“1 та ишсиз 10 та муаммо”...

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” Маркази ҳамкорлигида “Хотин - қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш-тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш гаровидир” мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий Кенгаш маъсуллари, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маъсуллари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирок этди.

Семинарда таъкилданганидек, жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга оид тадбиркорлик ташаббусларини, айниқса, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият бериш зарур. Шу мақсадда аҳоли ва тадбиркорларга, микромолия хизматлари ва молиявий ресурсларга, давлат харидларига кенг йўл очиб берилади. Бундай чоралар орқали одамларимизда тадбиркор бўлишга иштиёқ ва ишонч ортади, улар кўпроқ даромад олишга интилади.

 

Мақсуда ВОРИСОВА, Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси:

— Ҳамма ҳам тадбиркор бўла олмайди. Шу сабабли бундай одамлар билан тизимли иш олиб бориб, уларни касбга қайта тайёрлаш орқали уларни муносиб иш жойи билан таъминлаш лозим. Ушбу мақсадлар учун 2020 йилда 700 миллион доллар жалб қилинади. Шунингдек, ҳукумат жорий йилда давлат дастурлари доирасида ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш орқали 500 мингта янги иш ўрни яратишни белгилаб олган.

Бунда, тўлиқ ва маҳсулдор бандликни таъминлаш, меҳнатга муносиб ҳақ тўланишига, ижтимоий ҳимоя ва мулоқотга эришиш, қашшоқликни йўқотиш, инсон ҳуқуқлари ва касаба уюшмалари эркинлигини кафолатлаш, меҳнат муносабатларидаги ҳар қандай камситишларни бартараф этиш, аёллар ва эркаклар тенглигини таъминлаш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга бутунлай чек қўйиш олдимизда турган энг муҳим вазифадир.

Тадбиркорликни кенг ривожлантириш ва бу соҳа учун янги шароитлар яратишга барча имкониятлар яратилиб “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ўз бизнесини бошлаётган оилаларга 5,9 триллион сўм кредитлар ажратилгани алоҳида қайд этилди. Янги солиқ сиёсати доирасида иш ҳақига солиқ юки 1,5 баробар камайтирилди. Натижада расмий секторда ишлаётганлар сони йил давомида 500 мингтага кўпайди. Хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришимиз лозим. Бунинг учун парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш лозим.

 

Боймурод ЮСУПОВ, Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи:

— “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланган ёшларнинг ижтимоий мослашуви, хусусан, уларни иш билан, келажакда уй-жой билан таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш зарур. Чунки бундай фарзандларимиз уларнинг ғамхўри, меҳрибони, ортидаги суянчи давлат ва жамият эканини доимо қалбдан ҳис қилиб туриши керак.

Кадрлар малакасини халқаро меҳнат бозори талабларига мослаштириш мақсадида миллий малака тизими ишлаб чиқилади. Ушбу тизим 9 мингга яқин касблар бўйича кадрлар тайёрлаш имконини беради. Юқоридаги амалий ишлар билан бирга, ҳали бу борада ўзини ижобий ечимини кутиб турган бир талай муаммолар бор.

Ҳеч кимга сир эмаски, юртимиз бўйлаб ҳар бир туман, шаҳарлар марказларида норасмий мардикор бозорлари ташкил этилган. Минтақаларда ҳар бир туманда биттадан бўлса, пойтахтимизда ҳам ҳалқа йўллар атрофида норасмий бозорлар вужудга келган. Ҳар куни шу бозорларга бир неча юз минг юртдошларимиз яхши ният билан иш излаб чиқишади. Булар асосан касб ҳунарсиз, Россиядан депорт бўлиб қайтган ёки боришга имкони йўқ эркаклар ва аёллардир. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, вақтинчалик бир марталик ишларни бажарувчи кўпчилик шахслар, энг аввало ёшлар, ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётганлигини, зарур меҳнат кўникмалари, касблар ва малакага эга эмаслигини кўрсатмоқда.

Бу ерда бир марталик (бирровга), кунлик, қисман қурилиш ва ойлик ишлар ўз эгаларини топади. Аммо кўпинча иш берувчилар томонидан арзимас сабаблар топиб, хизмат ҳақини қисман ёки умуман бермаслик ҳолатлари ҳам учрамоқда. Шунинг учун хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, йиллар давомида уларни қийнаб келган ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, аёллар бандлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Чунки ишсизлик оқибатида аёллар ўзга юртларга иш излаб кетиб, фарзандлари қаровсиз қолаётган, ўзлари чет элларда оғир қийинчиликларга дучор бўлмоқда.

 

Гулшан АСАТОВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

— Албатта, юқорида тўғри айтилди. Ҳар қандай қонун, қарор, фармон ижроси назорат қилинсагина, у ишлайди, ҳалққа фойдаси тегади. Демак, қонунлар ижроси устидан парламент ва жамоатчилик назоратини учайтириш лозим.

2019 йил 7 март куни “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан жойларда Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилди ва улар томонидан бажариладиган бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди. Яъни мушкул иқтисодий аҳволга тушган аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича қайта тайёрлашдан бошлаб, уларнинг ишга жойлашишига, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган аёлларга бизнес режалар тузишда, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга, маҳаллалардаги бўш турган бинолардан жой ажратилишига кўмаклашиш ва ҳаттоки, ишончли ҳамкорларни топиб, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг реализация қилинишигача ёрдам бериш вазифалари юклатилган.

 

Хўш, бугунги кунда ушбу марказлар фаолияти қай аҳволда ва улар натижа бераяпти? Қайси депутат ушбу марказ фаолияти билан қизиқди ва Президент Қарори ижроси устидан депутатлик назорати ўрнатилди? Ҳар бир депутат эртадан бошлаб “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилса, унинг самарали фаолият юритишига кўмак берса биз юзлаб хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга эришамиз.

Яна бир муҳим масала. Ишлайдиган, ҳозирда бола боқиш таътилида бўлган аёллар ёш оилалардан ҳисобланади, ёш оилалар иқтисодий таъминотга муҳтож. Аёл боласи 2 ёшга тўлгач ишлашни хоҳлайди, лекин боласини давлат мактабгача таълим муассасасига жойлаштира олмайди. Чунки республикамизда давлат МТМларига болаларни 3 ёшдан қабул қилиш тизими жорий этилган. Сайловолди дастуримиздан ўрин олган, боларани 2 ёшдан бошлаб давлат МТМларга қабул қилишни жорий этиш бўйича Олий Мажлисдаги партиямиз фракцияси кўпчилик оналар муаммоси бўлган ушбу масала ечимини топишга киришишларини таклиф қиламан.

Семинарда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакиллари ҳам сўзга чиқишди. Партия фаоллари билан бандлик масаласида учраётган муаммоларни таҳлил қилишди. Таклифлар ўртага ташланди. Тизимда учраётган хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳамкорликдаги режалар белгилаб олинди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

Теглар

Лойиҳаларимиз Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш