Ижтимоий ҳимоя инсон қадрини юксалтиради

 

Давлатимиз раҳбари раислигида куни кеча ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича бўлиб ўтган йиғилиш ва унда белгиланган долзарб ҳаётий вазифалар Ўзбекистон том маънода ижтимоий давлатга айланаётганини кўрсатмоқда. Жорий йилда эришилиши кутилаётган ўзгариш ва янгиликлар минглаб оилаларни, қачадан-қанча юртдошларимизни қувонтиргани рост.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш билан боғлиқ қабул қилинган қонунлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, 1991-2016 йиллар давомида 24 та қонун қабул қилинган бўлса, кейинги 2017-2023 йилларда қарийб икки баробарга кўп, яъни 44 та қонун қабул қилинган. Булар фақат қонунлар бундан ташқари, бошқа юзлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилган.

Шунингдек, кейинги йилларда давлатимиз бюджет харажатларининг асосий қисми ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Жумладан, жорий йилда Давлат бюджети жами харажатларининг қарийб 50 фоизи ёки 151,5 триллион сўми таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, фан, маданият ва спортни ривожлантириш, эҳтиёжмандларни уй-жой билан таъминлаш ва бошқа ижтимоий тадбирларга йўналтирилади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат экани белгилаб қўйилди. Шунга мувофиқ тарзда кенг кўламли амалий ишлар қилинмоқда. Хусусан, 2023 йил 1 июнда аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш бўйича Президент фармони қабул қилинди. Бу ана шу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда катта қадам бўлди. Мамлакат миқёсида тарқоқ ҳолда амалга ошириладиган аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ишлари бўйича ягона тизим яратилиб, алоҳида институционал ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди.

Агентликнинг вилоят бошқармалари, туман ва шаҳарларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ўз фаолиятини бошлади. Ушбу марказларнинг аҳолига профессионал ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиши бевосита маҳалла билан боғлиқ бўлади. Шу маънода, маҳаллаларда ижтимоий хизматлар ходимлари фаолияти ҳам йўлга қўйилмоқдаки, аҳолининг муҳтож қатламини тўла қамраб олиш, сифатли ва профессионал хизмат кўрсатиш орқали уларнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини ҳал этишга яқиндан ёрдам беради.

Видеоселектор йиғилишида тизимни тубдан ислоҳ қилиш, ижтимоий ёрдамнинг манзиллилиги ва натижадорлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланиб, устувор вазифалар белгиланди.

Аввало, ҳозирда фақатгина 28 та туманда маҳаллада ижтимоий ходимлар фаолият юритаётган бўлиб, жорий йилнинг 1 июнига қадар мавжуд барча 9 минг 442 мингта маҳаллада уларнинг фаолиятини ташкил қилиш вазифаси топширилди.

Одамларга протез воситаларини бериш, нафақа ва қаровсиз қолган болаларга васийликни расмийлаштириш, ўзгалар парваришига муҳтож кексаларни ёлғиз деб эътироф этиш каби 49 та ижтимоий хизмат маҳаллагача туширилиши ўз навбатида маҳалладаги ижтимоий ходимларга катта масъулият ва жавобгарлик юклайди.

Дарҳақиқат, эҳтиёжманд оилалар манзилли ўрганилганилса ҳамда маҳалла аҳолиси хабардор бўладиган шаффоф тизим яратилса, ҳар бир ижтимоий хизматга индивидуал ёндошилса, мониторинги олиб борилса, албатта, ҳақиқий муҳтож кишиларга ёрдам етиб боради. Бу эса пировард мақсадимиз ҳисобланган камбағалликни қисқартиришга, ночор аҳволга келиб қолганлар ўзини “ўнглаб” олишига сезиларли даражада таъсир кўрсатади.

Ижтимоий ҳимоя масаласига эътиборнинг натижаси жамиятимизда яққол сезиляпти. Биргина нафақа тайинлаш йўналишини олайлик. Кейинги йилларда уларнинг сони ошиб бормоқда, хусусан, 2021 йилда 404 763 нафар одам нафақа олган бўлса, айни пайтга келиб 600 минг нафардан ортиқ одамларимиз бир неча турдаги нафақа билан таъминланмоқда. Шу билан бирга, нафақаларнинг миқдори ҳам муттасил ошириб бориляпти.

Алоҳида таъкидландики, энди нафақа олувчилар рўйхатига, биринчи навбатда, ногиронлиги бор, ота-онаси йўқ, боқувчисини йўқотган, касаллиги ва бошқа сабабга кўра узоқ муддат ишлай олмайдиганларнинг оилалари киритилади. Бошқа фуқароларни “ижтимоий реестр”га киритишда уларнинг фақат даромади эмас, балки харажатлари ҳам баҳоланади(яшаш шароити, коммунал, солиқ, кредит тўловлари ва бошқалар).

Яна бир муҳим жиҳат, келгуси йилдан 40 та туманда реабилитация, соғломлаштириш ва ногиронлиги борларга қаровчиларни ўқитиш бўйича кўп тармоқли ижтимоий хизматлар марказлари ишга туширилади. Бу ўз навбатида ижтимоий кўмак кўрсатиладиган шахслар ҳаётининг яхшиланишига хизмат қилади.

Йиғилишда ногиронлиги бўлган шахсларга “тўсиқсиз ҳаёт” яратиш билан боғлиқ долзарб масаларга ҳам алоҳида тўхталинди. Ногиронлиги бўлган шахсларга ишлаш ва касб-ҳунарга ўқишда тўсиқсиз муҳит яратиш учун уларнинг “меҳнатга лаёқатини белгилаш” амалиётидан воз кечилиб, ногиронлик касалликка қараб эмас, балки шахснинг мустақил ҳаракати, мулоқот қобилияти ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокига қараб белгиланадиган бўлди.

Бино ва иншоотларни қуриш лойиҳаси ногиронлиги бўлганлар учун қулай муҳит яратилганлиги бўйича ҳам мажбурий экспертизадан ўтказиши, жамоат транспорти, бекатлар ва чорраҳаларда улар учун тўсиқсиз муҳит яратиш чоралари кўрилиши белгиланди. Шубҳасиз, ушбу янги тизимнинг амалга оширилиши ногиронлиги бор шахсларнинг жамиятга интеграциялашувини осонлашига хизмат қилади.

Умуман, мазкур янгиликлардан кўзланган асосий мақсад ижтимоий ҳимоя тизимида аниқлик, шаффофлик ва адолатни таъминлаш. Токи ёрдам олган инсон ҳаётга интилсин, ўзини жамиятнинг ҳақиқий аъзоси, деб ҳис қилсин.

Биз, депутатлар эса доимий равишда бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асосларни яратиш, самарали парламент назоратини амалга ошириш, сайлов округларида ижтимоий ҳимоя тизими билан боғлиқ ҳолатлардан аҳолини хабардор қилиб боришимиз лозим бўлади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита

раиси ўринбосари, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш