари бўла олмаслиги тўғрисида аниқ қоида белгиланган.
Очиғини айтганда, маҳаллий Кенгашга унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилиши Кенгашларнинг демократик табиатини кучайтиради.
Жорий йил мамлакатимизда парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Қонунчилигимизга кўра, маҳаллий Кенгашлар томонидан кутилаётган ваколатлар ажратилиши масаласи амалга ошади. Хусусан, 2024 йилги сайлов якунлари бўйича дастлаб вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида, 2026 йилдан эса туман (шаҳар) Кенгашларида Кенгаш раислари ва ҳокимлар алоҳида- алоҳида фаолият юритишни бошлайди.
Ушбу тизимнинг жорий этилиши ваколат ва вазифаларнинг маҳаллий вакиллик органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ тақсимланишига асос бўлади. Фармонда айнан ушбу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Бир шахснинг бир вақтда ҳам ҳоким, ҳам маҳаллий Кенгаш раиси бўлмаслиги халқ депутатлари Кенгашларининг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятини кенгайтиради. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг ҳисобдорлиги, масъулияти ва жавобгарлиги ошади. Бу эса маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг самарали фаолият олиб боришига хизмат қилади.
Аброр ҚУРБОНОВ.
«Ўзбекистон овози», 7.02.2023, №5