Халилла оға Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Република Кенгаши раиси бўлиб келгандан буён Нукус шаҳрида ижарада туради. Беруний туманига ўғиллари билан набираларини кўргани боради. Шаҳарда бир маҳаллада яшаймиз. Аниқ эсимда, ёз ойлари эрталаб бадан тарбия қилгани кўчага чиқамиз. Халилла оға катта кўчага чиқиши билан оёқ кийимларини қўлига олиб, яланг оёқ юради. Менинг таажжубланганлигимни кўриб, изоҳ берган бўларди.
– Минажатдин оға, (асли ёшим жуда кичику аммо ҳурмат юзасидан шундай атайди) она табиатга қанча яқин бўлсанг, соғлом бўласан. Биласанми, кичиклигимизда ҳаммамиз яланг оёқ чопиб юрардик. Ҳеч кимнинг боласи касал бўлмасди, тўғрими? Шу оёқ яланг юрсам, қон босимим кўтарилмайди. Ўзимни тетик сезаман. Эрталаб тоза ҳаводан нафас олганга етмайди.
Шу тариқа гурунгимиз ҳар хил мавзу билан давом этади. Шундай ажойиб инсон билан кўп йиллардан буён бир мақсад йўлида ҳамнафас бўлиб келаётганлигимдан қувонаман. У кишидан доимо ҳаётий тажрибалар тўплашга ўрганганман. Тўғри-да, ҳамиша яхши одамлар орасида бўлиш қандай яхши. Атрофдагиларга, яқинларига самимий, меҳрли муносабатда бўлиш орқали эл орасида ҳурмат қозонган, қадр топган Халилла оға ҳақида бир-икки сўз айтмоқчимиз.
Шогирдлардан қадр топган устоз
Халилла Ешимбетов ҳар доим тиниб-тинчимайдиган инсон. Имкон қадар инсонларга ёрдам беришга шошилади. Беруний туманида туғилиб, вояга етгани боис шу туманнинг барча жойини беш бармоғидек билади. Қайси жойда муаммо бор, унга қай тарзда ечим топиш керак – ҳаммасини ўйлаб юради.
Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси ўринбосари, халқ депутатлари Шуманай туман Кенгаши депутати Махмуд Есенгелдиев шундай деди:
– Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси, Жўқорғи Кенгес депутати, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Халилла Ешимбетов билим ва тажриба билан эл-юрт орасида ҳурмат қозонган инсон. Саккиз йилдан буён Халилла Бекимбетович билан партия сафида бўлиб, фаолият юритиб келмоқдаман.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 662 та бошланғич партия ташкилотида 41762 нафар аъзомиз жамланган. Жўқорғи Кенгесда 15 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларида 90 нафар депутат фаолият олиб бормоқда.
«Яхшидан боғ қолади», дейишади-ку. Яхши инсонлар ўзлари фаолият олиб борган пайтларидан ном қолдириши табиий. Мисол тариқасида шуни айтишим мумкин, унинг раҳбарлигида 2020 йилда партиянинг Шуманай туман кенгашига туман марказида 6 хонали янги, чиройли иморат қад ростлади. Албатта, бундай ишларни олиб бориш учун ҳам ҳар томонлама ақл-заковат, тажриба керак. Мен Халилла Бекимбетовични донишманд раҳбар, меҳр-оқибатли, жуда бағрикенг, сермулоҳаза, андишали, маданиятли инсон, деб биламан.
Хусусан, Халилла Ешимбетов бошчилигида Қорақалпоғистон Республикасида партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшлар бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларга кўмак бериш борасида кўплаб тадбирлар ва амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ҳалоллик, тўғрисўзлик, адолат томонда туриш, ҳақиқатни айтиш у кишининг фазилатлари ҳисобланади. Ҳамиша шогирдларига жуда кўп ғамхўрлик қилади. Кадр тайёрлашда катта тажриба мактабига эга. Бу борада устоз кўпчиликка ўрнак.
Мен Халилла оға билан бирга ишлаганимдан, замондош бўлганимдан, у кишидан ҳаёт тажрибаларини ўрганганимдан фахрланаман.
Теран билимга эга тарғиботчи инсон
Партиямиз дастурида ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ ғоялар муҳрланган. Халила Ешимбетовнинг қалби дастуримизга жуда ўхшайди.
Райхан Кармисова,
Ўзбекистон ХДП Қораўзак туман кенгаши раиси:
– Халилла оғани дастлаб телевидениедаги чиқишлари орқали теран билимга эга тарғиботчи, қонунлар, қарор ва фармонлар мазмун-моҳиятини аҳолига содда тилда тушунтирадиган инсон сифатида таниган эдим.
2018 йилнинг декабрь ойидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қораўзак туман кенгаши раиси бўлиб иш бошладим. Халилла Бекимбетовични билими, ишга масъулияти ва катта тажрибаси билан ўзини эркин сезадиган, барча ишларни жой-жойига қўядиган, тиниб-тинчимайдиган раҳбар, деб биламан.
Касб танлаш – ҳар бир инсон ҳаётидаги энг муҳим танловлардан бири. Касб нафақат даромад топиш манбаи, балки умрнинг асосий қисми сарфланадиган фаолият ҳамдир. Шу маънода инсон умр йўлдош ва касб танлашда адашмаслиги керак, деган гап нақадар ўринли эканига қўшилмай иложимиз йўқ. Боиси, инсон умрининг энг асосий дамлари оилада ва ишда кечади.
Инсон севган касбидан ва оиласидан қониқиш ҳосил қилиб яшаса, турмуши чиройли кечади. Халилла Ешимбетов ҳаётда ана шундай омади чопган инсонлардан бири, деб биламан.
Фаолияти давомида турли соҳаларда ишлаган бўлса, ҳар бир соҳада катта натижаларга эришаётганини ҳамкасблари жуда яхши билишади. У ўзига жуда талабчан, оғир нуқталарни тез англаб етиб, унга ечим топишда тинмай ҳаракат қилади. Масъулиятли лавозимларда ишлашига қарамасдан, жуда камтарин. Ўзи ҳақида эмас, кўпроқ ўзгалар ҳақида ўйлайди. Яхшилик қилиш, эътибор ва эъзоз кўрсатиш у кишининг ҳаёт фалсафасига айланган.
2010 йилдан буён бир сафдамиз
Кўп йиллардан бери партиямиз сафида меҳнат қилиб келаётган Амударё туман кенгаши раиси, халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши депутати Махсуд Саъдуллаевга қулоқ тутамиз:
– Халилла Ешимбетов билан 2010 йилдан буён бирга фаолият юритиб келаман. Республика ташкилотига раҳбар бўлганидан кейин кўплаб ижобий ишлар амалга оширилди, партия тарафдорлари кўпайиши билан унинг нуфузи ҳам ошди. Бу инсон бошчилигида қатор лойиҳаларни самарали ўтказмоқдамиз. Партиямиздан сайланган ҳар бир депутатни шахсан ўзи яхши билади. У киши шижоати, изланишлари, ташаббускорлиги ва яратувчанлиги сабабли депутатларнинг катта ҳурматига сазовор бўлмоқда.
Унинг одамлар билан самимий мулоқот қилиш, нотиқлик санъати, вазиятга зудлик билан тўғри ва одилона баҳо бериш хусусиятларини қадрлайман. Ишни устун қўядиган, фидойи, меҳнаткаш, талабчан, эл-юртини севадиган раҳбар сифатида бутун Қорақалпоғистонда партиядошларимиз уни ҳурмат қилади ва ардоқлашади.
У ижтимоий муҳофазага муҳтож инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан асло чарчамайди. Кимгадир даволаниш учун ордер олиб берса, яна бирига махсус аравачасини олиб беради. Бир кўчага тунги ёритқич ўрнаттирса, баъзи маҳаллага янги трансформатор ўрнатишда ёрдам кўрсатади. Эски кўприкни янгилатса, айрим кўчаларни асфальт қилишда депутатлик сўрови билан мурожаат қилиб, масала ҳал этилишини назорат қилади.
Инсонларнинг дардига дармон, ташвишига шерик бўлиб яшашга ўрганган Халилла Ешимбетовнинг кундалик ҳаёти савобли ишлари билан катта мазмунга эга бўлиб келмоқда.
Лидер устоз
Халилла оға ҳақида фикрларни Қорақалпоғистон Республика Жўқорғи Кенгеси депутати Сайёра Имамова давом эттиради:
– Сиёсат оламига 2014 йил Ўзбекистон Халқ демократик партиясига аъзо бўлган пайтимда кириб келдим. Халилла Ешимбетовни олдиндан танирдим, лекин ҳеч учрашмагандик. Салобатли, фикрлаш доираси кенг, шу билан бирга, меҳрибон, ҳеч қачон маслаҳатини аямайдиган бу инсонни лидер, ҳурматли устоз, деб биламан.
Дастлаб Беруний туман Кенгашига депутат бўлиб сайланганман. «Депутатлик шунчаки мақом эмас, депутат халқ дарди билан яшаши зарур, ҳар бир муаммога дилдан ёндашиб, ечимини топиши зарур», деб айтар эди устоз.
Уларнинг энг яхши хислатларидан бири – етти ўлчаб бир кесадилар. Ҳар бир ишнинг охирини ўйлайдилар. Ўз ўрнида қаттиққўл, талабчан, ташаббускор, ўз ишини севиб қиладиган, қолаверса, олдига қўйган мақсадига эришадиган раҳбар. Яна бир хислатлари – эътиборлилар. Қўл остида ишлаётган ходимларнинг ишларини баҳолаб, рағбатлантиришни, аёл-қизларни байрамларда табриклаб, кўнглини олишни ҳеч канда қилмайди. “Депутатликка юзаки ёндашиш энг катта хато”, деб уқтирадилар.
Одамлар орасига кирганимизда, сайловчилар билан учрашганимизда, соддалик билан уларнинг қалбига кириб, тез тил топишиб кетади, ҳатто ҳазил-ҳузил қилиб кўнгилларини кўтаради, бу борада кучли психолог, десам муболаға бўлмайди.
Бир сўз билан айтганда, Халилла Ешимбетовнинг ҳаёт мактаби сермазмун. Биз шогирдларлари сифатида бу инсон билан фахрланамиз.
Баъзан ёшариб кетганга ўхшайди
Партия фаоли, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Хурлиман Ниетбаева Халилла Ешимбетов ҳақида шундай фикр билдирди:
– Халилла Ешимбетовга Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси унвонини бекорга беришмаган. У раҳбар, депутат бўлса ҳам, жуда самимий, оддий киши, унинг ёнида ҳар қандай киши ўзини бамайлихотир ҳис қилади. Партия сафидаги ёшлар билан бемалол тил топиша олади. Бир мақсад сари жамланган биз сингари ёшларни кўриб, баъзан у киши ҳам ёшариб кетганга ўхшайди.
Халилла оғадек омади кулган, меҳнатдан чарчамайдиган инсоннинг шогирди бўлганлигимдан қувончлиман. Ҳали биз кўп марраларни бирга босиб ўтамиз.
Халилла Ешимбетов бу йил 65 ёшни қаршилади. У 1981 йили Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини муҳандис-химик-технолог мутахассислиги бўйича тугатиб, дастлабки меҳнат фаолиятини Нукус ип йигирув фабрикаси Беруний филиали катта муҳандислигидан бошлаган. Тинимсиз изланиш, устоз маслаҳатлари натижасида фабриканинг катта устаси, цех бошлиғи, бош муҳандиси вазифаларигача етиб борди. Уни 1986 йилда Беруний тумани ип йигирув-тўқув фабрикаси директори этиб сайлашди.
Халилла Ешимбетов 1991–1995 йиллари Ўзбекистон Халқ демократик партияси Беруний туман кенгаши ташкилотчиси сифатида катта фаоллик, фидойилик кўрсатган. Фаол тарғиботчи ва теран фикрли инсон 2008 йили яна партиявий фаолиятга қайтди. 2016 йилгача партиямизнинг Беруний туман кенгашига раислик қилди.
Инсон ҳаётда меҳнати билан бахт калитини топиши мумкин. Одамлар орасида юриб, сиёсий мақсад-вазифаларни тушунтириш, элни ишонтириш осон иш эмас, албатта. Бунинг учун катта сабр, маҳорат ва истеъдод зарур.
Халилла Ешимбетов 2016 йилдан бери Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси сифатида самарали фаолият юритмоқда. Ўтган давр мобайнида республика ташкилоти барча йўналишларда муҳим ютуқ ва натижаларга эришиб келмоқда.
Ҳар тонг яхши ният билан бадан тарбияга чиққан Халилла оға янги лойиҳалар, ташаббус ва таклифлар ҳақида ўйлайди, режалар тузиб, уларни амалга оширишга интилади. Устозимиз 65 ёшдан ошаётган бўлса ҳам ҳали тетик ва бақувват. Ҳар эрталаб йўлимизни шижоат билан бирга давом эттирамиз.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ.
«Ўзбекистон овози», 28.02.2023, №8