Болани ҳимоя қилиш мақсадида хабар тарқатган фуқаро жазоланмаслиги муҳим

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Хусусан, “Сув ресурсларини бошқариш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Унга кўра, сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига сув етказиб бериш хизматлари учун тўловларни бекор қилиш назарда тутилган.

Шунингдек, Сув хўжалиги вазирлигининг туман ирригация бўлимлари ҳамда махсус хизматлари негизида ташкил этилган “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари қонунчиликда акс эттирилмоқда.

Лойиҳадаги яна бир меъёр мунозарага сабаб бўлди. Гап шундаки, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув истеъмолчиларига нисбатан сув олиш лимитлари халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши томонидан белгиланишини назарда тутувчи меъёр таклиф этилмоқда. Бу жараённи қандай ташкил этиш масаласида турли фикрлар билдирилди.

 

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ХДП фракцияси аъзоси:

— Қишлоқ хўжалигининг бошқармалари ва ҳудудий бўлимлари шу пайтгача бу иш билан шуғулланиб келган. Бундан кейин ҳам шундай бўлади. Фарқи шундаки, лимитни ҳоким тасдиқлаб берарди. Маҳаллий Кенгашларга бу вазифани олиб бериш билан қандай ўзгариш қилмоқчимиз, деган саволга таҳлилий жавобимиз бўлиши керак.

Депутатларнинг ҳаммаси жамоатчилик асосида ишлайдиган кишилар. Ҳамма туман ва шаҳарларда ҳам ҳали котибият тузилмади. Лимит тасдиқлашга оид сизлар олиб келадиган “пачкалаб” ҳужжатларнинг ичига кириб бўлмайди. Тўғри, жамоатчилик назорати ўрнатилади, деган қараш бор. Аммо туман бўйича сувнинг қанчаси қишлоқ хўжалигига сарфланиши керак, қанчаси аҳолига берилади, қанчаси бошқа мақсадларга йўналтирилади, деган саволларга мутахассис жавоби талаб қилинади. Балансни белгилаш учун берилган хулосаларни депутатлар муҳокама қилиши, ўз таклифларини айтиши мумкин. Ана шундай тўғри бўлади. Ҳар бир истеъмолчининг лимитини тасдиқлаб бериш Кенгашнинг ваколати бўлишини ўйлаб кўриш керак. Аввал шунга ўхшаш тажриба кузатилган. Икки киши фақат тасдиқлаб берадиган бўлса, бу формализмдан бошқа нарса эмас.

Фракция аъзолари яна қатор масалаларда саволлар билан ташаббускорларга юзланди ва аниқлик киритилиши зарур бўлган жиҳатларга эътибор қаратди. Кейинги ўқишгача билдирилган эътирозлар юзасидан тузатишлар киритиш, қўшимча тушунтиришлар бериш, асослар келтириш шарти билан лойиҳа концептуал маъқулланди.

Йиғилишда қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлган яна бир қонун лойиҳаси “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги лойиҳа бўлди.

Лойиҳага кўра, болаларга нисбатан зўравонлик шаклларига тариф берилиб, уларни содир этишни тақиқлаш ҳамда қонунга биноан таъқиб қилишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда. Зўравонлик шакллари сифатида жисмоний зўравонлик, жинсий зўравонлик, руҳий зўравонлик, ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация, буллинг кабилар киритилмоқда. Зўравонликдан жабрланувчининг ҳуқуқлари белгиланмоқда.

Мисол учун, зўравонлик тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ёки судга мурожаат этиш, махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш каби имкониятлар яратилиши назарда тутилмоқда. Яна бир муҳим жиҳати, ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳам таклиф этилмоқда.

Фракция аъзолари лойиҳада таклиф этилаётган меъёрларни мантиқан тушунтириб беришни сўради.

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон

ХДП фракцияси аъзоси:

– Лойиҳада телефон орқали маслаҳат берилади, психологик кўмак олиш имкониятлари ҳақида маълумот олиш мумкин, деган изоҳлар келтирилмоқда. Лекин жабр кўрган бола 3-4 ёшда бўлиши мумкин. Улар телефондан қандай қилиб фойдаланади? Ахборотлаштириш тизими илгари сурилар экан, буни ҳисобга олган ҳолда мукаммаллаштиришни сўраган бўлар эдик.

Қонуннинг ичида махфийлик маълумотлари тўғрисида ёзиляпти. Шу кунгача болага ёки қайсидир фуқарога зўравонлик бўлгани қандай тартибда аниқланган? Маълумотни ошкор қилиш каби ҳолатлар кузатилса ҳам, қонунчиликда жазо қўллаш билан боғлиқ меъёр таклиф этиляпти. Бироқ бугун ижтимоий тармоқда қайсидир болага зўравонлик қилингани билан боғлиқ хабарлар тарқаляпти. Буни кимдир кимнидир ҳимоя қилиш мақсадида чиқаряпти. Болани ҳимоя қилиш мақсадида хабар тарқатган фуқарога жазо қўллашнинг қонунда белгиланиши бу каби ҳолатларнинг аксига хизмат қилиб қолмайдими?

Жинсий зўравонлик қилган шахс жазони ўтаб бўлганидан кейин давлат реестрида туриши ва ана шу даврда қонун бузиши билан боғлиқ меъёр киритиляпти. Қайси мезонлар билан уларни давлат реестридан чиқариш мумкин?

 

Дилноза ҲУСАНОВА,

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходими:

— Камчиликлар ва эътирозларни кейинги ўқишгача инобатга олишга ваъда берамиз. Болаларни ҳимоя қилишнинг ҳар қандай усулини амалиётга қўллашда ресурслар билан боғлиқ масалалар амалда жорий қилиняпти. Ҳудудлар, маҳаллалар кесимида ҳам тизим йўлга қўйиш ишлари давом этмоқда. Айнан мана шу ресурслар йўлга қўйилаётгани сабабли ҳам қонун доирасида уларни мустаҳкамлаб қўйиш назарда тутилмоқда. Юридик-техник масалалар билан боғлиқ саволларингизни ҳуқуқшуносларимизга етказамиз ва жавоб берамиз.

Депутатлар зўравонлик фақатгина жисмоний зарба бериш билан ўлчанмаслиги, руҳий, маънавий зўравонлик, яъни озиқ-овқат, кийим-кечак ёки бошқа масалалардаги камситишларни ҳам назоратга олиш муҳимлигини таъкидлади.

Йиғилишда, шунингдек, телекоммуникациялар соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, судлар мустақиллигининг кафолатларини янада кучайтириш, қонунчиликдаги айрим бўшлиқлар ва зиддиятларни бартараф этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар доирасини кенгайтириш, профилактик ҳисобга олинадиган шахслар тоифаси ва улар бўйича юритиладиган назорат ҳужжатларини қисқартиришга қаратилган қатор қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш