Хотин-қизлар манфаати ҳимояси биз учун устувор масала

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий вилоят кенгаши ташаббуси билан маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасида «Хотин-қизлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда дастлаб «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида», «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

– Бош Қомусимизда ҳам инсон қадр-қиммати юқори даражада эътироф этилиб, гендер тенглиги масаласига алоҳида урғу берилган, – дейди Кармана туман адлия бошқармаси ходими Ғулом Ялгашев. – Шу тариқа мамлакатимизда аёллар жамиятнинг фаол аъзоси сифатида барча соҳаларда иштирок этиши ҳуқуқий кафолатланган. Гендер тенглиги ижтимоий тенгликни ҳам англатади. Бундай тенгликни таъминлаш учун Конституция ва қонунларга зарур қоидаларни киритишнинг ўзи кифоя эмас. Гендер тенглигини таъминлаш учун аёл ва эркакнинг ҳуқуқий ахборот ресурслардан фойдаланиш давлат ва жамият бошқарувида иштирок этиш имкониятлари тенг бўлиши шарт.

Тадбирда “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, тазйиқлар ва зўравонликдан жабрланганларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш ҳам қонуннинг муҳим мақсадларидан биридир, дейишди сўзга чиққанлар.

Тадбир сўнггида, йиғилганлар оиладаги зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга нисбатан эски ақидаларга асосланган муносабатларни бартараф этиш ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш кўникмаларини ҳосил қилиш бўйича профилактика инспектори ёрдамчиларини ўқитиш, йигитлар учун нигоҳ ёшини 23 ёш, қизлар учун 20 ёш этиб белгилаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида никоҳ шартномасини тузиш мажбурий эканлиги бўйича қўшимча банд кириш зарурлиги юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

 

Хуршида Нарзиева,

ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.

 

***

 

Ўрта Чирчиқ тумани Ким Пен Хва қишлоғида Ўзбекистон ХДП Тошкент вилояти Кенгаши ҳамда Ўрта Чирчиқ туман кенгаши томонидан “Аёллар ижтимоий ҳимояси, ижтимоий фаоллик пойдевори” форуми ўтказилди. Форумда ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли қатламлари, жумладан ногиронлиги бор, кам таъминланган оилалар, хотин-қизлар, болалар учун УЗИ, ЭКГ, лаборатория, терапевт, эндокринолог, педиатр, невропотолог, кардиолог, гинеколог ва шу каби мутахассислар томонидан тиббий кўрик ўтказилди. Унда 80 нафардан ортиқ хотин-қизлар, болалар иштирок этди.

Тадбир давомида ҳомийлар кўмагида кам таъминланган оила аъзоси Муниса Назаровага электр печи олиб берилди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган, ёлғиз оналар вилоят, туман кенгаши депутатлари томонидан совғалар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди.

Бундан ташқари, форум доирасида меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Мутасадди ташкилотлар форум иштирокчиларини ўзларининг бўш иш ўринлари ва заҳираланган иш ўринлари билан таништирди. Ишсиз ва вақтинча банд бўлмаган 4 нафар фуқароларга қайта тайёрлаш ва касбга ўқитиш масалаларида маслаҳатлар берилди. Кам таъминланган оиласи аъзоси Малика Калдибаевага ўз ишини бошлаши учун тикув машинаси совға қилинди.

 

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши

Ахборот хизмати

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси
← Рўйхатга қайтиш