Аҳолига кўрсатиладиган барча ижтимоий ёрдамлар “ижтимоий карта” орқали молиялаштирилади

 

Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш, ижтимоий муаммоларни адолатли ҳал этиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлиши белгилангани ушбу соҳани ягона ёндашув асосида ислоҳ қилиш зарурлигини тақозо этмоқда.

Президентимиз раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш, ижтимоий хизмат ва ёрдамларни комплекс ёндашув асосида кўрсатиш, ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан буён маҳалла даражасида манзилли, шаффоф ва адолатли ташкил этилади. Маҳаллада ижтимоий хизматлар кўрсатиш электрон платформаси ишлаб чиқилиб, у орқали “Темир дафтар”“Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” платформалари ўзаро интеграция қилинади.

Янги тартибга кўра, ёрдамга муҳтож аҳоли вакилларини ижтимоий ҳимоялаш тизими маҳалла даражасига туширилмоқда. “Мурувват” уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида ижтимоий хизматларни мобил ва кундузги қатнов шаклида кўрсатиш йўлга қўйилади.

Келгуси йилдан 40 та туманда реабилитация, соғломлаштириш ва ногиронлиги бор шахсларга қарайдиганларни ўқитиш бўйича кўп тармоқли ижтимоий хизматлар марказлари иш бошлайди. Бу орқали яна 60 минг эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий хизматлар билан қамраб олинади.

Бу жараёнда нафақа олаётган, лекин меҳнат қилиб, даромад олиш истагида бўлган 660 минг нафар аҳоли учун зарур шароитлар яратилиши уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги яхшилашга хизмат қилади. Шунингдек, “Темир дафтар”ларни юритиш тўлиқ Ижтимоий ҳимоя агентлигига ўтказилиб, “Саховат ва кўмак” жамғармасидан бир марталик ёрдам олиш учун оилаларни ушбу дафтарга киритиш талаби бекор қилинади.

Эндиликда нафақа олувчилар рўйхатига, биринчи навбатда, ногиронлиги бор, ота-онаси йўқ, боқувчисини йўқотган, касаллиги ва бошқа сабабга кўра узоқ муддат ишлай олмайдиган оилалар киритилади. Бошқа фуқароларни “ижтимоий реестр”га киритишда, уларнинг фақат даромади эмас, балки харажатлари ҳам баҳоланади.

Ижтимоий ҳимоя агентлигига вилоят ҳокимлари билан 1 июнга қадар барча 9 минг 442 мингта маҳаллада ижтимоий ходимлар фаолиятини ташкил қилиниши ҳам ўз натижасини бериши аниқ. Сабаби айни чоғда ушбу масала 28 та туманда ўзини тўла оқлади.

Ўтган қисқа даврда кам таъминланган, ёрдамга муҳтож, ёлғиз, ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича салмоқли ишлар қилинди. Бу ўзгаришларни юртдошларимиз ўз ҳаётида сезаётганини, ҳис этаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Энди йил якунигача одамларга протез воситаларини бериш, нафақа ва қаровсиз қолган болаларга васийликни расмийлаштириш, ўзгалар парваришига муҳтож кексаларни ёлғиз, деб эътироф этиш каби 49 та ижтимоий хизмат маҳаллагача туширилаётгани минг-минглаб фуқароларимизнинг айни дилидаги гап бўлди.

Бу йил 1 октябрдан аҳолига кўрсатиладиган барча ижтимоий ёрдамларни “ижтимоий карта” орқали молиялаштирилиши, “Саховат ва кўмак”, “Аёллар”, “Ёшлар” дафтарлари жамғармалари, кейинчалик босқичма-босқич 74 турдаги ижтимоий нафақа ва ёрдамлар ўтказилиши ҳам юртдошларимизни ҳаракатга келтиргани, фаолликка чорлагани рост.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси ижтимоий ҳимоя тизимида аниқлик, шаффофлик ва адолатни таъминлашга хизмат қилади. Зотан, ёрдам олган инсон ҳаётга қайтишга интилсин, ўзини жамиятнинг ҳақиқий аъзоси деб ҳис қилсин.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш