Сиёсий вазифалар, ўтмаган лойиҳа

 

Ҳар бир ҳафта Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари учун тиғиз ва муҳим мажлислар билан бошланади. Янги етти куннинг душанбасида фракциялар ўз электорати, сайловчилари манфаатларини ифода этишга ҳаракат қилади. Табиийки, кўп ҳолларда қонун ташаббускорлари эътирозларни хурсандчилик билан қабул қилмайди. Бу ҳафта ҳам қизғин баҳслар билан бошланди.

 

29 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади

Қонун лойиҳаларининг муҳокамаси аввалида эса, ўтган ҳафтадаги муҳим воқеликлар ва уларда парламент вакилларининг иштироки таҳлил қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси ҳамда уни тасдиқлаш тўғрисидаги Президент Фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилгани юзасидан таҳлилий мулоҳазаларини билдирди.

Таъкидландики, фуқаролар лойиҳаларнинг муҳокамасида фаол иштирок этиб, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган фикрлари ва таклифларини билдирдилар. Жамоатчилик муҳокамаси давлат дастури лойиҳасининг фуқаролар фикри асосида бойитилишига ва унинг янада халқчил бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

Сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар ҳамда комиссияларда лойиҳалар атрофлича муҳокама қилинди. Депутатлар томонидан сайлов округларида ҳам кенг жамоатчилик иштирокида муҳокамалар ташкил этилди.

Дастур лойиҳасида халқимиз фаровонлигини таъминлаш, ёшларни ҳамда бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳаётий ташаббуслар, манзилли мақсадлар белгилангани депутатлар корпуси томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Ўз навбатида депутатлар ҳам дастур лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан қатор таклифларини билдиргани қайд этилди.

Халқ демократик партияси фракцияси таклифлари ўрта таълим мактабларида инклюзив таълимни ривожлантириш, хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг қонуний асосларини такомиллаштириш билан боғлиқдир.

Ўтган ҳафта якунлари таҳлил қилинар экан, Қонунчилик палатаси депутатлари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири – сайлов округидаги ишларни самарали ташкил этиш, ўз сайловчилари билан доим алоқада бўлишини таъминлаш ҳисобланиши таъкидланди.

Сайловчилар кўтарган тизимли масалаларни, турли соҳа ва тармоқлардаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан муайян ишлар олиб борилмоқда. Аввало, мазкур масалаларни ечишнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, бу борада қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, амалдаги қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритишга қаратилган жами 29 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилгани билдирилди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан 5 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда. Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар мутаносиблигини таъминлаш бўйича амалдаги қонунчиликка ўзгартириш киритишни назарда тутувчи “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ана шулар жумласидандир.

 

ЎзХДП мурожаатлар тизимли ҳал этилиши тарафдори

Мажлисда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)нинг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилишича, 2023 йилда Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар 18622 тани ташкил этди. 2022 йилга нисбатан ўсиш кузатилган. Мурожаатларнинг энг кўпи, яъни 3600 таси ижтимоий масалалар билан боғлиқ.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари,
партия Марказий Кенгаши раиси:

— Фракциямиз Омбудсман ҳисоботини таҳлил қилиб, ўрганиб чиқди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда, айниқса, ҳуқуқ ва имкониятлар тенглигини таъминлашда Омбудсман институтининг самарали фаолиятини муҳим, деб ҳисоблайди.

Ҳисобот даврида Омбудсман институти томонидан фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, инсон ҳуқуқларини кафолатловчи қонунчилик базасини мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилган.

Халқ демократик партиясининг фракцияси мурожаатларни ҳал этиш, қийноқларга қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чораларни кучайтириш бўйича келгусида айрим масалаларга алоҳида эътибор қаратиши зарур, деб ҳисоблайди.

Биринчидан, вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда мурожаатларни батафсил ўрганиш, масалани узил-кесил ҳал этишдаги фаолликни ошириш лозим. Бунинг учун Омбудсман фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга эътибор қаратиш талаб этилади.

Иккинчидан, Омбудсманга 2023 йилда мурожаатларнинг энг кўп қисми – 30 фоизи фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ бўлганлиги мурожаатларни асосан маҳаллий даражада кўриб чиқиб, ижросини таъминлаш Омбудсман фаолиятининг асосий йўналиши бўлиши муҳимлигини кўрсатмоқда. Ҳисоботдаги рақамлардан кўриниб турибдики, ҳудудий вакиллар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига, уларнинг мансабдор шахсларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган ариза ва даъво аризалари бўйича тақдимномалар ҳамда тавсиявий хусусиятга эга хулосалар киритишга сиёсий ирода етишмаяпти. Мазкур соҳада маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик корпуси билан ҳамкорликни кучайтириш жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Учинчидан, Омбудсманнинг жазони ижро этиш муассасаларида ўрнатилган “Омбудсман қути”ларига келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиш, уларни қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқиш тавсия этилади.

Мажлисда Омбудсман ҳисоботи қўллаб-қувватланди.

 

Қонун лойиҳаси рад этилди

Қонунчилик палатасининг мажлиси бир маромда ўтмаслиги маълум. Бир шахснинг қарашлари бошқа бир фикрга қарама-қарши бўлса-да, аксарият ҳолларда қонун лойиҳаларини кўпчилик овоз билан маъқуллаш ҳолати кузатилади. Бироқ бу галги мажлисда депутатларнинг аксарияти жарималар билан боғлиқ масала кўтарилган қонун лойиҳасига қарши чиқди, овоз бермади ёки бетараф бўлди.

Гап шундаки, мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Унга биноан жисмоний ва юридик шахсга тегишли бўлган транспорт воситаларидан фойдаланиб, содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилгани махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган тақдирда, транспорт воситаларини фуқаролик-ҳуқуқий тартибда фойдаланиш ҳуқуқини олган ҳамда ушбу транспорт воситаларидан фойдаланаётган шахслар ёки мулк эгалари маъмурий жавобгарликка тортилишини белгилаш назарда тутилмоқда.

Мазкур меъёр давомли ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Масъул қўмита томонидан қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилиш таклиф этилди. Аммо депутатлар томонидан ушбу нормага доир турли фикрлар билдирилиб, ноаниқлик, турли талқинлар, коррупция ҳолатлари келиб чиқиши мумкинлиги қайд этилди. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси овозга қўйилди ва етарли овоз тўпламагани туфайли рад этилди.

Фикрларни кузатар экансиз, таклиф этилаётган меъёрларни кимдир мантиқсиз, деб баҳоласа, яна биров унинг қанчалар аҳамиятли эканини мисоллар билан исботлашга ҳаракат қилди. Партиялар ҳар хиллиги уларнинг мақсад ва ғоялари ҳам турлича эканини англатади. Шундан келиб чиқиб, депутатлар қонун лойиҳаларига муносабат ҳамда таклифларини билдириши тайин.

Фикрлар хилма-хиллиги қонунларга турли нуқтадан қараш ва уларни шу асосида баҳолаш имконини юзага келтиради.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 14.02.2023, 6

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш