Партиямизнинг собиқ депутати бола ҳуқуқлари бўйича парламент вакили бўлди

 

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўрилаётган бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилди.

Дастлаб «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилдики, ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонунининг 13 ва 16-моддаларига ўзгартишлар киритиш орқали гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш ҳамда ташиш тартибини белгилаш бўйича қонунда белгиланган ваколатлар бевосита Вазирлар Маҳкамасига ўтказилиши, бунда махсус ваколатли орган томонидан идоравий тартибга солиш истисно этилиши назарда тутилмоқда.

Таклиф этилаётган таҳрирга кўра, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш махсус ажратилган ва жиҳозланган жойларда, Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда, юридик шахслар томонидан, мазкур фаолият тури учун лицензияси бўлган тақдирда амалга оширилади. Мамлакатимиз ҳудудида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш ҳам айнан Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда, юридик шахслар томонидан, мазкур фаолият тури учун лицензияси бўлган тақдирда амалга оширилади.

Фракция аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Йиғилишда, шунингдек, депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ўринбосарини сайлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишди. Вакил ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига 2005-2020 йиллар давомида уч чақириқ Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси бўлган Алия Юнусованинг номзоди илгари сурилди.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Алия Юнусова фаолияти давомида болаларни ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқлари тўлиқ амалга оширилишида фаол иштирок этиб келган. Ота-она қарамоғисиз қолган болалар, «Меҳрибонлик» уйларида ўсган ёшларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишда ташаббускор бўлиб келган. Депутатлик фаолияти давомида болалар ва ёшлар масалалари билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар тушган. Етим, ота-она қарамоғидан мосуво болаларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, ҳаттоки уй-жойга эга бўлишга доир ҳуқуқларини таъминлаш масаласида ташаббус кўрсатиб келган. Алия Юнусова ушбу лавозимга энг муносиб номзод эканлиги таъкидланди.

Муҳокамалардан сўнг Алия Юнусова номзодини Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига маъқуллашди.

Йиғилиш якунида кун тартибига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракция позицияси белгиланди ва шу асосда тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

Теглар

Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш