Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” давлат дастури ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 2023 йилда бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи кўриб чиқилди.
Фракция аъзолари Давлат дастурининг ижтимоий йўналтирилганлиги, эҳтиёжманд қатлам вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича тизимли чоралар кўрилаётганини эътироф этишди.
Ҳисоботда келтирилишича, 2023 йилда Давлат бюджети жами харажатлари 281,1 трлн сўмни, шундан ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар 137,3 трлн сўмни ташкил қилган. “Аёллар дафтарлари” доирасида 30 ёшдан ошган 1 млн 779 нафар хотин-қиз рўйхатга киритилиб, 993 368 нафарига ёрдам кўрсатилган. Давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқиш имкониятлари яратилиб, кўлами 2 баравар оширилган. Республика бўйича оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 78 мингга яқин ишсиз хотин-қизнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, уларни ўқитиш ва бандлигини таъминлаш чоралари кўрилган.
Шунингдек, республика бўйича 2,9 млн 3-7 ёшли болаларнинг 2,1 млн нафари сифатли мактабгача таълимга, 711 768 нафар 6 ёшли болаларнинг 661 945 нафари мактабга тайёрлов ва бошқа гуруҳларга қамраб олинган. Янги мактабларни қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш мақсадида “Намунавий мактаб” лойиҳалари асосида 563 та мактабда қурилиш ишлари якунига етказилиб, умумий ҳисобда 118 600 та янги ўқувчи ўринлари яратилишига эришилган.
Халқ демократик партиясининг асосий ғоялари инсон ҳимояси, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги, ижтимоий ҳимоя масалалари билан боғлиқдир. 2023 йилда партия электорати бўлмиш алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида инклюзив таълим тизими босқичма-босқич умумий ўрта таълим муассасаларида жорий қилинган. Республика бўйича барча туман ва шаҳарлардаги 417 та мактабда инклюзив синфлар ташкил этилган.
Фракция аъзолари соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилганини эътироф этишди. Жумладан, 30 та оилавий поликлиника, 110 та оилавий шифокор пункти, 534 тага ихчам маҳалла тиббиёт пункти фаолияти йўлга қўйилган. 2,2 млн нафардан ортиқ аҳолига бирламчи тиббий хизматлари яқинлаштиришга эришилган. Ҳудудларда эшитиш заифлиги ва карлик мавжуд болаларни эрта аниқлаш тадбирлари орқали 274 нафар болага кохлеар имплантлардан фойдаланган ҳолда операциялар ўтказилгани, уларнинг 132 нафарида нутқ процессорлари алмаштирилгани тўла маъқулланди. Бу масалалар партиямиз Сайловолди дастуридаги муҳим ғоялар амалга ошаётганини англатиши алоҳида қайд этилди.
Фракция аъзолари ҳисоботини кўриб чиқиш жараёнида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, эҳтиёжманд аҳолини уй-жой билан таъминлаш, давлат дастурига киритилган, аммо айрим сабабларга кўра амалга ошмай қолган масалалар юзасидан саволлар билан мурожаат қилишди.
Қизилгул ҚОСИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:
— Йилдан-йилга туғилишлар сони ортиб бораётгани учун туғуруқхоналарда қўшимча ўринларга эҳтиёж катта. Буни инобатга олган ҳолда, босқичма-босқич ўринларни кўпайтириш белгиланган эди. 2023 йилда койкалар сонини 500 тага кўпайтириш масаласи қўйилганди. Дастурдаги бу борада белгиланган вазифалар бажарилмади, деб ўйлайман. Жорий йилдаги юклама билан зўриқиш янада кўпаяди. Мазкур масалага изоҳ беришингизни истардим.
Даврон Султанов,
Соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари в.б:
— Тўғри, 2023 йилда 960 мингта чақалоқ туғилди. Бунинг натижасида амалдаги туғуруқ койкалари етишмаяпти. Мазкур масаланинг ечими 2024-25 йилларда ҳам давом этади. Республика бўйича 11 та хусусий клиникада туғуруқ койкалари мавжуд. Яна бир ечим сифатида улардан тиббий хизматни давлат томонидан сотиб олиш амалиётини жорий этиш ўрганилмоқда. Шунингдек, контрацепция, репродуктив саломатлик масалалари ҳам кўриб чиқиляпти.
Атрофлича муҳокама ва савол-жавоблардан кейин Халқ демократик партияси фракцияси ҳисоботни қўллаб-қувватлаш ҳақида қарор қабул қилди.
Фракция йиғилишида, шунингдек, давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда давлат мулкини тадбиркорлик субъектлари ва бошқа шахсларга ижарага беришда қонунийликни таъминлаш юзасидан тизимли чоралар кўрилаётганига қарамай, амалда давлат мулкидан самарали фойдаланилмаслик, уни ижарага бериш тартиблари бузилиши билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатлари сони ҳам ортиб бормоқда. Бу эса давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчилик бузилишига олиб келмоқда.
Мазкур Қонун билан давлат мулкини ижарага бериш тартибига риоя қилмаганлик, бўш турган давлат мулкидан самарали фойдаланиш чораларини кўрмаганлик, давлат мулкини ижарага олган тадбиркорлик субъектлари ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Фракция аъзолари қонун давлат мулкидан самарали фойдаланилишни таъминлашга, ижарага олувчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимояланишига хизмат қилишини таъкидладилар.
Давлат мулкини ижарага бериш тартибига риоя қилмаслик билан боғлиқ юзага келаётган муаммолар бўйича қонунчиликни янада такомиллаштириш ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.