Ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифаларни амалга оширишда партия ташкилотларининг ўрни

 

Ўзбекистон Халқ демокартик партиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Марказий Кенгаш, Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари масъуллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳи аъзолари, Ёшлар парламенти аъзолари қатнашди.

Унда Президент раислигида 20 февраль куни бўлиб ўтган ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Марказий Кенгаш раиси ўринбосари, Қонунчилик палатаси депутати Ф.Шарипов йиғилишни очар экан, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани, ушбу масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганини алоҳида қайд этиб ўтди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш орқали аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасигача ташкил этиш, оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган аҳолига индивидуал ёндашувга мувофиқ ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ижтимоий муаммоларни адолатли ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилиб, “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш усуллари жорий этилгани бугун ижтимоий масалаларни самарали ҳал этишга хизмат қилмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 1-моддасида Ўзбекистон ижтимоий давлат экани белгилаб қўйилгани бу борадаги ислоҳотларда янги даврни бошлаб берди. Бош қомусимизда ижтимоий мажбуриятларга доир нормалар 3 баробарга ошганлиги, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлиши белгиланди.

Йиғилишда сўз олганлар ижтимоий ҳимоя борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш нафақат ҳар бир давлат ва нодавлат ташкилоти, балки сиёсий партия вакиллари, айниқса, Ўзбекистон ХДП ҳамда унинг депутатлик корпуси зиммасига ҳам жуда катта масъулият юклаши таъкидланди. Айниқса, ижтимоий ҳимоя масалалари партия дастуридаги асосий вазифалардан ҳисобланади.

Шу боисдан, партия кенгашлари ва депутатлик бирлашмалари маҳаллалар кесимида, хонадонма-хонадан ўрганишларни амалга оширади. Бу жараёнда аҳолининг муаммоларини ҳал қилиш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиб борилади.

Сўзга чиққанлар қайд этганидек, сўнгги ойларда кам таъминланган оилалар манзилли ўрганилиб, тизим шаффоф қилингани натижасида доимий даромадга эга оилалар бундай тоифадан чиқарилган. Ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз яшаётган 2 минг кишига ёрдам кўрсатилган. Шунга қарамай бугунги кунда ижтимоий ҳимоя тизими билан 250 та хизмат қамраб олинган бўлса-да, маҳалладаги аҳоли уларнинг ярмини ҳам билмаслиги айтилиб, ижтимоий хизматлар борасида аҳолининг хабардорлигини ошириш бўйича тарғибот тадбирларини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш, айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож қисми бўлмиш ногиронларга ҳаётда тенг имконият ва шароитлар яратиб бериш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон 2021 йилда Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилган. Бундай шахсларни ишга олган корхона ва ташкилотлар учун бир қатор имтиёзлар берилган. Эндиликда бино ва иншоотларни қуриш лойиҳаcи ногиронлиги бўлганлар учун қулай муҳит яратилганлиги бўйича ҳам мажбурий экспертизадан ўтказилади. Жамоат транспорти, бекатлар ва чорраҳаларда улар учун тўсиқсиз муҳит яратиш чоралари кўрилади.

Шунингдек вилоят студиясидан сўз олганлар, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг ҳудудлардаги “Инсон” марказлари билан, шунингдек, маҳалла еттилиги билан биргаликда оиладаги муаммо ва имкониятлар аниқланиб, маҳалланинг “ижтимоий портрети”ни яратиш, ёрдамдан сўнг хонадонда нима ўзгарганини мониторинг қилиб бориш масалаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлигига эътибор қаратдилар.

Савол-жавоблар давомида депутатлар мамлакатимизда аҳолига профессионал ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан бирга, ижтимоий хизмат ва ёрдамни маҳалла даражасида манзилли, шаффоф ва адолатли ташкил этиш, ижтимоий ҳимоянинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ва бу борада парламент назоратини кучайтириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш