Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги бўйича катта салоҳиятга эга. Бинобарин, ялпи ички маҳсулотнинг тўртдан бири айнан мазкур соҳага тўғри келади. Шу билан бирга, республика бўйича банд бўлган аҳолининг қарийб 25 фоизи қишлоқ хўжалиги тармоғига тегишли бўлиб, бу кўрсаткич 3,5 млн. кишини ташкил этмоқда. Бу эса, нафақат иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини оширишда қишлоқ хўжалиги тармоғининг ўрни ниҳоятда муҳим эканлигини, балки бевосита соҳада амалга ошириладиган ислоҳотларга ҳам боғлиқлигини кўрсатмоқда.
Боз устига, тобора кучайиб бораётган иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг танқислиги, ерларнинг мелоратив ҳолати бузилиши каби муаммолар сабаб Ўзбекистонда мазкур соҳа қатор муаммо ва таҳдидлар гирдобида қолди.
Бундан ташқари, йиллар давомида ушбу соҳада тўлақонли бозор муносабатларига асосланган ислоҳотларнинг амалга оширилмагани, яъни давлат томонидан энг кўп тартибга солинадиган соҳа бўлгани, давлат буюртмаси, ердан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларнинг чеклангани ва ҳимояланмагани ушбу тармоқдаги самарадорлик, унумдорлик кўрсаткичларининг пасайишига сабаб бўлди.
Айнан шу жиҳатдан мамлакатимизда 2017 йилдан бошлаб, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантиришга оид қатор аграр ислоҳотлар олиб борилди. 2019 йилда Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинди. 2020 йилдан пахта ва ғаллани етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини жорий этиш орқали давлат монополиясига барҳам берилди.
Шунингдек, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясига мувофиқ, қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 бараварга ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш устувор мақсад сифатида белгиланди. Умуман олганда, сўнгги етти йилда ушбу соҳада олиб борилган ишлар натижасида қишлоқ хўжалиги ялпи ишлаб чиқаришнинг йиллик барқарор ўсиш суръатлари қайд этилди. Сув ресурсларининг тобора камайиб бораётганлиги боис, мазкур соҳада қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, юртимизда экин майдонларини оптималлаштириш ва қишлоқ хўжалиги экинларини ҳудудлаштириш сиёсати, кластер тизими, замонавий иссиқхона хўжаликларини яратиш, томорқа хўжалиги амалиётини кенгайтириш қишлоқда аҳолининг турмуш даражасини сезиларли даражада ошириш имконини берди.
Аммо бу соҳада муаммолар йўқ, дегани эмас. Гап шундаки, аҳоли сони кун сайин ошиб боряпти. Шунга яраша озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш маҳсулдорлигини ҳам ошириш кун тартибидаги энг муҳим вазифалардан бирига айланди.
Яқинда Президентимиз раислигида қишлоқ хўжалигида янги захираларни ишга солиш ҳамда 2024 йилги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида асосий эътибор қишлоқ хўжалигида унумдорликни ошириш, таннархни камайтириш, сувни тежашга қаратилиб, галдаги вазифалар белгиланди.
Ер ва сув ресурслари чекланган шароитда янгича ишлаб, маҳсулотни кўпайтириш, соҳага саноат муҳитини олиб кириш зарурлиги таъкидланди. Масалан, юртимизда бир гектар майдондан олинадиган ўртача ҳосил илғор мамлакатлардагига қараганда кам. Лекин ўғит ҳам, ёқилғи ҳам, сув ҳам 2 карра кўп ишлатилади.
Шу боис, хориждан серунум чигит ва уруғлар олиб келиб, деҳқонларни янги агротехнологияларга ўқитиб, ҳосилдорликни пахтада 50 центнер, ғаллада 100 центнерга етказиш мумкинлиги айтилди. Республикамиз жами суғориладиган майдони 4,3 миллион гектарни ташкил этади. Афсуски, уларнинг салкам ярми турли даражада шўрланган.
Йиғилишда соҳага доир яна кўплаб масалалар кўтарилди. Хусусан, фермерлар манфаатдорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Манфаатдорликни янада ошириш учун бу йил пахтачиликда бўлгани каби ғалла етиштиришда ҳам имтиёзли кредитни тўғридан-тўғри фермерга бериш тизими жорий қилиниши айтилди. Бундан ташқари, давлат ресурси учун харид қилинган буғдойни даладан ташиб келиш ва сақлаш харажати ҳам тўлиқ бюджетдан қопланади.
Шу билан бирга, минерал ўғит сифати ва устамаси алоҳида назоратга олинади. Фермерларга ўз ҳисобидан ўғит сотиб олиш бўйича қулайлик яратилади. Эндиликда олдинги қарзини 1 апрелгача тўлиқ тўламаган кластер билан фюьчерс шартномаси бекор қилинади ва фермерга пахтани биржада сотишга рухсат берилади. Маълумотни электрон платформага киритган ва фюьчерс шартнома имзолаган фермерга кредит кўпи билан уч кун ичида ажратилиши шарт этиб белгиланди. Чорвачилик, ипакчилик ва балиқчилик тармоқларини қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам қайд этиб ўтилди. Инвестицияларни фаол жалб этиш орқали соҳада ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш чоралари кўрсатилди. Булар эса олдинда қилинажак ишлар ҳали кўп эканини англатади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, аҳоли бандлиги ва озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминловчи соҳа — қишлоқ хўжалиги давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида. Бундан бир муддат олдин, яъни жорий йилнинг 16 январь куни 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида аграр соҳадаги ўзгаришларга ҳам алоҳида тўхталиб, мутасадди идоралар зиммасига қўшимча вазифа ва кўрсатмалар берилган эди.
Шу боис, қишлоқ хўжалиги соҳасини тубдан рақамлаштириш, энг сўнгги илғор дастурий ечимларни кенг татбиқ этиш, ходимлар, айниқса, ёш кадрлар илмий салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Рақамлаштиришнинг қулайлиги шундаки, у ҳосилни йиғиб олгандан кейин ҳам маҳсулотни қайта ишлаш, қадоқлаш, тозалаш, саралаш ва етказиб бериш жараёнида қўлланилади. Ақлли деҳкончилик технологиялари юқори маҳсулдорлик ва сифатга эришиш, сув сарфи ва ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, экинларни режалаштириш ва прогноз қилишда ҳам муҳим рол ўйнайди.
Умуман олганда, Президентимизнинг ушбу масалага жиддий эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Зеро, табиий офатлар оқибатлари, иқлим ўзгариши, ер деградацияси, қишлоқ хўжалигидаги муаммолар ва бошқа шу каби салбий омиллар дунёда кенг кўламли очарчилик хавфини юзага келтирмоқда. Пировард мақсад мана шундай шароитда халқимизнинг қийналишига йўл қўймаслик, аҳолини сифатли, арзон ва турли озиқ-овқатлар билан узлуксиз таъминлашга эришишдир.
Дилором ИМОМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.