ХДП илгари сурган таклиф амалга ошяпти

 

“Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, келгуси ўқув йилидан бошлаб тегишли ҳудудда 5 йил ишлаб бериш мажбурияти билан халқ таълими ва мактабгача таълим соҳаларида олий маълумотли педагог кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар бўйича давлат буюртмаси параметрларининг давлат гранти асосида ўқишга қабул кўрсаткичлари доирасида мақсадли қабул параметрларини шакллантириш белгиланди.

Тўғрисини айтиш керак, чекка қишлоқ мактабларида ўқув-тарбия сифати тушиб кетгани туфайли қишлоқ ёшлари ОТМларга кириш имтиҳонларидаги кучли рақобатга дош бера олмаяпти. ОТМга кирганлари ҳам ўқишни тугатиб, қишлоғига қайтмаяпти. Балки яшаш учун, ишлаш учун шароитлар нисбатан яхши бўлган шаҳарларда қолиб кетмоқда. Бунинг натижасида эса чекка ҳудудлардаги мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда бошқа ижтимоий соҳа объектларида малакали ва тажрибали мутахассислар етишмовчилиги масаласи бугунга келиб ўткир муаммога айланди.

Халқ демократик партияси қишлоқ жойларда ижтимоий соҳа объектларининг бугунги фаолияти талаб даражасида эмаслиги, аҳолига таълим ва тиббий хизмат кўрсатиш сифати пастлиги, қишлоқ хўжалиги соҳасида асосан олий маълумотга эга бўлмаган — қишлоқ хўжалиги илмидан бехабар фуқаролар меҳнат қилаётганини малакали кадрлар етишмовчилигидан, деб ҳисоблайди. Бу муаммони бартараф этиш учун тизимли ислоҳотларни амалга ошириш зарур, деган ташаббусни илгари сурди.

Хусусан, қишлоқ ёшларини кейинчалик ўз қишлоғида ишлаш шарти билан давлат грантлари асосида олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилиш тизимини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш таклифи билан чиққан эди. Яқинда эълон қилинган Президент қарорида ушбу йўналишда муҳим вазифалар белгиланди.

2019—2020-ўқув йилида 1 миллион 66 мингдан зиёд абитуриент олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган бўлса, улардан 130 минг нафарга яқини талабаликка қабул қилинди, холос. Ўқишга кира олмаган 1 миллион нафарга яқин ёшлар сафига кейинги йили яна 500 минг атрофидаги битирувчи ўқувчилар келиб қўшилади.

Бу рақамлар Ўзбекистонда деярли барча соҳаларда олий маълумотли кадрларга эҳтиёж йилдан йилга ортиб бораётганининг асл сабабини кўрсатиб турибди.

Ҳаммамизга яхши маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг катта қисми қишлоқларда яшайди. Демак, қишлоқ ёшларининг маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, соҳаларни ривожлантиришга қодир бўлган малакали кадрларни тайёрлаш, уларни қўллаб-қувватлаш мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. Жойларда эҳтиёж юқори бўлган педагог кадрларни тайёрлашда ўз ҳудудида 5 йил ишлаб бериш мажбурияти билан давлат грантлари асосий ўқишга қабул қилиш юзлаб, минглаб ёшларимиз учун катта имконият бўлади.

Юртдошларимизда олий таълим олиш истаги жуда юқори бўлишига қарамай, олий ўқув юртлари сони ва ажратиладиган квоталарнинг камлиги туфайли юз минглаб ёшлар ҳеч қандай мутахассисликка эга бўлмай, ишсиз қолмоқда. Демак, ушбу қарор билан ўқишга кириш истагидан юрган кўплаб йигит-қизларнинг орзуси амалга ошади. Шу билан бирга, ҳудудларда мутахассис етишмовчилиги муаммоси камаяди. Натижада таълим-тарбия сифати ошади, қишлоқларда илм олиш муҳити ва одамларда бунга нисбатан кайфият яхшиланади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши сектор мудири.

← Рўйхатга қайтиш