Мактаб таълими ва ўқитувчиларга эътиборни кучайтириш масаласи бир неча йиллардан бери муҳокамалар мавзусига айланди. Аслида бу ҳам ютуқ. Мактаб таълимининг сифатини яхшиламасдан, ўқитувчининг обрўсини кўтармасдан, унинг яшаш шароитларини яхшиламасдан таълим соҳасида катта ўзгаришлар ҳақида гапириш бефойда. Зеро, фундаменти носоз бинонинг тепасига ҳар қанча зеб берманг, таги қийшиқ ва омонат бўлгани боис барибир мустаҳкам бўлмайди.
Яқинда қабул қилинган “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги янги Қонун тарихий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Қонунда педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятининг асосий кафолатлари, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари белгилаб қўйилди.
Жумладан, янги қонунга кўра, шу пайтгача ўқитувчини, умуман, бу касбни хўрлаб келаётган бир қатор амалиётлар энди қонунан тақиқланади. Ҳеч кимга сир эмас, ўқитувчилар ҳокимлик ва идораларнинг югурдакларига айланиб қолишган эди. Ўқитувчилар турли ҳисоботлар тайёрлаш билан овора бўлиб, дарс бир томонда қолиб ҳам кетди.
Эндиликда ушбу қонунга кўра, педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан, ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этиш тақиқланади.
Шунингдек, педагоглардан уларнинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, шу жумладан, битирувчиларнинг бандлиги таъминланганлиги ҳақидаги ҳисоботларни шакллантириш ва тақдим этишини талаб қилиш энди мумкин бўлмайди.
Педагогнинг зиммасига товар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, шу жумладан, иш ҳақидан унинг ёзма розилигисиз товар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш каби ўқитувчи обрўсини ерга урадиган амалиётлар ҳам қонундан ташқари, деб эълон қилинади.
“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунда, шунингдек, педагогларнинг касбий фаолиятини амалга оширишга кўмаклашиш, рағбатлантириш, имтиёзлар бериш ва дам олиш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилган.
Педагогларни ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Масалан, улар учун қисқартирилган иш вақти белгиланади. Олис ҳудудларга бориб дарс берадиган ўқитувчиларга бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жой ижараси учун ҳар ойда компенсация тўлаб берилади.
Қонунда, шунингдек, педагогларнинг фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига имтиёзли асосда қабул қилиш, юқумли касалликларга қарши бепул эмлаш ва мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтказиш каби имтиёзлар берилган.
Қонунда педагогларнинг таълим-тарбия жараёнида ўқувчиларга муносабатини ўзгартириш масаласига ҳам кенг ўрин ажратилган. Беш қўл баробар эмас, айрим педагогларнинг ўз мақомларига номуносиб эканликлари, ўз устида ишламасликлари, ўқувчиларга қўл кўтариш ва уларни ҳақорат қилиш каби педагогик этикага зид ишларни ўзларига эп кўришлари ҳам учраб туради. Янги қонун мана шу жиҳатларни ҳам тартибга солади.
Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳужжат ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Зулфия ТУЙЕВА,
Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси,
Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати.
«Ўзбекистон овози», 28.02.2023, №8